Мақолалар

Яхшиликнинг мукофоти – яхшиликдир

Ҳар йили Рамазон ойи муносабати билан мўмин-мусулмонлар меҳрибонлик, саховат ишларига янада киришиб кетадилар. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ойда янада саховатли бўлар эдилар. Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшилик қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат яхшилик – жаннатдир.

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга интилади. Чунки инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Руку қилингиз, сажда қилингиз ва Роббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж, 77).

 Бошқа оятда эса: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон, 92).

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.

Хайр-саховат инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга дунёвий ишларнинг ривож топишига ҳам сабаб бўлади.

Айни  шу  мақсадда, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида  жорий йилнинг 6 июнь куни “Баҳоуддин Нақшбанд” зиёратгоҳида нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, зиёлилар ва барча ташкилот раҳбарлари  иштирокида ифторлик  дастурхони ёзилди.

Ифторлик дастурхони атрофида йиғилган кекса ва нуроний отахонлар қўлларини дуога очар экан, аввало, мамлакат ривожи йўлида олиб борилаётган ишларга омад тилаб, деҳқончилигимиз, хусусан ғалла ҳосилларимиз баракали  бўлишини, осмонимиз мусаффо ва юртимиз тинчлиги барқарор бўлишини тилаб дуолар қилдилар.

Яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган эл-юрт мустаҳкам бўлиб, тараққий этади. Бундай диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни ана шундай хайрли ва савоби улуғ ишларга муваффақ айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Бухоро вилоят вакили,

Бухоро вилояти бош имом хатиби,

Мансуржон Нуруллаев

Read 7290 times

Мақолалар

Top