Мақолалар

Тиланчиликни касб қилиш мумкинми?

Одатда тиланчи деганда кўз олдимизга жисмоний жиҳатдан заиф, кўриниши абгор: юз-қўли кир, кийимлари йиртиқ-ямоқ одам келади. Аммо бугун тиланчилар ҳам, уларнинг қиёфаси ҳам ўзгараётгандек, назаримизда. Бу қадим “касб” катта-кичик урушлар, парокандалик, қурғоқчиликлардан қолган асорат бўлса-да, ҳозирги тинч, фаровон замонда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Одам гавжум жойлар, жамоат транспорти, масжидлар ёнида тиланчиликни “касб” қилган тўрт мучаси соғлом, ишласа ўзи тугул катта рўзғорни тебратиш қобилиятига эга эркаклар, оддий тикиш-бичиш ҳунари орқали ёки бирор жойда фаррошлик қилиб бўлса-да кундалик эҳтиёжини қоплаши мумкин бўлган аёлларнинг борлиги ачинарли ҳолат.

Айниқса, ёш боласи билан чиққан аёллар нури дийдасининг тарбияси бузулишига, унинг келажак ҳаётини хавф-ҳатарда қолишига сабабчи ҳам бўлади. Натижада болаларда ёлғончилик, кишилар олдида ўзини ночор сезиш, бировнинг ҳисобига яшаш каби иллатлар шаклланишига, носоғлом муҳит таъсирида улғайиб, эти қотади.

– Тиланчилик қилиш боқувчиси бўлмаган, кишилардан бирор нарса сўрашдан бошқа иш қўлидан келмайдиган кишилар учун ҳалол, аммо унинг ҳам чегараси бор, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ. – Яъни бу меъёр – бир кунлик ейиш-ичиш эҳтиёжини топгунга қадар бўлган вақт. Ундан ортиғи ҳаром саналади. Бунда ҳеч қачон эртаникини ҳам биратўла бугун топиб қўяй, дейилмайди. Кейинги кун Худо куч-қувват берса ёки бирор йўл кўрсатса, албатта, ишлаши, мабодо ҳеч иши ўхшамай, бошқа йўли қолмаса – яна кундалик эҳтиёжи учун тиланчиликка чиқиши мумкин. Мискин бўлиб, тирикчилигим шундан, дея шу ишга муккасидан кетиш фирибгарликдир. Бундайларнинг юзи икки дунёда ҳам шувут ҳолатда бўлади. Буни била туриб қилиш эса ўзини очиқ-ойдин хорликка маҳкум этишдир. Ўзини майиб-мажруҳ ҳолатда кўрсатиб, гадой, тиланчи қиёфасига солиш ҳам айни товламачиликнинг бир тури.
Динимиз бундан қатъий қайтаради.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло садақа олишга ҳақли бўлган кишиларни баён қилган: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошно қилувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз этилди. Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).

Ислом дини меҳнатга ярамайдиган, иши бору, ундан оладиган даромади эҳтиёжини қоплашга етмайдиган, иш тополмаган кишиларга раҳномолик қилишга йўллайди.

Ҳақ таолодан ажру савоб талабида бўлган мўмин-мусулмонлар, саҳоватли инсонлар томонидан закот, яқин қариндошларга берилиши вожиб бўлган нафақа, нафл садақа, хайрия, вақф ишлари, назрлар, каффоратлар, қўшнилар ҳақи, муҳожирлар ҳақи, етимларга ғамхўрлик қилиш, тиланчилик (соил) ҳақи, давлат томонидан ижтимоий таъминот учун ажратиладиган ҳақлар каби хайрли амаллар орқали қилинади.

Шариатимизда тиланчи отда келса, хатто қўлида тилласи бўлса ҳам садақа беришга тарғиб қилинади. Бунинг учун саҳоватли инсон савоб олаверади. Аммо садақа сўраган кишининг фирибгарлиги, алдаб одамларнинг пулини еяётганини аён бўлса, унга бермаслик керак. Сабаби бу орқали у текинхўрлик, дангасаликка ўрганиб қолади.

Динимиз рисқ-насибани меҳнат қилиб пешона тери билан, ҳаракат қилиб топишга буюради. Пайғамбарлар Муҳаммад (алайҳиссалом) ўз меҳнати орқали турмуш кечириб, уматларига ўрнак бўлганлар.

Дангасалик, ишёқмаслик, текинхўрлик булар – мусулмон кишига ёт ҳолат. Динимиз ялқовлик, бировга қарам бўлишдан буткул қайтаради.

Инсон учун еган луқмасининг ичида энг тотлиси, ўз меҳнати билан топганини ейишдир. У гарчи қаттиқ нон ва явғон шўрва бўлса ҳам. Бировнинг ҳисобидан бўлган тансиқ таом ҳам тамоқдан маза бўлиб ўтмайди. Чунки уни еяётган киши ич-ичидан мен буни қаердан топдим, эртага нима бўлар экан, дея ўйлайди.

Тиланчилик қилишга хожати бўлмаган кишининг тўғри йўлга ўтиши, касб-ҳунар ўрганиб, илм олиши, тадбиркорлик билан шуғилланиб, ҳалол рисқ топиши нафақат ўзи, балки оила аъзоларини ҳам икки дунё саодатига элтади.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ
тайёрлади.

Read 2481 times

Мақолалар

Top