Мақолалар

Алломанинг онаси

Ислом динида фарзанд тарбияси ибодат даражасидаги амаллар қаторига киради. Шу сабабли донишманд ота-боболаримиз, оқила оналаримиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор берган. Тарихга назар ташласак, бунга жуда кўп мисолларни кўрамиз. Жумладан, муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг буюк олим бўлиб етишишида ота-онасининг улкан хизматлари, узоқ йиллик машаққатлари мужассамдир.

Имом Бухорийнинг отаси Исмоил ибн Иброҳим ўз даврининг етук муҳаддисларидан бўлиб, Имом Моликнинг шогирди эди. Манбаларда унинг Ҳаммод ибн Зайд, Имом Молик ибн Анас ва Абу Муовия каби йирик муҳаддислардан ҳадислар ривоят қилгани, Абдуллоҳ ибн Муборакдан тарбия олгани ҳақидаги маълумотлар қайд этилган. Исмоил ибн Иброҳим илм олиш ва уни тарқатиш қаторида, тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган.

Манбаларда зикр қилинишича, Исмоил Бухорий ўта тақводор, художўй, одил инсон бўлган. Тарихчи Аҳийд ибн Ҳафс: “Абу Муҳаммад бандаликни бажо келтираётган маҳал уни зиёрат қилишга борганимда, менга: “Бор молу дунёимдан ҳаром, шубҳали, нопок йўл билан топилган бир дирҳамни ҳам билмайман”, деб илтижо қилганида, нафасим бўғилиб, бор вужудим унинг улуғворлиги олдида арзимас бир нарсадек туюлди”, деб ёзган. Буюк шоир Абдураҳмон Жомий “Батҳо (Макка атрофидаги тепаликлар номи) ва Ясрибда (Мадинада) ясалган танганинг сайқали Бухорода камолига етди”, деган сўзлари орқали тақво ва илм билан зийнатланган насаб ортидан Бухорои шарифда буюк муҳаддис Имом Бухорий етишиб чиққанига ишора қилади.

Буюк муҳаддиснинг онаси ҳам тақводор, диёнатли ва оқила аёл бўлган. Унинг асл исми манбаларда учрамайди. Тақводорлиги ва кўп ибодат қилиши, илмли ва оқилалиги билан танилгани сабабли эл орасида асл исми унутилиб, каромат соҳибаси сифатида “Дуоси мустажоб аёл” номи билан машҳур бўлган. Имом Бухорийнинг улуғ аллома бўлиб етишишида отасининг тақвосию онасининг ихлос ила қилган дуо-ибодатларининг жуда катта ўрни бор.

Туғилганида ота-онаси гўдакнинг исмини Муҳаммад деб қўяди. Орадан бир неча йил ўтиб, ёш Муҳаммаднинг отаси Исмоил вафот этади. Имом Бухорий тўрт ёшлар атрофида кўзи жароҳатланиб, кўриш қобилиятини йўқотади ва табиблар ҳарчанд уринмасин, уни даволай олмайди. Турмуш ўртоғидан айрилган, ҳам фарзандига етган бундай мусибатдан ёш Муҳаммаднинг онаси ўзини йўқотиб қўймади. Аксинча, кундузлари ўғлининг таълим-тарбияси билан шуғулланиб, уни илм олишга рағбатлантирар, тунларини ибодат билан бедор ўтказиб, Яратгандан ўғлининг кўз нурини қайтаришни тинмай илтижо қилиб сўрар эди.

Дарҳақиқат, ота-боболаримиз “Ота-она фарзанд учун энг биринчи ва олий мадрасадир”, деб тўғри айтган. Оқила аёлнинг тарбияси билан, кўзи ожиз бўлишига қарамасдан, ёш Муҳаммаднинг илмга, айниқса, ҳадисларни ёд олишга рағбати кундан-кун ошиб борди. Кунлардан бир куни онаси тушида Иброҳим алайҳиссаломни кўради. У зоти шариф бу мушфиқа онага қараб: “Эй, волида! Сенинг беҳисоб дуоларинг шарофатидан Аллоҳ таоло ўғлингга мукаммал кўриш қобилиятини қайтарди”, дея хушхабар айтади. Шу чоғ уйқудан уйғониб, ўғлининг қароқларида нур жилваланиб, кўзларига олам қайтадан нурафшон бўлиб турганини кўради. Оқила она Аллоҳ таолога шукрона ибодатини қилиб, фарзандлари ҳақига узундан-узун дуолар айтиб, тонг оттиради.

Таълим-тарбияни ибодат даражасидаги амал деб билган бир онанинг беқиёс хизмати сабаб бугун бутун олам мусулмонлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларидан, энг саҳиҳ ривоятлардан баҳраманд бўлиб келмоқда. Алломанинг 20 дан зиёд бебаҳо асари асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Муҳаддиснинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами бутун дунё мусулмонлари томонидан ҳадис илми соҳасида энг муҳим манба сифатида эътироф этилган.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Read 2145 times

Мақолалар

Top