Кун ора фожеали автофалокатлар ҳақидаги хабарларни ўқиб ё эшитиб қолсак, ўтганларга Аллоҳдан мағфират, қолганларга саломатлик сўраб, ачиниб қўямиз... Аммо биргина фалокат ортида қанча одамнинг ҳаёти ўзгариб кетади: кимдир ота-онаси, боласи ёки бир вақтнинг ўзида бир неча яқинларини йўқотади. Қанча инсон эса ногирон бўлиб, ўзгалар қаровига муҳтож бўлиб қолади. Қолаверса, кўпчилик корига яраб турган уловлар ҳам яроқсиз темир матога айланади...
Расмий маълумотга кўра, 2021 йилда юртимизда 10 мингдан зиёд йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда икки ярим мингга яқин киши вафот этган. 9 мингдан ортиқ одамлар турли даражада жароҳатланган. Улар орасида бир умрга ногирон бўлиб қолганлари ҳам бор. Ушбу аварияларнинг аксарияти машиналарнинг юқори тезлиги ва пиёдаларнинг белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши натижасида келиб чиққан.
Аслида ушбу нохуш ҳолатларга ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги, йўл маданиятининг пастлиги, автомобиллар сони ортаётгани, йўллар сифати пастлиги кабилар сабаб бўлмоқда.
Уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиблигига иттифоқ қилишган. Бунга “Маслаҳатул мурсала” – шариатда кўзда тутилган фойдани жалб қилиш қоидаси далил бўлади. Яъни йўл ҳаракати қоидаларидан одамлар фойдаси кўзланади. Қоидаларга амал қилиш эса бошлиқларга итоат қилишдир.
Аввало, кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомашинада ҳам фойдаланиши мумкин. Фақат унда ўзига ва ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Зарар кўриш ҳам, зарар бериш ҳам йўқ”, деган сўзлари Исломнинг асосий қоидаларидан биридир (Имом Ибн Можа ривояти). Ушбу шаръий қоидага кўра, ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарарга жавобгар бўлади. Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар бундан мустасно.
Яна бир ҳадиси шарифда: “...Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш”, дейилган (Муттафақун алайҳ).
Ҳадиси шарифдаги “азият” кўп нарсаларни ичига олади. Энг ёмонларидан бири – ўзгаларга тил билан озор етказиш, айниқса, ҳақорат, сўкиш – мусулмонлик одобларига мутлақо зид. Гоҳида бўлар-бўлмасга сигнал чалиш, номаҳрамларга назар солиш ёки мусиқани баланд қўйиш, мошинадан ахлат улоқтириш, кечки пайт бошқа ҳайдовчилар кўзини қамаштирадиган, тақиқланган ёритгичларни ёқиб юриш ҳам ўзгаларга озор беришдир.
Аксарият йўл транспорт ҳодисалари маст ҳолда машинани бошқариш, тезликни меъёрдан ошириш, телефонда гаплашиш сабабли юз беради. Маст қилувчи ичимликларни ичиш – катта гуноҳ, маст ҳолда рулга ўтириш – бунданда оғир жиноят. Телефонда гаплашиш эса ҳайдовчининг ҳам, пиёданинг ҳам диққатини олади. Фалокат учун одам бир неча сония чалғиши кифоя қилади.
Динимиз кўрсатмаларида инсон пиёда юрганда ҳам, уловда ҳам мўътадил тезликда юришга тарғиб қилинади. Ҳаддан ташқари тез юриш мўминнинг ҳайбатини кетказади. Уловда меъёридан тез юриш кибр ва ўзини бошқалардан устун қўйиш сабабли бўлади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси 37-оят). Ушбу ояти карима ҳайдовчиларни ҳам уловларида оғир-босиқлик ва сабр билан шошмасдан юришга чақиради.
Ҳанафий олим, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳақида бундай дейди: “Асл қоида – транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳаракат давомида машинаси билан содир қиладиган ҳар бир ҳодисага масъулдир. Чунки машина унинг қўлидаги восита ва ҳайдовчи уни бошқаришга қодир. Машина ўзича ҳаракатланмайди. Шунинг учун ҳайдовчи машинанинг олди, орқаси ва ён томонлари билан етказган зарарга зомин (жавобгар) бўлади. Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан ҳаддан ошиб ўзгага зарар етказса, жавобгар бўлишида шубҳа йўқ. Чунки ҳаддан ошувчи доимо жавобгар ҳисобланади. Лекин йўл қоидаларига амал қилиб юриб, ўзгага зарар етказган киши жавобгар бўлиши тўғрисида турли фикрлар бор. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилса, ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган фавқулодда ҳолатларда жавобгар бўлмаслиги тўғри бўлади” (“Ислом фиқҳи академияси журнали”дан).
Йўлнинг қатнов қисмида, пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-видео маҳсулотларни кўриш, радио, аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ўқиш ҳамда электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланади.
Таҳлиллар йўл ҳаракати ҳодисаларининг ярмидан кўпи пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда. Улар асосан пиёдаларнинг светофор ишоралари, йўл белгилари, йўл чизиқларининг талабларига риоя этмаслиги, йўлнинг пиёдалар учун таъқиқланган қатнов қисмида бўлиши ва бошқа хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслиги сабаб бўлмоқда.
Албатта, ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси қоида ва одобларга риоя қилиб, бир-бирига ҳурмат билан ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўриши лозим. Зеро, тез борган жойга секинроқ ҳам борамиз, вақт жиҳатидан ҳам бу катта фарқ қилмайди.
Мўмин-мусулмонлар йўл ҳаракати қоида ва одобларига кузатув камералари ёки инспектор қараб тургани учун эмас, балки шариатимиз талаби, савобли бир иш деб, амал қилишимиз керак. Ана шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади!
Манбалар асосида
Баҳриддин Хушбоқов
тайёрлади
Мақолалар
Йўл қоидаларига амал қилиш – вожиб
- www.muslimuz
- - Mai 14, 2022