Мақолалар

Хушбўй нарсалар, мой суртиш ва оройиш бериш

Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз мойидан, хушбўй нарсалардан суртиб, сўнгра чиқиб, икки кишининг орасини ёрмай (жой топиб) ўзига битилган намозни ўқиса ва имом гапирганда жим туриб қулоқ солса, албатта, унинг ўтган жумадан бунгача бўлган нарсалари мағфират қилинади», дедилар».
Абу Ҳурайра:
«Уч кун зиёдаси билан. Чунки ҳар бир яхшилик ўн мислга кўпайтирилур», деди».
Икки шайх ривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида:
«Ким жума куни ғусл қилиб, энг яхши либосларидан кийса, агар хушбўй нарсаси бўлса ундан суртса, сўнгра жумага бориб, одамларнинг елкасига туртмаса, кейин ўзига битилган намозни ўқиса, имоми чиқса, у намозидан фориғ бўлгунча қулоқ осса, бу (жума) билан ундан олдинги жума орасидаги нарсага каффорат бўлади», дейилган.

Шарҳ: Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, жума намози ҳар бир мўмин-мусулмон банда учун ҳар ҳафтада бир марта бериладиган қулай фурсат. Бу фурсатдан фойдалана олиш керак. Бу ҳафталик қулай фурсатни баъзи ривоятларда Аллоҳ мусулмонларга байрам қилиб қўйган кун дейилган. Ана ўша кунда мусулмон кишига одатдаги кунлардан кўра кўпроқ савоб ишлаб олиш имкони берилган.
Қолаверса, таҳорат ва беш вақт намоз каби ибодатлар билан ҳам ювилмай қолган ҳафталик кичик гуноҳлар ювиб юборилади.
Ана шу бахтга муяссар бўлиш учун қуйидаги ишларни қилиш керак:
1. «Ғусл қилиш».
Бу ҳақда олдин батафсил айтдик.
2. «Иложи борича покланиш».
Бунга қовуқ ва қўлтиқ остидаги тукларни тозалаш, тирноқларни олиб юриш ва мўйлабни текислаш каби ишлар киради. Жума куни шу ишларни қилиш зарур.
3. «Мой суртиш».
Бунда сочни мойлаш кўзда тутилади. Айниқса, иссиқ ўлкаларда сочни яхшилаб тараб, унга хушбўй мой суртиш одат бўлган.
4. «Хушбўй нарсалар суртиш».
Атир, мушк каби нохуш ҳидларни кетказадиган хушбўй нарсаларни сепиб жумага борилса, жамоатда ажойиб бир яхши ҳид пайдо бўлишига ҳисса қўшилади.
5. Жумага кетаётиб энг яхши кийимларни ки¬-йиб олиш. Чунки жума ҳафталик байрам, мусулмонларнинг тўпланиш куни. Дўст-душманнинг олдида мусулмонлар ўзини кўрсатадиган кун. Бу кунда ярашадиган чиройли кийимлар билан кўриниш яхши.
6. Масжидга борганда ўзидан олдин келиб ўтирганларни ёриб олдинга ўтмаслик. Балки бўш жойни топиб, ҳеч кимга халақит бермай ўтириш жуда ҳам матлубдир.
7. Жумага борган одам имом хутба қилмаётган бўлса, дарҳол намоз ўқиб олиши керак.
8. Имом хутбага чиқса, жим туриб қулоқ солиш лозим.
Ким шу ишларни қилса ўтган жумадан буён қилган кичик гуноҳлари мағфират қилинади.

Ҳадис ва ҳаёт

Read 1906 times

Мақолалар

Top