Мақолалар

Кўчат экиш – эзгу анъана

Муқаддас динимизда экин экишлик улуғ ва савобли амаллардан хисобланиб, ерни обод қилиш масаласига алохида эътибор берилган. Экилган кўчат ва дарахтлар хамда ўсимликлар дойимо Аллох Таолога тасбих айтиб туради. Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб авайлаши, балки унинг янада гуллаб яшнаши учун ўз хиссасини қўшмоғи лозим.  Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.Кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғдир, муборак китоблар кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, яъни қиёмат кунигача садақаи жорий сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Мўмин яхши ният билан кўчат экса улуғ ажр-савобга эга бўлади. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса унинг учун садақа бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти). Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатлик касб экани маълум бўлади. Кўчат экмоқчи бўлган киши нафақат ўзини, балки, ён атрофдагилар, келажак авлодларни ҳам манфаатини ўйлаши керак. Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки, вафотидан сўнг ҳам манфаати етиб туради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини кўчат ўтказиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳи анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Атроф мухитни мухофаза қилиш, табиатни, экин ва дарахтларни асраб авайлаш олдимизда турган мухим вазифалардан бири хисобланади.

 

Янгийўл туман “Имом Султон”

жоме масжиди имом хатиби Нарзуллаев Одилжон.

Read 2118 times

Мақолалар

Top