Мақолалар

Самарадорликка йўл очган ҳужжат

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан “2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда стратегияни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга доир давлат дастурининг жорий йил И чорагидаги ижроси юзасидан бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Дастурнинг “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” деб номланган бешинчи йўналишида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академиясига бир қатор вазифалар юклатилган.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудовнинг айни пайтда амалга ошириб келинаётган ишлар ҳақидаги маълумотини тинглади.

— Бугун юртимизда аҳиллик, эзгулик, бирдамлик ва маънавий поклик фазилатлари улуғланадиган қутлуғ рамазон ойи ва мусулмонларнинг мўтабар байрами Ийд ал Фитр шукуҳи кезмоқда, — деди Д.Махсудов. — Рамазон ойининг ўтган даври мобайнида диний-маърифий соҳа ходимлари томонидан кам таъминланган 23 мингдан ортиқ оила, 8,5 минг нафар етим бола ҳолидан хабар олинди. Ушбу мақсадларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан жами 1 миллиард 896 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Шунингдек, моддий ёрдамга муҳтож фуқароларга ҳомийларни жалб этган ҳолда 725 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди.

Бугунги кунда юртимизнинг турли ҳудудларида жами 2331 та диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилган. 2017-йилдан 2 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 72 та масжид ҳамда турли конфессияга тааллуқли 17 та ноисломий диний ташкилот фаолияти йўлга қўйилди. Диний конфессияларнинг барчаси ўз ибодатларини эмин-эркин адо этадилар, диний маросимларини бажарадилар.

Дунёда кузатилган CОВИД-19 пандемияси туфайли тўхтаб қолган Умра зиёрати январ ойида қайта тикланиб, бугунги кунга қадар 33 мингдан зиёд юртдошимиз Саудия Арабистони Подшоҳлигида зиёратда бўлиб қайтди. Ҳозирга келиб, Умра учун квоталар олиб ташланди, бу йилги Ҳаж амалларини ташкил этиш бўйича келишувлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳам белгиланган вазифалардан келиб чиқиб самарали фаолият юритмоқда. Бугунги кунда марказлар томонидан буюк аждодларимиз илмий меросига оид 100 дан зиёд асар таржима қилиниб, нашр этилди. Бундан ташқари, диний таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти мунтазамлик касб этган.

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолияти ҳақида ҳам мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.

— Ўзбекистон халқаро ислом академияси дунёдаги етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари орасида ўз нуфузига эга, — деди академиянинг биринчи проректори Шавкат Мавлонов. — Сўнгги йилларда фаолиятимизда кўплаб янгиликлар татбиқ этилмоқда. Нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари кенгайди. Академия профессор-ўқитувчилари, ёш илмий тадқиқотчиларнинг халқаро конференция, илмий семинарлар ҳамда халқаро грантлардаги иштироки фаоллашди.

2021-йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан олий таълим муассасалари Миллий рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон халқаро ислом академияси олий таълим муассасалари илмий салоҳият рейтингида 4-ўринни, ижтимоий-гуманитар соҳа бўйича ОТМлар рейтингида 5-ўринни, олий таълим муассасаларининг умумий рейтингида 7-ўринни эгаллади. Таълим муассасаси халқаро Тимес Нигҳер Эдуcатион (ТҲE) агентлигининг 2021-йилги “Импаcт Ранкингс” рейтингида дунёдаги етакчи 1000 та олий таълим муассасаси рўйхатидан ўрин олди.

Бугунги кунда академияда таҳсил олаётган 1670 талабанинг 39 нафари Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Афғонистон фуқароларидир. Таълим муассасаси Европа, Африка ва Осиёдаги 14 мамлакатнинг 37 та нуфузли олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаси ва халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик алоқаларини изчил амалга оширяпти.

Хусусан, ўтган қисқа вақтда Мисрнинг Ал-Азҳар университети, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари илмий-тадқиқот институти, Болгар ислом академияси, Буюк Британиянинг Кембриж Марказий Осиё форуми, Саудия Арабистонидаги Ислом тадқиқот ва таълим институти (ИРТИ), Япониянинг Аичи санъат университети ва бошқа қатор олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари билан мустаҳкам илмий-педагогик ҳамкорлик ўрнатилди.

Матбуот анжуманида, шунингдек, диний-маърифий соҳада келгусидаги режалар ҳақида сўз юритилди.

Нодир Маҳмудов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 30-апрел, 86-сон.

Read 1833 times

Мақолалар

Top