Мақолалар

Эмланиш касалликдан сақланишнинг муҳим чораси

Огоҳлик қўнғироғи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Аллоҳ таолонинг бандаларига берган беҳисоб неъматлари ичида энг улуғи, бу — сиҳат-саломатлик. Шу боис, бу бебаҳо неъматнинг қадри нечоғлиқ улуғ экани ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам биз, умматларини огоҳлантириб шундай марҳамат қилганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмай алданиб қолганлар. У иккиси — сиҳат-саломатлик ва осудалик” (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, инсоният гоҳида ўзида бор неъматнинг қадрига етмайди. Саломат ва хотиржам бўлган киши турмуш ташвишлари, чеки-чегараси йўқ орзу-ҳаваслар кетидан қувиб юраверади ва ўшаларга алданиб саломатлиги, тинчлигини қўлдан бериб қўяди. Охир-оқибат аттанг қилади ва саломатлигини йўқотиш эвазига топган нарсаси орзу-ҳавас олдида ҳеч нарса эмаслигини англаб етади. Лекин кейинги афсус-надоматнинг фойдаси йўқ. Шунинг учун неъматларнинг вақтида қадрига етиб, шукронасини адо этиб бормоқлик лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилдилар: “...саломатлик вақтингизни беморлик келишидан олдин ғанимат билинг...” (Имом Термизий ривояти).

Сиҳат-саломатликдан баҳраманд кишигина бошқа неъматлардан ҳам баҳра олиб яшайди. Саломатлик бўлмаса, бошқалари инсонга татимайди. Шунинг учун, инсон бу неъматни қўлдан бермаслик, унга футур етказадиган ҳар қандай иллатлардан ўзини сақламоғлиги лозим бўлади.

Шу кунларда мамлакатимизда эпидемиологик вазият хавотирли тус олаётир, энг ачинарлиси, касалликдан вафот этганлар бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги юртимизда коронавируснинг “оmicron” штамми аниқлангани, эҳтиёт чоралари кучайтирилиши ҳақида хабар қилиб, Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани, ушбу касалликка қарши зарур чоралар кўришни давом эттириш лозимлиги қайд этилган эди.

Хусусан, Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилмоқда. Бунда барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофани сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади.

Шундан келиб чиқиб, мўмин-мусулмонлар коронавирус тарқалиши ёки юқишидан эҳтиёт бўлиш мақсадида мутахассислар кўрсатмаларига қатъий амал қилиши лозим. Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим асослардан бири саналади. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз кўрсатмаларини инсониятга енгиллатади.

Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусни пандемия, деб эълон қилди. Ушбу касаллик асосан, ҳаво-томчи, қўл бериб сўрашиш каби ҳолатларда юқади. Шундай экан, жамоа бўлиб тўпланиш ҳолатлари ушбу хатарли вирус тарқалишига сабаб бўлади. Бундай вазиятда қуйидаги оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилиш буюрилади: Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай баён қилади: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир” (Бақара сураси, 195-оят).

Бу оятда ҳалокатга сабаб бўладиган ишлардан тўхташга буюрилган. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар (Имом Можа, Имом Дорақутний ривоятлари). Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган. Мўътабар фиқҳий китобларимизда: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, дейилгани ҳам айни ҳақиқат.

Коронавирус юқумли касаллиги тарқалаётган пайтда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора-тадбирларини кўриши лозим. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом касаллик тарқаган вазиятда сабабларни ушлаш, киши саломатлиги учун зарур чораларни кўриш лозимлигини таъкидлаб, шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, бу вабо — Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманг лар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Касаллик, бу — синов. У шундай синовки, нафақат кишиларни, балки бутун халқни синайди. Мана шундай кунларда ҳар биримиз сабр-матонатли бўлмоғимиз, бўш вақтимизни иложи борича фойдали ишларга сарфлашимиз даркор. Бу синовли кунларда барчамиз сабр қилиб, бирдам бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, иншааллоҳ тез кунларда қийинчилик ортидан енгиллик ва фаровонлик келади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига бир қийинчилик ортидан албатта, енгиллик келишини баён қилиб, шундай деган: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).

Бу оятни тафсир қилган уламоларимиз бир қийинчиликдан кейин икки енгиллик бор, дейди.

Дунёда хурсандчилик билан хафачилик доим ёнма-ён юради, лекин Аллоҳ таоло бандаларига етган азиятлар сабабли уларнинг даражалари кўтарилиши, қалблари покланиши ва гуноҳлари ювилиб кетишини хоҳлайди.

Яна бир ҳадисда шундай дейилади: “Савобнинг улуғлиги бало-мусибатнинг катталигига қарабдир. Агар Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларга синов юборади. Ким бунга рози бўлса, Аллоҳ ҳам ундан рози бўлади. Ким синов-мусибатдан ғазабланса, унга ҳам ғазаб бўлади” (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, инсон мусибатларни Аллоҳ таолодан билиб, сабр-тоқатли ва шукрли бўлса, жазавага тушмаса, ўз ҳолатидан ғазабланмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилиги, ёрдами ва фазли бўлади.

Гоҳида инсонга беморлик етиши табиий ҳолат. Инсоннинг ожизлиги ҳам шунда. Бу дунёда Аллоҳ таоло бандаларини турли йўллар билан синаб, имтиҳон қилар экан, беморлик ҳам ўша синовлардан биридир. Бунинг учун банда ғамга ботмаслиги керак, аксинча, бу имтиҳондан муваффақиятли ўтишга ўзида куч топа олиши лозим. У ҳам бўлса, сабрдир. Хасталикка сабр қилган кишига савоб ёзилиши, гуноҳларига каффорат бўлиши ҳақида Набий алайҳиссаломдан қатор ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон кишига етадиган чарчоқ, хафалик, озор, ғам-ташвиш ва ҳатто битта тикан кириши сабабли Аллоҳ таоло унинг хатоларини ўчиради” (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда даволанишга ижозат берилган. Ҳадисларда баён этилишича, Аллоҳ таоло қандай дард нозил қилган бўлса, албатта, унинг давосини ҳам нозил қилган. Шундай экан, инсоният доимо изланишда бўлиб, ўзининг ҳаётини сақловчи, соғлиғини асровчи воситаларни кашф қилишда бардавом бўлиши лозим.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳукуматимиз миқёсида коронавирусга қарши курашиш бўйича катта эътибор қаратилмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан бугунги кунда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш мақсадида, Ўзбекистонга вакцина етказиш ишлари жадал амалга оширилмоқда.

Маълумки, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари қарийб икки йиллик кузатишлар ва изланишлардан кейин коронавирус — COVID-19 касаллигидан сақланишнинг энг самарали воситаси вакцина олиш экани тўғрисида хулосага келди.

Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим кўрсатмалардир. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариатимиз уни даф қилиш сабабларини қўллашга буюради. Шундай экан, вакцина олиш зарурати бир неча жиҳатлар билан таъкидланади. Оқил инсон соғлиғининг кетишига ўзи била туриб сабабчи бўлмаслиги лозим. Чунки биз учун ҳаётимиз қанчалик омонат бўлса, соғлиғимиз ҳам омонатдир. Ўз жонига қасд қилиш қанчалик оғир гуноҳ бўлса,қасддан соғлиғига путур етказиш ҳам шунчалик гуноҳ.

Биринчидан, динимиз кўрсатмаларига кўра, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Аллоҳ таоло ҳар бир касалликка шифосини туширгандир” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда шундай баён қилинади: “Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан аъробийлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули, даволанайликми?”, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: “Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки Аллоҳ ҳар бир касалликка даво яратгандир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Иккинчидан, баъзи кишилар касал эмаслигини рўкач қилиб, вакцина олишга бепарво бўлади, ваҳоланки шариатимизда беморликдан аввал ундан сақланишга буюрилган. Бу ҳақда уламоларимиз шундай деганлар: “Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир” (“Ал-Фиқҳул исломий ва адиллатуҳу” китоби). Демак, бемор бўлмаган кимсалар ҳам касаллик тегишининг олдини олиши ва шунга сабаб бўладиган муолажаларни қилиши динимиз талабидир.

Учинчидан, динимиздаги асосий қоидалардан бири ўзига ҳам ўзгага ҳам зарар бермасликдир. Бу ҳақда Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, вакцинани олишимиз, биринчи навбатда, ўзимиз, қолаверса, яқинларимиз соғлиғини сақлашга сабаб бўлади.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда Умра зиёрати сафарини режалаштираётган кишилардан ҳам биринчи навбатда, вакцина билан эмланган бўлиши талаб қилинмоқда. Қолаверса, дунёнинг ҳар қандай давлатига бормоқчи бўлган кишидан вакцина билан эмланганлик сўралмоқда.

Хулоса шуки, ҳозирда давлатимиз томонидан фуқароларимизга етказиб берилаётган вакциналарни олишимизга динимиз рухсат беради. Эмланиш шаръан жоиз, чунки бу даволанишнинг бир кўринишидир.

Юқумли касаллик билан хасталаниш ҳолатлари ортиб бораётган, унга қарши эҳтиёт чоралари кучайтирилаётган вақтда ҳар бир мўмин-мусулмон Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиб, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, касалликнинг олдини олиш мақсадида соҳа мутахассислари томонидан тавсия этилган вакциналар билан тўлиқ эмланиш каби Республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган янги тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз, қолаверса, юртдош ларимизнинг соғлиғини сақлайлик.

Зеро, уламоларимиз айтганларидек: “Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир”.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси раисининг

биринчи ўринбосари

Read 2358 times

Мақолалар

Top