Мақолалар

“ЭРТАГА ҚИЁМАТ БЎЛАДИ, ДЕЙИШСА ҲАМ, КЎЧАТ ЎТҚАЗИНГ” ёхуд биз ота-боболардан миннатдормиз, фарзанд ва набираларимиз эса биздан мамнун бўлсинлар…

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини кучайтириш ва дарахтзорларни кўпайтириш мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси жорий этилди.

Айни пайтда ушбу лойиҳа доирасида ҳудудларда яшил боғлар ва яшил жамоат парклари барпо этилмоқда. Мазкур ҳужжат кўчатхоналарни кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштиришни ҳам кўзда тутади.

Шу билан бирга, Фармон асосида дарахтларни шикастлаш ва нобуд қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, борада жамоатчилик назорати янада оширилганини – 2022 йил 1 апрелдан янги тартиб кучга кирганини айтиш жоиз. Хусусан, эндиликда бу борадаги ҳуқуқбузарлик тўғрисида Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига хабар қилган шахслар моддий рағбатлантирилади.

Бугун бирор жойда дарахт кесилгудек бўлса, оммавий ахборот воситалари дарҳол бонг урмоқда. Зеро, янги тартибга кўра, энди дарахтларни ёши, бўйи ва эни, ўсаётган жойи бўйича ҳисобга олиш, уларга тегишли маълумотларни тўплаш, электрон базасини тузиб, реестрини юритиш белгилаб қўйилди. Шу асосда парвариш ва суғориш учун масъуллар тайинланади. Яъни, ёш ниҳоллар ўсиб-униб, чинакам дарахт бўлиши таъминланмоқда.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Бу даврда амал қиладиган чеклов ва мажбуриятлар кўлами кенгайтирилди.

Шундай қилиб, юртимизда паст-баландига қарамай, дарахт кесишга қарши янги чоралар жорий қилинди. Жумладан, қурилиш тадбирларини амалга оширишда наботот ва ҳайвонот оламига эътиборли бўлиш чоралари белгиланди. Илгари қайсидир идора хулоса, яна бошқаси рухсат берарди. Қурилиш ташкилоти қурилиш майдонини ўраб олиб, ҳеч кимни киритмас, майдондаги дарахтлар шунинг учун нобуд бўларди. Бундай тартибсизликка чек қўйилди.

Ҳадиси шарифда «Эртага қиёмат бўлади, дейишса ҳам, кўчат ўтқазинг», дейилади. Биз бугун ана шу йўлдан бормоқдамиз. Энди яшнаб турган дарахтлар кесилиб, увол қилинмайди. Аксинча, янгилари кўпайтирилади.

2020 йили давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш билан боғлиқ 7854 та, 2021 йилнинг 6 ойида эса 2597 та ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган. Оқибатда 4516 та қимматбаҳо дарахт кесилган ёки шикастланган. Маълумки, битта кўчатнинг то дарахтга айлангунича энг камида 5 йил кетишини инобатга олсак, 1,5 йил ичида 22580 йиллик дарахт кесилгани аён бўлди. Бу, шубҳасиз, табиат ва келажак авлод олдидаги жиноятдир.

Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, кўплаб давлатларда ҳайвонот ва наботот дунёсига зиён етказмаслик нуқтаи назаридан ҳар қандай қурилишдан олдин экологик лойиҳа тузилади. Чунки бугун ўтқазилган кўчат дарахт, унинг атрофи боғ бўлгунча анча вақт керак. Бу муддат давомида уларни парваришлаш, суғориш шарт. Президентимизнинг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида айнан шундай механизмлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Дунё давлатларида дарахтлар кесилиши ё бошқа жойга кўчирилиши билан боғлиқ ҳолатларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиёти мавжуд. Яқин атрофда яшовчилар муайян дарахт кесилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Шунда ҳам қулаши, одамларга, техникага ёки уйларга зарар етказиши мумкин бўлганлари. Бу эълон кесилиши режалаштирилган дарахтлар олдига ўрнатилади. Унга дарахтнинг ўзи ҳақида маълумот жойлаштирилади, ҳатто унинг кесилиш сабаблари ва жамоатчилик муҳокамаси ўтказиладиган вақт ва манзилгача кўрсатилади.

Қадимдан ҳаммага маълум бир матал бор: бир киши нонвойдан ҳар куни олтита нон олади. Кунлардан бир кун нонвой нега айнан олтита олишини сўрайди: «Ўзим билан аёлим иккита еймиз, иккитасини қарзимга, иккитасини эса қарзга бераман». Яъни, иккитасини ота-онасига бериб, фарзандлик бурчини бажаради, иккитасини фарзандларига гўё рамзий қарз сифатида беради.

Биз оталаримиз, боболаримиз эккан дарахтларнинг соя-салқинида роҳатланиб, меваларидан баҳра олиб келяпмиз. Энди фарзандларимиз ва набираларимизга атаб, умуммиллий миқёсда янги кўчатлар ўтқазишни бошлаб, яшил маконларни кенгайтиришдек хайрли ишга киришяпмиз. Зеро, бу муқаддас бурчдир – биз ота-боболардан миннатдормиз, келажакда фарзанд ва набираларимиз биздан миннатдор бўлсин.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: «Миллий тикланиш» газетаси 2022 йил 30 март, 11(1160)-сон
Read 1740 times

Мақолалар

Top