Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Тақдирлар белгиланадиган кеча – Лайлатул қадр кечаси

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин

Севикли Пайғамбаримизга салавоту дурудлар бўлсин.

 

“Лайлатул Қадр” қандай кеча? Лайлатул қадр – “белгилаш кечаси” деган маънони англатади. Йил давомида қилинадиган турли амаллар, ҳукм, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда тақдир белгиланадиган кечадир.

Бу кеча ҳақида Аллоҳ таоло: «… минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят) деб марҳамат қилган.

1000 ой – салкам 84 йилга тенг.

84 йил – тахминан 30. 295 кунга тенг.

 

Лайлатул Қадр кечаси қачон бўлади? Абул Олия розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир аъробий севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қадр кечаси қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти) деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Лайлатул қадр кечасининг қандай аломатлари бор? Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У очиқ, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, (Ибн Хузайма ривояти) дедилар.

Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва “Сидратул мунтаҳо”дан (яъни, Жаброил алайҳиссалом масканидан) ерга тушади, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: “У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 4–5-оятлар).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лайлатул қадр кечасини қандай ўтказар эдилар? Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).

 

Лайлатул қадр кечасида гуноҳлар мағфират этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти) дедилар.

Лайлатул қадр кечаси қандай амалларни адо этиш лозим?

  1. Хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бамдод намозини жамоат ила адо қилса, гўё кечанинг барчасида намоз ўқибди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
  2. Дуо қилинг. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

"Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний"

"Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин" (Имом Термизий ривояти).

Муҳими, бу кечани ибодат, зикр, тиловат ва бошқа хайрли амаллар билан ўтказиш лозим.

 

Аллоҳ таоло қиёматга қадар келадиган барча мўминларнинг гуноҳини мағфират этсин. Ҳидоятида бардавом қилсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Read 2460 times

Мақолалар

Top