Мақолалар

Муҳаммад ибн Сийрин (иккинчи қисм)

Тижорат сафарига кетаётган бирон кимса хайрлашиш учун Муҳаммад ибн Сийриннинг олдига келса, унга насиҳат қилиб:

- Биродарим, сизга насиҳатим аввало Аллоҳ азза ва жалладан қўрқинг, тақво қилинг. Ризқингизни фақат ва фақат ҳалол йўллар билан топинг. Сиз ризқингизни ҳалол бўлмаган йўллар билан топсангиз ҳам, барибир тақдирда ёзилганидан кўпроғини топа олмайсиз, - деб кузатиб қўярди.

Муҳаммад ибн Сийрин Уммавийлар амирлари билан ҳам ўзига хос муносабатда муомала қиларди. Улар билан кўришганида маломатдан қўрқмай ҳақ сўзни гапирганига тарих шоҳиддир. Чунки, у Аллоҳ учун, Расули учун ва мусулмонларнинг йўлбошчиси учун холис насиҳат қиларди. Шулардан бири:

“Ироқ ва Хуросон ҳокими, Умавийларнинг катталаридан бўлган Умар ибн Ҳубайра Фазорий Муҳаммад ибн Сийринни ҳузурига чорлаб чопар юборади. Ҳокимнинг даъватини ижобат қилиб Муҳаммад ибн Сийрин жияни билан йўлга тушади. Ҳокимнинг олдига киришганда у Муҳаммад ибн Сийринни иззат-икром билан кутиб олиб, тўрга ўтказади ва дин ва дунё ишларидан кўп масалаларни сўраб олади. Суҳбат асносида ҳоким:

- “Эй Абу Бакр, шаҳрингиз аҳолисини қай аҳволда қолдириб келдингиз?” - деб сўраганида, Муҳаммад ибн Сийрин:

“Шаҳар аҳолиси ичида зулм кенг тарқагандир, сиз эса бундан бехабарсиз”, - деди.  Шунда Муҳаммад ибн Сийриннинг жиянлари елкаларини босиб, гапдан тўхташларини талаб қилганида, жиянларига қараб:

- Сен булар ҳақида масъул эмассан, аммо мен масъулман. Бу “гувоҳлик”дир ахир. “Ким (гувоҳликдан бош тортиш билан) уни яширса, бас, албатта унинг қалби осий – гуноҳкордир”, деди.   Суҳбат ниҳоясига етганида, Умар ибн Ҳубайра Муҳаммад ибн Сийринни қандай иззат-икром билан кутиб олган бўлса, ундан-да зиёда ҳурмат-эҳтиром билан кузатиб қўяди ва ортларидан уч минг динор бериб юборади. Муҳаммад ибн Сийрин динорларни олмайди. Жиянлари:

- Ҳокимнинг ҳадясини нима сабабдан олмадингиз? - деб сўраганида. Улуғ тобеин:

 - Ҳоким ҳадяни, менда яхшилик бор деган ўйда берган. Агар ҳоким ўйлаганидек мен яхшилик аҳлидан бўлсам, ҳокимнинг берганини олиш менга лойиқ бўлмайди. Агар у ўйлаганидек бўлмасам, буни олмаслигим менга афзалроқдир, - деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Сийриннинг содиқлигини имтиҳон қилишни хоҳлаб, мусулмонларга етадиган машаққатларга рўбарў қилди... Шулардан бири:

“Улуғ тобеин насияга катта миқдорда ёғ сотиб оладилар. Ёғ солинган идишларнинг бирини очганларида, ўлган сичқоннинг титилиб ётганини кўрадилар. Ўзларига: “Бу идишлардаги ёғларнинг ҳаммаси идишларга алоҳида-алоҳида солинишдан аввал мойжувозда бир идишда бўлган. Демак бу нажосат фақат мана шу идишдаги ёғга хос эмас. Агар ёғингга сичқон тушиб ўлиб титилиб ётибди, мен бу айбли молингни олмайман, деб ёғни эгасига қайтариб берсам, у ёғни одамларга сотиб юбориши мумкин” деб, ёғнинг ҳаммасини тўкиб юборади. Бу иш, тижоратлари қаттиқ касодга учраб қолган вақтга тўғри келган эди. Шундай қилиб катта қарзга кириб қолади. Ёғнинг эгаси ҳаққини талаб қилганида, қарзни тўлашга қодир бўла олмайдилар. У волийга шикоят қилади, волий бўйниларидаги қарзни адо қилмагунларича, Муҳаммад ибн Сийринни қамаб қўйишга буюради. Қамоқда узоқ муддат қолиб кетганларини ва яна улуғ тобеиннинг диндаги салобатлари, тақволари ва ибодатларини кўрган қамоқхона нозири раҳми келиб:

- Эй шайх, кеч киргач уйингизга бориб, оилангиз билан кечани ўтказиб кела қолинг, тонг отгач қайтарсиз. Қамоқдан озод бўлиб чиққунингизгача шундай қилиб турақолинг, - деганида. Муҳаммад ибн Сийрин:

-  Аллоҳга қасамки, мен асло бундай қилмайман.

Қамоқхона нозири:

- Нима учун?

Муҳаммад ибн Сийрин:

- Волийга хиёнат қилишингда сенга ёрдамчи бўлиб қолмаслигим учун, - деб жавоб берган эканлар.

Муҳаммад ибн Сийриннинг қамоққа тушишлари, улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг дунёдаги охирги дамларига тўғри келиб қолди. Улуғ саҳобий вафотларидан сўнг ювиш, кафанлаш ва жанозаларини ўқиш маросимларини Муҳаммад ибн Сийрин бажаришига васият қиладилар. Анас ибн Молик вафот этгач, одамлар волийга келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилган улуғ саҳобийнинг сўнги васиятлари ҳақида хабар бериб, васиятни бажариш учун Муҳаммад ибн Сийринни қамоқдан чиқариб туришга изн сўрайдилар, волий рухсат беради, аммо қамоқга бориб Муҳаммад ибн Сийринга ҳолатни баён қилишганида, улуғ тобеин: “Токи қарзимнинг эгаси изн бермагунича чиқмайман, чунки мен устимда унинг ҳаққи борлиги учун қамалганман”, деб жавоб берадилар. Ҳақдор ҳам рози бўлгач, қамоқдан чиқиб, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни ювиб, кафанлаб, жанозаларини ўқиб, сўнг аҳли-оилаларини кўриш учун уйларига ҳам бормай яна қамоққа қайтиб келадилар”.

Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Сийрин 110 ҳижрий санада вафот топганлар, 77 йил умр кечирдилар.

Ўз замонасидаги обида аёллардан бўлган Хафса бинти Рошид ҳикоя қилади: “Тоат-ибодатга берилган жуда обид киши бўлган Марвон Маҳмалий бизнинг қўшнимиз эди. Шу киши вафот этганида қаттиқ ғамга ботган эдик. Туш кўрибман, тушимда ана шу обид қўшнимизни кўриб:

- Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ таоло сизни нима қилди? - деб сўрадим. У:

- Роббим мени жаннатга киритди, — деди.

- Кейин нима бўлди?

- Кейин ўнг тараф эгаларининг олдига олиб чиқилдим.

-  Кейин нима бўлди?

- Кейин муқарраблар (Аллоҳга яқин қилинган буюк кишилар) олдига олиб чиқилдим.

-  У ерда кимларни кўрдингиз?

-  Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сийринни... деди.

 

Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.

 

 

Интернет материаллари асосида

Халқаро алоқалар бўлими  ходими

Илёсхон Аҳмедов тайёрлади

Read 1493 times

Мақолалар

Top