Мақолалар

Тақво нима?

Имом ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди:

“Шундай бўлдики, мен қийин вазиятга тушиб қолдим ва бу мени қайғуга солди. Мен бундан қандай қутулиш кераклиги ҳақида ўйлай бошладим, аммо чиқиш йўли ҳеч ҳам кўринмас эди. Шунда бирдан бу оятни эшитиб қолдим: «Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўйламаган томонидан ризқлантирур» ("Талоқ" сураси, 2-3 оятлар).

Ўшанда мен Аллоҳдан қўрқиш, тақво ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш, ҳар қандай қайғуга ёрдам беришини англадим. Мен унга амал қила бошлашим биланоқ, нажот йўлини топдим».

Яъни, қайси бир банда Аллоҳ таолога тақво қилса, У зот буюрган амалларни ихлос билан бажариб, қайтарган нарсалардан сақланса, Аллоҳ бундай бандани ҳар қандай кулфат ва мусибатлардан, ғам-андуҳлардан фориғ этиб, уни ўзи ўйламаган, хаёлига келтирмаган томондан ризқлантириб қўяди.

Баъзи тафсир китобларида ушбу оят “Кимки ҳаромдан тақво қилса, Аллоҳ у банда учун ҳалолга, қийинчиликлардан фаровонликка ва дўзахдан жаннатга чиқар йўл пайдо қилади” деб тафсир қилинган (“Тафсирул алусий”).

Ислом динини бир томонлама талқин қилувчиларда тақводорлик тўғрисида нотўғри тушунча шаклланган. Баъзилар тақвони тарки дунё қилиш, қоронғи хонага кириб зикру ибодат билан машғул бўлиш, деб тушунадилар.

Аслида, «тақво» сўзи «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» маъноларини англатади. У «виқоя» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани унга озор ва зарар берадиган нарсадан сақлашни англатади. Бинобарин, тақво ўзини қўрқинчли нарсадан сақлашдан иборат. Гоҳида «тақво» хавф маъносида ёки аксинча ҳам ишлатилади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан: «Тақво нима?» деб сўралганда, «Араблар сертикан майдондан ялангоёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтиб кетишни тақво деб атайдилар», деганлар.

Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиконларга ўхшайди. Ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳ таолонинг сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.

Ёқуб Умар тайёрлади

Read 4717 times

Мақолалар

Top