Мақолалар

Кийиниш одоблари

Замон глобаллашгани сари унинг фойдалари билан бирга зарарлари ҳам тобора намоён бўлмоқда. Шулардан бири кийиниш масаласидир. Ёшларимиз тақлидга ўч бўлгани боис интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кўрган модалари ортидан эргашишга ҳаракат қиляптилар.

Натижани эса кўриб турибмиз: йигитлар калтаиштон кийишиб, бурни ва қулоқларини тештириб олмоқда. Қизлардан эса ҳаё пардаси кўтарилган. Энг ёмони, булар оддий ҳол сифатида қабул қилинмоқда.

Муқаддас динимизда ҳар бир нарсанинг одоби бўлгани каби, кийинишнинг ҳам гўзал тартиб-қоидалари бор. Кийим – инсон зийнати. У киши маънавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг ёрқин кўзгусидир. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!” (Аъроф сураси, 26-оят).

Бугунги глобаллашув даври либосларга ҳам маълум маънода ўз таъсирини ўтказаётгани ачинарлидир. Ғарбдан кириб келаётган ажнабий суратлар ва турли ёзувлар акс этган кийимларни кўриб, ёқа ушлайсан киши. Айниқса, айрим ўсмир йигитлар устидаги либослар ҳар қандай инсонни таажжубга солиши шубҳасиз.

Абу Ҳомид Ғаззолий «Қалб ажойиботлари» номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олий нав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади.

Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий». Муҳаммад ибн Сирийн: «Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди», деган. Умар ибн Хаттоб: «Кийимнинг дағал ва эскирганини кийинглар», деганлар. Бу зот масжид минбарида хутба ўқиётганларида, устиларида еттита ямоқ солинган кўйлак бор эди.

Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун, у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир.

Америка тери касалликлари мутахассислари ўтказган тадқиқотлар натижасида ғарблик аёллар ёш бўла туриб ҳусн ва жозибаларини тез йўқотаётганлари, барвақт ажин тушаётгани ва унинг тез кўпайиб кетаётгани, аксинча, муслима аёлларнинг етмиш-саксон ёшда ҳам юзлари чиройли, ажинсиз ва нурли экани, уларда ғарб аёлларида кўп учрайдиган тери саратони (раки) хасталиги деярли кузатилмаётгани аён бўлди.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам мусулмон инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак.

Бугун айрим кишилар ҳатто давраларга ҳам пала-партиш, кир-чир кийимларда келиб қолади. Кийим кир бўлса, ювади, йиртилса, тикади, бужмайса, дазмоллайди, тугмаси узилса, қадайди ва ҳоказо. 

Саҳл ибн Ҳанзалиядан ривоят қилинади: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, сизлар биродарларингиз ҳузурига борурсизлар. Бас, либосингизни тузатинг, эгар-юкларингизни тузатинг, одамлар ичида худди холдек бўлинг», дедилар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Тобароний ва Ҳоким ривояти).

Хуллас, ёшларимизга айтар сўзимиз шуки, ғарбга тақлид қилишимиз билан ҳеч нарсани йўқотмаймиз, деб ўйлашингиз мумкин. Бу жуда катта хато. Чунки ўзлигидан мосува инсоннинг йўқотадиган бошқа нарсаси йўқ.

Тавфиқ Аллоҳдан!

 

Мансур ЎРОЛОВ,

Сергели туманидаги “Нўғайқўғон” жоме масжиди имом ноиби

Read 3092 times

Мақолалар

Top