Мақолалар

Динда саволим бор: "Ўргимчак тушган сувни тўкиб юбориш керак" деган гаплар тўғрими?

— Халқ орасида: “Ўргимчак (шу жумладан чаён) тушган сувни агар у сув тўла идишга тушган бўлса, бутунлай ҳаммасини тўкиб ташлаш керак, ит ялаган сувни ичиб бўлмайди, калтакесак одам терисига тегса, 40 марта ювиниш керак, деган гаплар бор. Шулар ростми?

Бу гапнинг қаердан келиб чиққани номаълум. Жумҳур уламолар, шу жумладан ҳанафийлар ҳам ўргимчак, ари, суварак ва капалаклар сингари қонсиз ҳашаротлар идишдаги сув ёки таомга тушса, ҳатто таомнинг қайноқлиги сабаб ўлса ҳам, сув ёки таомни нажосат қилмайди, дейишган. Шунингдек, бу каби ҳашаротлар тушган сувни ичиш ёки таҳорат ва ғусл каби ибодатлар учун ишлатиш ҳам жоиз. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари далил бўлади: “Агар биронтангизнинг ичимлигига пашша тушгудек бўлса, пашшанинг ҳаммасини ботириб, сўнг олиб ташласин. Зеро, унинг бир қанотида касаллик бўлса, бир қанотида даво бор” (Имом Бухорий ривояти).

Уламолар бундай дейдилар: “Ушбу ҳадис агар сувга ёки бирон суюқликка пашша тушиб, ўлса, уни нажосат қилмаслигига ниҳоятда очиқ далилдир. Бу аксар уламолар, шу жумладан ҳанафийларнинг ҳам фикридир. Аллома Ибн Нужайм: “Пашша тўғрисидаги мазкур ҳукм асалари, ўргимчак ва шу каби оқар қони мавжуд бўлмаган ҳашаротларга ҳам тегишли бўлади”, деган (Баҳрур-роиқ).

Ибн Қудома шундай дейди: “Агар пашша, чаён, қўнғиз ва шунга ўхшаш оқар қони бўлмаган ҳашаротлар озгина сувга тушиб, ўлса, сувни нажосат қилмайди” (Ал-муғний).

Лекин киши ўз табиатидан келиб чиқиб, чаён ёки шунга ўхшаш ҳашарот тушган ичимликни истеъмол қилиш ёхуд ундан фойдаланишни истамаса ихтиёри ўзида.

 

Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов

Read 2171 times

Мақолалар

Top