Мақолалар

“Бисмиллоҳ дегилу қўйғил қадам...”

Ҳазрат Навоийнинг “Хамса” асарини варақлар эканмиз, унда исломий истилоҳлар, Қуръон ва ҳадисдан иқтибослар, фиқҳий атамаларга кўп дуч келамиз. Лекин уларнинг маъно ва мазмунини яхши тушунмаганимиз боис шоир кўзлаган мақсадни етарлича илғай олмаймиз.

“Ҳайратул аброр” достонининг дастлабки боблари тавҳид, Ислом илми ва маданияти, Аллоҳнинг қудрати ва раҳмати, Ҳақ таолонинг карами, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикри, Меърож воқеа­ларига бағишланган. Яъни бир боб ҳамд, тўрт боб муножот ва беш боб наът билан бошланади. Бу ўша давр анъанасига мувофиқ эди.

Бу ҳақда улуғ шоир “Бадоеул бидоя”да: “Ҳар ҳарф ғазалиётининг аввалғи ғазали Тенгри таоло ҳамди била мувашшаҳ, ё Расул алайҳиссалом наъти била муфаттаҳ, ё мавъиза била муваззаҳ”, – деб қайд этади.

Исломда кўп тилга олинадиган, ҳар бир ният, ибодат ва амалий ҳаракатлар олдидан айтиладиган оят “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”.

Басмаланинг фазилати тўғрисида Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳа­дисларининг бирида бундай марҳамат қилганлар: «Эътиборли ҳар бир иш “Бис­миллаҳ” билан бошланмас экан, унинг охи­ри кесикдир (баракаси бўлмайди, охи­рига етмайди)» (Имом Ибн Ҳиббон ри­вояти).

Алишер Навоий “Ҳайратул аброр” дос­тонининг матлаини бундай сатрлар билан бошлайди:

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим,

Риштаға чекти неча дурри ятим...

Улуғ шоир мазкур бобда Басмаланинг ҳар бир ҳарфини поэтик шарҳлайди. Ху­лосада маъно ришталарини бир марказга қаратади:

Йўл ёмону яхшисидан ема ғам,

Бисмиллоҳ дегилу қўйғил қадам.

Достондан ўрин олган тўрт муножотдаги қарашлар бир-бирини такрорламайди. Биринчи муножотда Ҳақ таолонинг яккаю ёлғизлиги, ҳусну жамол соҳиби экани, ҳуснини томоша қилиш учун ойна сифатида оламни яратгани тўғрисида фикр юритилса, иккинчи муножотда Аллоҳнинг холиқияти, барча мавжудотлар унга сажда қилиши тўғрисидаги ғоялар ўз ифодасини топган.

Учинчи муножотда эса, Аллоҳнинг Қаҳҳору Раҳмонлиги, инсонни мукаррам қилиб яратгани, барча нарсани ажойиб мувофиқлик билан ҳаракатлантирувчи экани ҳамда қиёмат тасвири ва у кундаги Муҳаммад алайҳиссалом шафоати юксак эҳтирос билан тараннум этилган ва охирги муножотда Аллоҳ таолонинг карам эгаси ва кечиримли зот экани баён қилинган.

Атоқли навоийшунос Абдуқодир Ҳа­йитметов ўринли таъкидлаганидек: «Бун­дан шу хулоса чиқадики, диний масалалар ва мавзулар билан боғлиқ қайси нарсани баён қилмасин, бутун “Хамса” давомида Навоий биринчи навбатда Қуръон оятларига асосланган ҳолда қалам тебратган ва уларни шу негизда бадиий талқин этган».

“Ҳайратул аброр”даги муножотларда оят ва ҳадисларни байтда қисман ёки тўлиқ қўллаш, оятларнинг тўлиқ ёки маълум бўлагини таржима қилиб келтириш, оятларга ишора қилиш ёхуд уларнинг мазмунини ифодалаш тарзида истифода этилганига гувоҳ бўламиз.

“Ҳайратул аброр” мақолотларида баён қилинган фикрлар “Хамса”нинг бошқа достонларида кенг кўламда, образлар воситасида бадиий ифодасини топган.

Абдуғафур Раззоқ БУХОРИЙ,

“Мир Араб” олий мадрасаси

мударриси

Read 1911 times

Мақолалар

Top