Мақолалар

Қандай қилсак, амаллар дуруст ва гўзал бўлади?

Яратганга беҳисоб шукр, ибодатларга қодир қилиб қўйди. Аммо Рамазонда гавжум бўлган масжидларимиз бугун нега фарз намозларда ўша файзни, одамларимиз ўша иштиёқни сақлаб қола олмаслиги ҳақида ўйлаб, бир нимасини йўқотгандай бўлади киши...

Улуғ зоҳид Шақиқ ибн Ибро ҳим бундай деганлари ривоят қилинади: “Амалнинг гўзаллиги уч нарса билан. Биринчиси, амални Аллоҳ таолодан деб билиш, бу худбинликни йўқотади.

Иккинчиси, амалда Аллоҳ розилигини исташ, бу билан ҳою ҳавас сўндири лади. Учинчиси, савобни Аллоҳ таолодан кутиш, бу эса тама ва риёни йўқотади”. “Амалини Аллоҳдан деб билиш”нинг маъноси шуки, киши бир амални бажаришга муваффақ қилинса, бу Аллоҳнинг иноятидир. Буни билган одам шукр билан машғул бўлиб, амалига мағрурланмайди.

“Амалида Аллоҳнинг розилигини исташ” дегани шу: амалига қарайди, агар у Аллоҳ ризоси учун қилинган бўлса, у амалга ошади, иншоаллоҳ. Агар унда Аллоҳ ризоси бўлмаса, беҳудадир. Чунки Аллоҳ таоло:

“...Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир” (Юсуф сураси, 53-оят) деб марҳамат қилган.

Яъни, нафс ёмонликка, ҳою ҳавасга ундаб туради.

“Савобни Аллоҳдан кутиш”нинг маъносиэса ҳар бир амални холис Аллоҳ учун бажариб, одамларнинг сўзларига қулоқ солмаслик, мақтов эшитса, хурсанд бўлмасликдир.

Бир ҳаким зот айтади:

– Амални қай йўсинда бажаришни чўпондан ўрганиш керак.

– Қандай қилиб?

– Чўпон қўйлари ёнида намоз ўқиркан, қўйлардан мақтов кутмайди...

Ҳар бир амал қилувчи шундай йўл тутмоғи лозимки, унга кимдир назарлаб турсада, халқнинг олдида ёки ёлғиз ҳолда бўлсин, одамлардан олқиш кутмаслиги керак.

Ҳакимлардан яна бири айтади: “Амал дуруст бўлиши учун тўрт нарсага муҳтождир.

Биринчиси, амалдан олдин илм ўрганиш. Чунки амал илм билан дуруст бўлади. Агар амал илмсиз бўлса, уни бузувчи нарсалар тузувчи нарсалардан кўп бўлади.

Иккинчиси, амални ният билан бошлаш.

Зеро, амал ният билан пайдо бўлади. Шунга биноан, рўза, намоз, ҳаж, закот ва ибодатлар ният билан саҳиҳ бўлади. Шунинг учун амалнинг боши ният бўлиши керак.

Учинчиси, амал қилаётганда сабрли бўлиш. Зеро, амал ҳузур ва сакинат билан

адо қилинсин. Тўртинчиси, ихлосли бўлиш. Чунки ихлоссиз амал қабул бўлмайди. Амал ихлос билан қилинган тақдирдагина Аллоҳ қабул этиб, бошқа қулларининг қалбларини сенга мойил қилиб қўяди”.

Хулоса шу – ибодатга, ҳар қандай яхши амалга чоғланганимизда “холис Аллоҳ учун” деймиз. Шуни тўла идрок қилиб, борлиғимиз билан айтишни одат қилайлик. Шунда амалларимиз икки дунёмиз учун манфаатли бўлади, иншоаллоҳ.

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,

Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби

Ҳидоят журналининг 5 сони (2021)

Read 1733 times

Мақолалар

Top