Мақолалар

Аллоҳ Ўз неъматининг асарини бандасида кўришни севади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

611. Молик ибн Назла Жашмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хароб кийимда келдим. У зот: «Молу мулкинг борми?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Қайси молу мулкдан бор?» дедилар. «Туядан, қўйдан, отдан ва қулдан», дедим. «Агар Аллоҳ сенга молу дунё берар экан, Аллоҳнинг сенга берган неъматининг ва икромининг асари кўринсин!» дедилар».

Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

612. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Ўз неъматининг асарини бандасида кўришни севади»дедилар».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

613. Мисвар ибн Махрама розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яктак чопонлар тақсимладилар. Махрамага улардан ҳеч нарса бермадилар. Махрама (менга): «Эй ўғлим, мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юр», деди. У билан бордим. «Кириб, уни менга чақир», деди. Мен у зотни унга чақирдим. У зот устларида яктак чопон билан чиқдилар ва: «Мана буни сен учун олиб қўйган эдик»дедилар». Унга қараб, Махрама рози бўлди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Read 2267 times

Мақолалар

Top