Мақолалар

Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Қиз бола – оила, миллатнинг юзи!
Дарс бўлсин отанинг биргина сўзи,
Ғафлатда қолмасин онанинг кўзи,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Ножўя бўлмасин босган қадами,
Беҳуда ўтмасин ҳеч бирор дами.
Онадир қизининг яқин одами,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Майли, танимасин етти маҳалла,
Юмуш-ла овунсин зериккан палла.
Овози чиқмасин зинҳор баралла.
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Катта олдида ўзини тутиб,
Нокерак сўзларни ичига ютиб.
Асло гап "сотмасин" отадан ўтиб,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Ака-ю укасин ори бўлур – Қиз,
Ёҳуд бўйнидаги дори бўлур – Қиз.
Кун келиб кимнингдир ёри бўлур – Қиз,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Олифта кийиниб, тўйма-тўй юриб,
Баъзида келмаса уйига қайтиб.
Тилимни тирнамай барисин айтиб,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Беҳаё юз турфа рангга бўялиб,
Рақс этар, кимгадир ногоҳ суялиб.
Лаънатлагинг келар кўрсанг уялиб,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Келин бўлиб боргач бегона уйга,
Ўзини солганча минг битта куйга.
Борсам дер безаниб, байрам ё тўйга,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Ахир тарки одат – амримаҳолдир,
Яна ўша шўхлик, яна шу ҳолдир.
Бундан қайнота-ю қайнона лолдир,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Хаттоки ёрини писанда қилмай,
Муросага кўнмай, ҳурматин қилмай.
Хатога йўл қўяр иззатин билмай,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Ҳар бир қадамида еявериб панд,
Тарбия тополмас, қийналиб ҳаргиз.
Кўзлари очилмас, кўрса-да фарзанд,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Сўзларим беғараз, ғийбатдан холи,
Дейман: Қизларимиз бўлсин ҳаёли!
Уйим-жойим дегай ўзбек аёли,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

@INSONIYLIKUZ_IIR

Read 2692 times
Tagged under

Мақолалар

Top