Мақолалар

«Макка дарвозаси» ва унинг яратилиш тарихи

Қуръон китоб шаклидаги дарвоза лойиҳаси муаллифи бу ишини фаолиятидаги асосий ютуғи деб билади ва фахрланади.

Жидда — Макка автомобиль йўлида Қуръон стендига ўхшаб кўринган «Макка дарвозаси» мусулмон бўлмаганлар кириши тақиқланган чегарани белгилаб беради.

«Макка дарвозаси» қарийб 40 йилдан буён Жидда — Макка автомобиль йўли бўйлаб муқаддас шаҳарга кирувчи саёҳатчиларни кутиб олади. Шаҳардан 5 километр узоқликда жойлашган катта аркли иншоотнинг баландлиги 152 метр, эни эса 31 метрни ташкил қилади. Турли нақшлар билан безатилган, кечалари эса чироқлар билан ёритилган. Ёдгорлик 1979 йилда таниқли саудиялик рассом, ҳайкалтарош ва фотограф Диа Азиз Диа томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у замонавий араб санъатига қўшган ҳиссаси билан танилган.

Аркнинг яратилиши ҳақида рассом шундай дейди:

«Дарвозанинг дизайни ишониб топширилган компания улар қандай кўринишга эга бўлиши кераклигини билмас эди. Менга айтилган ягона истак шу эдики, дарвоза шаҳарга олиб борувчи асосий магистралда бўлсин... Мен ўйладим: Нима Маккани ўзига хос қилади? Бу пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган жойлари, Каъба шу ерда жойлашган... Лекин, энг муҳими, Макка – Қуръон шаҳри деган фикр мени ҳайратга солди. Ҳаммаси Қуръоннинг ерга нозил бўлиши билан бошланди ва мен бу фикрни қандай ифодалаш ҳақида ўйлай бошладим... Бир неча кунлик мулоҳазалардан сўнг менга стрендда Қуръон кўринишидаги дарвоза яратиш ғояси келди".

Рассомнинг ғояси компания томонидан маъқулланади ва Диа Азиз Диа архитекторлар, қурилиш муҳандислари ва хаттотлар билан якуний эскизни амалга ошириш ҳамда дарвозанинг кичик моделини яратиш учун ишга киришади.

“Мен Макка шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Абдулқодир Кушакнинг ишхонасига бориб, унга лойиҳани тақдим қилдим. Тахминан икки ой ўтгач, қирол Фаҳд дарвоза ва унинг атрофидаги боғнинг яратилишини маъқуллагани эълон қилинди, — дейди рассом.

Дарвоза 1985 йилда қуриб битказилди.

Диа лойиҳага қўшмоқчи бўлган битта режа бор эди — дарвоза тепасидаги катта чироқ (прожектор). Аммо бу фикр амалга ошмади:

“Макка нафақат мусулмонлар, балки бутун ер юзи учун маёқ бўлганидек, Қуръони Карим ҳам умид ва тинчлик чироғи эканини кўрсатмоқчи эдим”, — дейди у.

Диа Азиз Диа унинг ғояси қачондир ҳаётга татбиқ этилиши ва дарвоза дизайни тугалланишига умид қилмоқда.

Рассом Макка дарвозалари фақат Саудия Арабистони лойиҳаси эканини таъкидлайди:

“Кўпчилик буни асосан саудияликлар амалга оширганини билмайди. Чет элликлар унга жалб қилинган, деган фикр кенг тарқалган. Аслида, бу дарвозалар Саудия меъморлари, хаттотлари ва муҳандисларининг иши”.

Диа Саудия Арабистонидаги энг кекса ва энг муваффақиятли рассомлардан бири бўлиб, кўплаб мукофотларга сазовор бўлган. Шунингдек, у Жидда шаҳридаги Таҳлия кўчасидаги “Ал-Аҳли” футбол клуби ёдгорлиги, самолёт қисмларидан ясалган “Одам орзуси” ёдгорлиги, 2006 йилда Саудия Арабистонидан Мексикага совға қилинган ҳайкал ва бошқа муҳим лойиҳаларга ҳам муаллифлик қилган.

Аммо рассом фаолиятидаги энг муҳим асар "Макка дарвозалари"ни ўз мероси деб билади:

“Бу фаолиятимнинг бошидан то ўлимгача бўлган ҳаётимдаги асосий ютуғим. Ундан муҳимроқ нарса йўқ. Макка дунёдаги ҳар бир мусулмоннинг қалбидаги шаҳар. Мен унинг дарвозаларининг лойиҳачиси бўлишимни Аллоҳ таоло менга берганига ишонаман”, — дейди фахр билан у.

Баҳринисо Тўхтасин қизи тайёрлади.

Read 2540 times

Мақолалар

Top