Мақолалар

Исбот талаб қилмас ҳақиқат

Кўпчилик қўли калта-камбағал, бева-бечора, етим-мискинларнинг кўнгилларини кўтариш учун “Бу дунё синов ва имтиҳон дунёсидир. Сабр-қаноат билан ўтган одам имтиҳондан яхши ўтган бўлади” каби таскинли сўзларни ишлатадилар. Умумий маънода тўғри. Лекин бу сўзлар фақат камбағалларга эмас, балки, бойга ҳам, подшоҳга ҳам тенг эканини кўпчилик чуқурроқ ўйласа, биладию, лекин юзакироқ қаралиши натижасида гўё бой-бадавлат кишилар имтиҳондан беш баҳога ўтиб бўлгандек, ҳеч ким уларга хоссатан, бундай сўзларни айтиб, огоҳликка чақирганини кўрмайсиз!

Камбағални Аллоҳ таоло Ўзи берган оз ризқига қаноат қиладими ёки жазавага тушиб, шикоят қилишдан у ёғига ўтолмай, “Мени нима гуноҳим бор эдики, бир бошимга шунча ташвиш?” деб шаккокликка кетар эканми? қабилида имтиҳон қилса, бойни “Қани бу бандам, Мен берган кенг риз ва бойликни Ўзим унга буюрган шахс ва ўринларга Мени розилигим учун сарф қила оладими ёки “ўзим ишлаб топганман”, “закот бу солиқми?” дея, ўзидан кетадими? қабилида имтиҳон қилур! Зеро, бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир» (Мулк, 2).

Бу дунёнинг имтиҳон экани барчада бирдек кечадиган, “икки кара икки тўрт” бўлгани каби исбот талаб қилмас ҳақиқатдир! Ҳамма бошидан ўтказадиган бир синовдир: ундан ким, қанақа ўтиши номаълум.

Оят охиридаги «...У Азиз (қудратли)дир...» деган жумладан “Ҳой одамлар! Мен сизларни синов учун яратганимни билдингиз! Шунга қараб, охирини ўйлаб иш қилинглар! Агар синовдан яхши ўтмай қолсангиз, ўзингиздан кўринг. Мен шундай қудратли зотманки, агар ҳаддан ошсангиз, Мени азобимдан сизларни ҳеч ким тўса олмайди”, деган таҳдид маъносини, «...Ғафур (кечиримли)дир» оятидан эса “Агар бошида Раббингизни унутиб, Унинг синовига яхши тайёргарлик қилмай, турли ёмон ишларни қилиб қўйган бўлсангиз, энди мени кечирмаса керак, деб ноумид бўлманг! Чунки Менинг “Раҳматим ғазабимдан ўзган (кўп, ортиқ)дир!”. Гуноҳини бўйнига олиб, Ҳузуримга бош эгиб, тавба қилган банларимга ўта кечиримли зотман”, деган умидбахш маъноларни англатади!

“Кўп ҳолларда юқоридаги насиҳатомуз кўнгилга тасалли берувчи сўзлар фақат камбағалларга айтилиб, бойлар четда қолганиданми, кўп ҳолларда бироз қўли бошқалардан кўпроқ пул кўриб қолган кишилар, “Кўрмаганни кўргани қурсин” мақолига тушадиган суратга ўтиб қолишади! Бу буюк имтиҳон натижасига ҳам, дунёдаги имтиҳонлар натижаси иштирокчи қанақа қатнашгани ёки умуман иштирок этмаган тақдирда ҳам, қандайдир йўллар билан ижобий ҳал қилиш осонлиги учун эътиборсиз бўлавериш жоиз экани каби беписанд қарайдиларми?

 Албатта, ҳамма бойлар ҳам ундай эмас, ўзининг қул-банда эканини унутмай, барча вазифа ва масъулиятларини ҳис этиб, фарз, вожиб ва ихтиёрий нафака-эҳсонларини ўз ўрнида бажарувчи, саховатлилари кўплиги шубҳасиз! Имтиҳондан яхши ўтиш илинжида юрганлари бисёр!..

 

Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

Read 5106 times

Мақолалар

Top