Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ифторликда – ذَهَبَ الظَّمَأُ وابْتَلَّتِ العُرُوقُ وَ ثَبَتَ الْأَجْرُ إِنْ شَاءَ اللهُ
“Заҳабаз замау вабталлатил уруқу ва сабатал ажру, иншааллоҳ”, деб дуо қилганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Ушбу дуонинг таржималари бир хил эмас. Масалан:
1. “Cувсизлик тугади, томирлар намланди, ажр ва мукофотлар, иншоаллоҳ, берилади”.
2. “Чанқоқ кетди, томирлар ҳўлланди, иншоаллоҳ, ажр собит бўлди”.
3. “Чанқоқ кетди, томирлар намланди, иншоаллоҳ, савоб ҳосил бўлди”, деб таржима қилинган.
Таржималарда сувсаган рўзадорнинг ташналикдан, яъни чанқоқликдан халос бўлгани баён этилмоқда. Уни “чанқов босилди” тарзида ифодалаш маъқулроқ кўринади.
Эътибор берайлик: чанқовбосди қовунлар,.. чанқовбосди ичимликлар ва шарбатлар... (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”. Ж. IV, 457-б.).
Таржима гапларнинг иккинчи қисмидаги “намланди”, “ҳўлланди” сўзлари маънодош бўлиб, асос-негизлари “нам қилмоқ”, “нам бермоқ”; “ҳўл қилмоқ”, “сув тегизмоқ” маъноларини англатади. Рўзани очганда ичилган сувдан томирлар намиқади, яъни нам тортади (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, 15-б.) Демак, “томирлар намиқди” дейиш яхшироқ.
Гапларнинг учинчи қисми (“Ажр-мукофотлар ҳам, иншоаллоҳ, берилади. Иншоаллоҳ, ажр собит бўлди. Иншоаллоҳ, савоб ҳосил бўлди)да “Худо хоҳласа”, “насиб бўлса (ёки қилса, этса)” маъносидаги “иншоаллоҳ” сўзи мавжуд. Шу боис феъл-кесимнинг “берилади” шакли тўғри келади. “Собит бўлди”, “ҳосил бўлди” феъл-кесимларининг замони ўйлаб кўрилиши керак.
“Сабатал ажру, иншааллоҳ”ни “Ажр-мукофот ҳам тайин, иншоаллоҳ” деса бўлади. “Тайин” сўзининг бир маъноси “аниқ”. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло: “Рўза Мен учун ва унинг мукофотини Ўзим бераман”, деб марҳамат қилган».
Мазкур дуонинг таржимаси қуйидагича бўлса, мақсадга мувофиқ: “Чанқов босилди, томирлар намиқди ва ажр-мукофот ҳам тайин, иншоаллоҳ”.
Насруллоҳ ШУКРУЛЛОҲ ўғли,
педагогика фанлари номзоди, доцент
“Ҳидоят” журнали 3-сон