Мақолалар

Динда саволим бор: Беморлик ҳолатида стул қўйиб, сажда қилиш жоизми?

— Менинг аёлим инсультни бошидан ўтказди. Шу сабабли ўтириб-туриши жуда қийин. Намозни стулда ўтириб ўқийди, олдига жойнамозни солиб, сажда қилганда ҳам эгилолмагани учун бир стулни қўйиб, сажда қилади. Шундай тарзда намоз ўқиши жоиз-ми?

— Аллоҳ шифо берсин. Ким бирор узрли ёки беморлиги сабабли тик туришга қодир бўлмаса, ёки тик тура олса ҳам, йиқилиб тушиши хавфи бўлса ёки ҳолати шаръан узрли деб баҳоланадиган даражада ночор бўлса (ҳозиқ, моҳир, тажрибали мусулмон шифокор “Тик турсангиз, дардингиз зиёда бўлади ‎ёки соғайишингиз кечикади”, десагина ҳолатни шаръан узрли, дейиш мумкин‎), ёки тик турганда чидаб бўлмайдиган оғриқ турса ёки боши айланса, бу ҳолатларнинг барчасида ўтириб намоз ўқиш жоиз.

Тик тургани сабабли пайдо бўладиган оғриқ енгил бўлса, чидаса бўладиган даражада бўлса, шаръан ўтириб ўқишга узр бўла олмайди. Бу ҳолатда ўтириб ўқиган намоз дуруст бўлмайди.

Ким юқоридаги сабаблар билан тик туришга қодир бўлмаса, лекин ўтирган ҳолда руку, сажда қилиб намоз ўқишга қодир бўлса, ерга ўтирган ҳолда руку ва сажда билан намоз ўқийди. Бундан бошқа суратда ўқиши жоиз эмас.

Бир одам ўтирган ҳолда руку ва сажда қилиб намоз ўқишга ҳам қодир бўлмаса, ўтирган ҳолда ишора билан ўқиши фарз бўлади, бундай одам сажда ишорасини руку ишорасидан пастроқ қилади. Қандай ўтириш ўзига қулай бўлса, шундай ўтираверади.

Бир киши ўзи ўтира олмаса, лекин девор, одам ёки бошқа бирор нарсага суяниб ўтиришга қодир бўлса, суянган ҳолда намоз ўқиши шарт, ётиб олиб ўқиши мумкин эмас.

Агар одам ҳар қандай ҳолатда ҳам ўтиришга қодир бўлмаса, ётган ҳолида, ишора билан намоз ўқиши фарздир. Бунда бемор икки оёғини қибла томонга узатиб, қодир бўлса икки тиззасини бироз буккан ҳолда, руку ва саждани боши билан ишора қилиб ўқийди. Бош томони бироз кўтариб қўйилса, юзи осмонга қараган бўлмайди. Шунингдек, юзини қиблага қаратган ҳолда ўнг ёки чап ёнбоши билан ётиб ишора билан намоз ўқиса ҳам бўлади.

Баъзи одамлар тик туришга қодир бўлмаса ҳам, ўтириб сажда қилишга қодир бўлса, курсида ўтирган ҳолларида ишора билан сажда қилишлари жоиз эмас, чунки пешонасини ерга теккиза оладиган кишига ишора билан сажда қилиш кифоя қилмайди.

Энгашса қон босими ошиб кетадиган кишилар бошларини ерга қўйиб сажда қила олмаганлари учун курсига ўтириб, ишора билан сажда қилишлари жоиз.

Read 2223 times

Мақолалар

Top