Мақолалар

Динда саволим бор: Зуҳо намози нима учун ўқилади?

“Зуҳо” сўзининг маъноси нима? Эшитишимча, Бомдод намозидан кейин Зуҳо намози ўқилар экан. Бу намоз нима учун ўқилади?

— “Зуҳо” сўзи – “чошгоҳ вақти” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан” (“Зуҳо” сураси, 1-оят).

Қуёш чиққандан тахминан ўн беш дақиқа ўтгач, ушбу намозни ўқиш мумкин. Унинг энг афзал вақти бомдод намозини адо этгандан сўнг, ўша жойда қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлиб, қуёш чиққандан кейин ўқишдир.

Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тўрт ракат Зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зуҳо намозини баъзан узлуксиз ўқир эдилар. Биз энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Гоҳида эса ўқимас эдилар, энди бу намозни ҳаргиз ўқимасалар керак, деб ўйлардик” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зуҳо намозида “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир тамҳид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил аа илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз ҳам, ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат Зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: Албатта, жаннатда бир эшик бор. У “Зуҳо” деб номланади. Қиёмат куни бўлганда, бир жарчи нидо қилиб: “Зуҳо намозини доим ўқувчилар қани? Бу сизларнинг эшигингиздир. Унга Аллоҳнинг раҳмати ила киринглар”, дейди (Имом Табароний ривояти).

Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов

Read 2475 times

Мақолалар

Top