Мақолалар

Митти меҳнаткаш: асалари мўъжизалари

Асаларилар ҳаёти жуда ибратлидир. Улар неча минг йиллар олдин нектарни қандай йиққан бўлса, ҳозир ҳам худди шундай тўплашади. Асални Аллоҳ таоло бандаларига шифо, асалариларнинг яшаш, ишлаш тарзини эса инсонларга ўрнак-қилди.  Қуръони каримда: (Эй, Муҳаммад!) Роббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар)барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!”. Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бор” (Наҳл сураси 68-69 оятлар), дейилган.

Абу Али ибн Сино асалга юқори баҳо бериб, одамларга соғлом бўлиш ва узоқ умр кўриш учун асал еб туришни тавсия қилган. Қуйида сизларга асалариларнинг ҳаёт тарзи ва Яратган парвардигорнинг меҳнаткаш митти мўъжиза махлуқи ҳақида маълумот берамиз:

  Асаларилар ажойиб математиклардир. Улар қурган уяларининг катакчалари энг мукаммал ва мустаҳкам тузилишга эга. Катакчаларнинг ҳар бир бурчаги роппа-роса 109*28′ градусга тенг бўлади. Бу митти ҳашаротлар ўта кучли ҳид билиш қобилиятига эгадирлар: улар ҳидларни одамга нисбатан 1000 марта кучлироқ сезишади ва ажрата олишади, гуллар ифорини эса бир километрдан ортиқ масофадан пайқашади. Она асалари личинкаси ўсиш жараёнида унинг ҳажми беш кун давомида 3000 мартага, бошқаларники эса 1500 мартага катталашади. Асалариларга яна бир мўъжизавий қудрат ато этилган: улар айрим ҳолларда оиласини сақлаб қолиш учун, қандайдир ғайриоддий бир усулда ўз умрларини 5-6 мартага узайтириш қобилиятига эгадирлар.

100 грамм асал тайёрлаш учун асалари баъзан 46 минг километр йўл босади, бу эса экватор бўйлаб, Ер шарини бир марта айланиб чиқишдек гап! Ишчи асалари бир кунда 7000 тагача гулни чанглантиради. Айрим асаларилар ўз оғирлигидан бир неча баробар катта юкни кўтариб уча оладилар. Юксиз учаётган асалари тезлиги тахминан соатига 65 километрни ташкил етади; ўз оғирлигининг 3/4 қисмича келадиган юк билан учаётган асаларининг тезлиги эса деярли икки бараварга пасаяди. Битта асалари ҳар сафар 40-50 мг нектар олиб кела олади; бироқ у қанча узоққа учса, уясига шунча кам нектар келтиради.

 

    Уч километрлик парвоз давомида нектарнинг тахминан етмиш фоизи йўқ бўлади, яъни у асаларининг танасига қувват бериб турувчи ўзига хос энергия манбаи бўлиб, учиш давомида сарфланиб боради. Уясидан чиқиб кетаётган асаларида кам миқдорда манфий заряд мавжуд бўлади; учиш давомида асалари ўз атрофида электр майдони ҳосил қилади. Бунда манфий заряд мусбат зарядга айланади ва кучаяди; айниқса очиқ ҳаво шароитида унинг кучланиши 1,5-1,8 волтга етади.

Асал тўплаш ҳудудларида асалариларнинг асосий асал йиғиш даври 8-20 кун давом етади. Шунгача бўлган бутун (деярли бир йиллик) давр еса унга тайёрланиш жараёнидан иборатдир. Йиғиладиган асалнинг миқдори асаларининг асал ташиш қопчасининг ҳажмига бевосита боғлиқ: у қанча катта бўлса, уяда тўпланадиган асал шунча кўп бўлади. Бу белги наслий хусусиятга ҳам, асаларичилар томонидан яратиладиган шароитларга ҳам боғлиқ. Энг йирик асал тўпламлари Узоқ Шарқ ва Сибирда бўлиши аниқланган. Ҳатто, Узоқ Шарқда гулли ўсимликлар гуллаган даврда назоратдаги уяларда кунига 30-33 килограмм асал йиғилгани маълум. Сибирда бир мавсум давомида битта уяда 420 килограмм, Узоқ Шарқда эса 330-340 килограмм асал тўпланган пайтлари ҳам бўлган экан.

Тўплаб келинган нектар асаларилар томонидан узоқ ва мураккаб қайта ишлаш ва 40-70 фоиз сув билан аралаштириш жараёнидан кейингина асалга айланади. Бир кунда йиғилган 5 килограмм нектар қайта ишлангандан сўнг атиги 1,5-2 килограмм асал ҳосил бўлади. Асал йиғиш даврида асаларилар турли йўллар билан ўзаро мулоқотга киришадилар: улар ўзига хос “рақслар” ёрдамида, инсон қулоғига эшитилмайдиган товушлар орқали алоқа қилишади.

Шунингдек, улар ўзларидан ажратиб чиқарувчи биологик фаол учувчи моддалар – феромонлар ёрдамида ҳам ўзаро ахборот алмашадилар ва ўз фаолиятларини бошқарадилар. Ҳозирги замон олимлари еса турли феромонларни сунъий йўл билан яратиб кўриб, шу орқали ҳашаротлар билан гаплашишни ўрганишмоқда. Асалари чанглантириб кетган гулнинг умри узоқ бўлмайди, бир неча соатдан то 2-3 кунгача давом этган қисқа муддатдан сўнг улар сўлиб қолишади. Фақат баъзи ўсимликларнинг гуллари узоқроқ туриши мумкин, улар асалариларнинг келишига қараб 8-10 ёки ундан ҳам кўпроқ кун давомида ўзларидан нектар ажратиб турадилар. Асаларилар қўл етмайдиган оралиқларга ҳам кириб чиқа оладилар ва ўз тажрибаларини саноқли соатларда бутун уядошларига ўргата биладилар. Масалан, асаларилар тринитротолуол ҳидини ажратиб, портловчи моддани топишга ўргатишда, моддани тўғри топса, мукофот тарзида унга бир бўлак қанд берилади. Кейинчалик бу асалари ўз оиладошларини ҳам айнан шу ҳидни ажратишга ўргатади ва бу билан олимларга ёрдамчиларни ўзи тайёрлаб беради. Олимлар уларнинг учиб борадиган жойларини ҳажми туз доначасидек келадиган митти кўрсаткичлар ёрдамида кузатишни режалаштиришган. Ҳозиргача тажрибаларда аниқланганки, асаларилар тўқсон тўққиз фоиз ҳолатларда портловчи моддаларни аниқ топа олишади. Асаларининг чақиши касалланган аъзоларга шифо бахш этиши маълум, аммо у ўлдириши ҳам мумкин экан. Ҳар йили илон чақишидан ҳалок бўлган кишилардан кўра асалари чақишидан ҳалок бўлганлар сони кўпроқ бўларкан.

 

Интернет материаллари асосида

Халқаро алоқалар бўлими ходими

И.Аҳмедов тайёрлади

Read 2138 times

Мақолалар

Top