“Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этади. Шоядки, тақво қилсалар» (Бақара сураси, 187-оят).
“Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди”. Рўза илк фарз қилинган даврда рўзадор ифтордан кейин ухлаб қолсаю кейин уйғонса, унга емоқ, ичмоқ ва хотинига яқинлик қилмоқ мумкин бўлмасди. «Қайс ибн Сарма Ансорий рўзадор ҳолида хурмо боғида ишлаб, ифтор пайтида хотинидан: “Таоминг борми?” деб сўради. Аёли унга: “Йўқ, ҳозир бориб бирон нарса топиб келаман”, деб ташқарига чиқди. Кундузи ишлаб чарчаган Қайс ухлаб қолди. Хотини келиб, эрининг ухлаганини кўриб: “Шўринг қурисин”, деди-ю, уйғотмади. Эртасига куннинг ярмида Қайс розийаллоҳу анҳу ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳодисадан Пайғамбаримиз алайҳиссалом хабар топдилар. Сўнг Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди».
“Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз”. Яъни, ҳар иккиси ўз жуфтига ҳалол бўлмаган нарсалардан пардадир.
“Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди”. Оятдаги “хиёнат”дан мурод рўза кечасида аёлига яқинлик қилиш истаги кўнгилдан кечганидир. Айрим ривоятларда баъзилар бу ишни қилганлари зикр этилган.
Имом Табарий ривоятида Умар розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан суҳбатлашиб, уйига кечроқ қайтди. Аёли ухлаб қолган экан. У зот хотинига яқинлик қилишни хоҳлади. Аёл: “Ухлаб турдим-ку”, деб рад этди. Ҳазрати Умар аёлига, ухламагансан, дея яқинлик қилди.
Эртасига Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдиларига борди ва: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ ва сиздан узр сўрайман. Нафсим унаб аёлимга яқинлик қилдим, менга бирор рухсат топиб бера оласизми?” деди. Ҳазрати Умар уйига қайтиб борганида, Расулуллоҳ алайҳиссалом унинг ортидан одам юбордилар ва Аллоҳ таоло ушбу оят билан у кишининг узрини қабул қилгани хабарини бердилар.
“Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг”. Яъни энди рухсат. Сизлар хотинларингизга яқинлик қилиб, “Аллоҳ ёзган нарсани” – фарзандни талаб қилинг. Ибн Аббос: «“Аллоҳ ёзган нарсадан” мурод Қуръондир», деган. Ибн Аббос ва Муоз ибн Жабал: «“Лайлатул қадрни” талаб қилинг», деган. Баъзи олимлар “рухсат ва кенглик” дейишган. Ибн Арабий ушбу оятнинг нозил бўлишига Умарнинг воқеаси сабаб бўлган, Қайснинг оч қолиб ҳушидан кетгани эмас, дейди.
“Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг”. Имом Бухорий Адий ибн Ҳотамдан ривоят қилади: «“Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг” ояти нозил бўлганда, битта оқ, битта қора ипни олдим-да, ёстиғим остига қўйдим, уларга қараб-қараб, оқиқорасидан ажраганда оғзимни беркитдим. Тонг отганида Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларига бориб, қилган ишимни айтдим. У зот алайҳиссалом: “Ундоқ бўлса, ёстиғинг кенг экан-да, у гап кундузнинг оқи билан кечанинг қораси ҳақида эди”, дедилар».
“Тонг пайтида”дан мурод субҳи содиқ бўлиб, ёруғликнинг уфқда тарқалишини билдиради. Самура ибн Жундуб розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқда бундоқ кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи мана бундоқ бўлиб ёйилгунча (бўлаверади)”, дедилар (Бешовларидан Имом Бухорий ривоят қилмаган).
Тонг отиш вақти икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда ёруғлик пастдан юқорига кўтарилади. Бу “субҳи козиб”, яъни “ёлғончи тонг” дейилади. Иккинчи босқич эса, ёруғликнинг уфқ бўйлаб кўндаланг тарқалган пайтидир. Бу “субҳи содиқ”, яъни “рост тонг” дейилади. Шу вақтда саҳарлик вақти тугаган бўлади.
“Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг”. Аллоҳ таоло Рамазон ойида кечани еб-ичиш ва жимо учун вақт қилиб белгилаб берди. Кундузни эса бу ишлардан тийилиш вақти қилди. Ушбу оятда икки вақтнинг ҳам ўзига тегишли ҳукмларини баён қилди. Демак, Рамазонда рўзадор кечаси рухсат берилган ишлардан бирортасини қилиши жоиз бўлмайди. Кимда-ким Рамазонда кундузи қасддан еб-ичса ёки жимо қилса, ўша кун рўзасининг қазосини тутиб бериши ва каффоратини ўташи лозим.
Каффорат бир қулни озод қилиш, бунга имкони бўлмаса, 60 кун пайдар-пай рўза тутиш, бунга ҳам қодир бўлмаса, 60 мискинга таом беришдир.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, ҳалок бўлдим”, деди. Набий алайҳиссалом: “Сени нима ҳалок қилди?” дедилар. Ҳалиги киши: “Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим”, деди. “Қул топиб, уни озод қила оласанми?” деб сўрадилар. Ҳалиги киши: “Йўқ”, деди. “Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?” дедилар. У киши: “Йўқ”, деди. “Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?” деб сўрадилар. Ҳалиги одам: “Йўқ”, деди. Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бир идишда хурмо келтиришди. У зот алайҳиссалом: “Мана буни садақа қилиб юбор”, дедилар. У одам: “Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасам, у (Мадина)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ оила йўқ”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра: “Бор! Уни аҳлингга таом қилиб бер”, дедилар (Бешовлари ривоят қилишган).
Аллоҳ таоло ушбу оятда кечаси жимо қилиш мумкинлигини ва кундузи эса бу ишлардан тийилиш хабарини берди.
Рамазон ойида кундузлари эр-хотиннинг ўзаро яқинлик қилиши рўзани бузади. Яқинликка олиб келувчи ўпиш, қучоқлаш каби ишлар рўзани бузмайди. Лекин ўзига ишонмаган одам учун бу ишлар макруҳ.
“Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг”. Кечанинг охири субҳи содиқ кириши билан тугашини ҳисобга олсак, инсон жунуб ҳолатида тонг вақтига кириши мумкин. Шундай бўлса, жунуб ҳолида тонг оттирса ва рўзага ният қилса, рўзаси саҳиҳ бўлаверади.
Ҳайзли аёлнинг ҳукми ҳам шунга ўхшаш. Агар аёл бомдод намозининг вақти киришига бир дақиқа қолганида покланса, шу куннинг рўзасини тутиши вожиб. Аксинча, бомдод намозининг вақти кирганидан бирор дақиқа ўтганида покланса ҳам, ўша куннинг рўзасини тутмайди.
“Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этади. Шоядки, тақво қилсалар”. Ушбу зикр қилинганларнинг бари Аллоҳ таолонинг ҳукмлари ва уларнинг чегараларидир. Парвардигор уларга яқинлашмасликка буюрди, чунки қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.
“Тафсири Қуртубий” асосида
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти
катта ўқитувчиси
Сурайё ИБРАГИМОВА
тайёрлади.
“Ҳидоят” журнали 3-сон