Мақолалар

Рўзадор кундузи ювиниши мумкинми?

372-CАВОЛ: Рўзадор киши кундуз кунлари ювиниши мумкинми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Одамлар ичида рўзадор киши кундуз куни ювиниши ҳақида бир бирига мутлақо зид икки хил қараш бор:
1. Рўзадор киши кундуз куни мутлақо ювиниши мумкин эмас;
2. Кундуз куни бемалол ювиниш мумкин.

Бу мавзуда сўз бошлашдан аввал, кундуз куни эҳтилом бўлиб қолган рўзадор ғусл қилиши вожиблиги, албатта, ювиниши шарт эканини таъкидлаймиз ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бизнинг мавзумиз ғусл қилиши вожиб бўлмаган рўзадорнинг ювиниши ҳақида бўлади.

Бу мавзуда "Ал-Фатовол ҳиндия" китобида шундай дейилади:

وَعَنْ أَبِي حَنِيفَةَ - رَحِمَهُ اللَّهُ تَعَالَى - أَنَّهُ يُكْرَهُ لِلصَّائِمِ الْمَضْمَضَةُ وَالِاسْتِنْشَاقُ بِغَيْرِ وُضُوءٍ وَكُرِهَ الِاغْتِسَالُ وَصَبُّ الْمَاءِ عَلَى الرَّأْسِ وَالِاسْتِنْقَاعُ فِي الْمَاءِ وَالتَّلَفُّفُ بِالثَّوْبِ الْمَبْلُولِ وَقَالَ أَبُويُوسُفَ : لَا يُكْرَهُ ، وَهُوَ الْأَظْهَرُ كَذَا فِي مُحِيطِ السَّرَخْسِيِّ .

яъни: "Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, рўзадор таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиши макруҳ (https://t.me/diniysavollar/645)дир. Шунингдек ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш ҳам макруҳдир. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: "Юқорида саналган ишлар макруҳ эмас". Мана шу гап устунроқ, "Муҳити Сарахсий" китобида шундай келган".

Демак, жиддий зарурат бўлмаганда таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиш, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш каби ишларни қилинмаса, бу ишларни ифтордан кейинга қолдирилса, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига амал қилинган бўлади.

Лекин, масалан, кун қаттиқ исиб кетганда ва бошқа шу каби ҳолатларда юқоридаги ишларни қилиш зарурати туғилса ва ибодатдан безор бўлиш маъносида эмас, балки ибодатга ёрдам олиш маъносида бу ишларни қилинса, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига, кейинги уламолар устун кўрган сўзга амал қилинган бўлади, макруҳ бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Read 3494 times

Мақолалар

Top