Мақолалар

Динда саволим бор: “Агар, ўлсангиз, аза тутмайман”, деб қасам ичиб қўйган бўлсам...

— Бир неча йил аввал эрим ҳақида турли гап-сўзларни эшитганимда, орамизда жанжал бўлганди. Ўшанда жаҳл устида “агар, ўлсангиз, аза тутмайман”, деб қасам ичиб юборгандим. Кейин оилани сақлаб қолиш учун иккимиз ҳам барини ортга ташладик. Ҳозир эрим оғир касал. Барибир, ўлиб қолса-чи, деган ҳадик бўлар экан. Шуни ўйласам, бир вақтлар ичган қасамим нима бўларкан, эримга аза тутмасам, ҳамма гапирадику, деган ўй-хаёллар тинчлик бермаяпти. Қандай йўл тутай?

Сизнинг ҳолатингизда қасамни бузасиз ва идда ўтирасиз. Эри вафот этган аёлнинг азаси идда ўтиришидир. Аслида динимизда қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Шариат изн берган жойларда қасам ичилганда ҳам, фақатгина Аллоҳ таолонинг номи билангина қасам ичилади. Аллоҳ таолонинг номи билан ҳадеб қасам ичавериш дуруст эмас. Аммо баъзи кишилар тили ўрганиб қолгани туфайли, беихтиёр қасам лафзини тилига олган бўлса, “Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмайди. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутади. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларга кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз” (“Моида” сураси, 89-оят). Оят ҳукмига биноан, унга жазо белгиланмайди. Лекин беҳуда қасам ичган киши жамиятда одобсиз, ишончсиз ва эътиборсиз шахсга айланиб қолади.

Ичган қасамини бузишга мажбур бўлган инсон адо этиши вожиб бўлган каффорат қуйидагича:

  1. Ўнта мискиннинг қорнини тўйдириш. Мазкур мискинларни тўйдиришдаги ўлчов каффорат берувчи ўз аҳлига берадиган ўртача таом миқдоридир.
  2. Ўнта мискинга бир сидра кийим олиб бериш. Кийим ҳам ўша вақтнинг, жойнинг ва қавмнинг ўртача кийими бўлади.
  3. Бир қул озод қилиш.
  4. Уч кун рўза тутиш.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2061 times

Мақолалар

Top