Мақолалар

Мунозарали диний масалаларга муккангдан кетма!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Менинг муборак қизим, бутун оламни қамраган ва таъминлаган Аллоҳнинг раҳматига мазҳар бўлишингни тилаган ҳолда саломларимни йўллаб қоламан. Қайта-қайта саломларимни йўллайман. Ана шу саломларнинг барокотидан мени ҳам мағфиратига нозил қилар.

Муборак қизим, Аллоҳнинг изни ила кечаги кун ўтиб кетди. Абадий тугади. Ҳеч қўрқма. Аллоҳга нисбатан ишончинг чексиз бўлсин. Агар номақбул ишлардан қайтиб, самимий тавба қилган бўлсанг, У сени аллақачон кечириб юборган ҳам. Раббимиз не-не кишиларни кечириб юборганини биласанми? Аллоҳ азза ва жалла қанчалар карамли ва раҳмли эканидан хабаринг йўқми? Нафақат сенга ўхшаб оқ-қоранинг фарқига бориб тавба қилганларни, ҳатто бундан баттарларини ҳам кечириб юборган ва бундан кейин ҳам кечиради. Унинг мана шундай ваъдаси бор. У шундай марҳамати чексиз Аллоҳдир. Кошки бутун инсоният Аллоҳни шу ҳолида билса-ю, дунё жаннатга элтувчи энг яқин воситага айланса. Агар фикрларингни шу ўлчовда солмасанг, шайтон сени эски кунларига қайтариши мумкин. Жуда эҳтиёт бўл.

Менинг муборак қизим, сенга ёзиб олишинг ва амалиётда қўллашинг учун кичкина тавсияларни бериб ўтсам. Менинг ҳаққимга ҳам дуо қилиб қўй:

а) Ота-онанг билан ҳеч қачон тортишма. Уларни дин ва сендаги ўзгаришлар хусусида мухолиф деб ўйлама. Сизга раҳмат назари билан қараган Парвардигор бир куни уларни ҳам раҳматига сазовор қилиши мумкинлигини асло ёдингдан чиқарма! Ўша кун келгунча зарур бўлса, қирқ йил кут, қирқ бор ўзингни чоҳ тубига от, лекин уларни кут! Сабр мана шудир. Мусулмонлик ҳам шудир.

б) Иккинчи ишинг, шайтоннинг сени тавба қилганинг учун афсус-надомат чекишига ундайдиган ҳужумларига қарши тайёр тур. Хаёлий сармояларни кутма. Одамлар доим сен билан машғул бўлишади деб ўйлама. Энг муҳими, ҳамма нарса доим яхши кетади деб умид қилиб қолма. Аксинча, катта бурилиш қилганинг учун имтиҳонинг ҳам шунга яраша оғир бўлиши мумкинлигини ўйлагин. Ва бу синовларни жаннатга етишишдан олдин роҳат-фароғат бўлмаслигини идрок қилган ҳолда, сабр ва чидам билан ўз фойданга фойдалан.

в) Исломга ва мусулмонликка юзланганингни ҳеч қачон унутма; мусулмонлик билан мусулмонлар ичидаги Исломга хизмат қилиш воситаси бўлган турли гуруҳ ва фондлар бир-биридан бошқа нарсалар. Сен уларни эмас, Исломни маҳкам ушла! Хайрли ишларда улар билан бирга бўл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сенинг жону жаҳонингдир, қолганлар эса у зотнинг орқаларидан эргашувчилар сифатида қабул қил.

г) Мунозарали диний масалаларга муккангдан кетма. Баҳсталаб бўлмаган асл мавзулар ҳаётингни охиригача сенга етади.

д) Биринчи галдаги мақсадинг ҳар қандай ҳолатда ҳам имонингни асраб қилиш бўлмоғи керак. Имонингга зарар етказиши мумкин бўлган фалсафалардан ўзингни сақла. Фалсафа илоннинг заҳарига ўхшайди; ундан дори ҳам тайёрланиши мумкин бўлса-да, асли заҳардир.

Иккинчи мақсадинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан сақланишдир. Ҳаром билан ҳеч қачон бирга бўлмагин.

Учинчи мақсадинг Аллоҳ сенга фарз қилган нарсаларни бажариш. Уларнинг тўлиқ адо эт. Агар иложи бўлмай қолса, қазо қил.

Тўртинчи мақсадинг иложи борича нафил ибодатларни қилиш бўлсин.

е) Энг биринчи ҳижобдан бошлаб буйруқ ва тақиқларда ҳаддан ошмасликка ҳаракат қил. Ҳаддан ошиш бир кун келиб сени бир-бирига зид кўчага киритиб қўяди. Нимани ғулув кетиш ва нимани ўрта йўл эканини сўраб туришинг учун доим бир маслаҳатгўйинг бўлсин.

ё) Аввалги қазо намоз ва рўзаларинг учун тақвим туз. Узрли кунларингдан ташқари қолган ҳамма кундаги намозларингни адо этишинг керак. Қолдирган кунларингни ҳисоблаб чиқ. Ўша кунларнинг йиғиндисидан қазо намоз ўқиш ва қазо рўзани учун тақвим ишлаб чиқ. Маълум бир режа асосида, шошилмай уларни биттама-битта битиргин. Агар бу ишга жиддий киришсанг, Аллоҳ сенга жуда кўплаб қулайликлар эшигини очиб қўйганини кўрасан. Режангни туз ва қолгани билан ишинг бўлмасин.

ж) Атрофингда фақат мўмин дўстлар бўлиши керак. Ўзинг учун танлаб, дўстона муҳит ярат.

з) Ўз устингда ишлашинг учун ўқишинг керак. Қанча ўқиётганинг ва қандай китобларинг борлиги ҳақида бир рўйхат ёзиб юборсанг, мен ҳам бу борада сенга ёрдам бераман.

Муборак қизим, сенинг ҳаққингга дуо қиляпман. Сендан дуо қилишингни сўрайман.

Сендан хушхабарлар кутиб қоламан.

Аллоҳга омонат бўл.

Нуриддин Йилдиз

Маҳмуд Маҳкам

Read 2018 times

Мақолалар

Top