Мақолалар

Қадри улуғ ойнинг фазилатлари ҳам бебаҳо

Зулҳижжа ойи - Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган тўрт ойнинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойи.

Зулҳижжа ойи - Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа ва Қурбон ҳайити нишонланадиган ой. Бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ даргоҳида Зулҳижжанинг ўн кунидан афзал кун йўқ”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Хўш, бу ойнинг яна қандай фазилатлари бор? Ҳайит куни қурбонлик сўйиш кимлар учун вожиб? Арафа кунининг рўзаси ҳақида нималарни билишимиз лозим?

Мана шу саволлар билан Наманган шаҳар бош имом-хатиби Мусохон АББАСИДДИНОВга юзландик.

- Муҳтарам домла, суҳбатимиз аввалида Зулҳижжа ойининг фазилатлари ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз?

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Зулҳижжа ойи ҳижрий-қамарий сананинг охирги, ўн иккинчи ойи ҳисобланади. Динимизда 4 ой ҳаром қилинган. Булар - Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойларидир. Мўмин-мусулмонлар ушбу ойларни қадрлаши, эъзозлаши ва албатта, уларнинг ҳаққини ҳалоллаши керак. Яъни, бу ойларда имкон қадар нафл ибодатларни кўпайтириш орқали Аллоҳга қурбат ҳосил қилишлик билан бўлади. Хусусан, Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни – Ашри Зулҳижжа дейилади, ушбу 10 кунда қилинадиган савобли амаллар ажри жуда ҳам улуғ.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Огоҳ бўлингиз, кунларингизнинг энг ҳурматлиси ушбу кунингиздир. Яна огоҳ бўлингизки, ойларингизнинг энг ҳурматлиси ушбу ойингиздир. Яна огоҳ бўлинг, юртларингизнинг энг ҳурматлиси ушбу юртингиздир”.

Ушбу ҳадиси шарифдан Зулҳижжа ҳурматли ойларнинг энг ҳурматлиси экани маълум бўлади. Қолаверса, Аллоҳ таоло ушбу ойнинг ўн кечаси билан қасам ичган. Аллоҳ таолонинг бирор нарса билан қасам ичиши ушбу нарсанинг улуғлигига далолат қилади.

Парвардигори олам “Фажр” сурасида марҳамат қилади: “Ва ўн кеча билан қасам” (2-оят). Кўплаб муфассирларнинг фикрига кўра, оятдаги ўн кечадан мурод Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кечасидир. Ушбу ўн кунликда бутун дунё аҳли ушбу кунларнинг яхшилигига мушарраф бўлади. Ҳаж қилувчилар эса ҳам ушбу кунларнинг, ҳам Байтуллоҳнинг хайрига мушарраф бўлади.

Ушбу ўн кунлик Аллоҳ таолога тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтишни кўпайтириш ила хосланган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир. Бас, у кунларда таҳлил, такбир ва ҳамд айтишни кўпайтиринглар”, деб марҳамат қилганлар.

Ушбу ойда Арафа куни бордир. Ушбу кун Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўладиган, бандаларнинг кўплаб гуноҳлари кечириладиган ва дуолари қабул бўладиган кундир. Арафа куни тутилган рўза икки йиллик гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўлади. Бу ойда тутилган рўза улуғ ажрларга мушарраф этади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

- Бу ўн кунликда Қурбон ҳайити ва қурбонлик қилишдек улуғ амал ҳам бор. Ҳайит куни қурбонлик сўйиш кимлар учун вожиб? Қурбонликка оид ҳукмлар қандай?

- Дарҳақиқат. Ушбу муборак ойда қилинадиган амали солиҳларнинг энг афзали – Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни Ҳайит намози ўқилганидан сўнг, учинчи кун қуёш ботгунга қадар, яъни 3 кун ичида, мусулмон, оқил, балоғат ёшига етган, муқим ва закот беришга қодир бўлган кишиларга бир жонлик сўйиш вожиб ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу кунда энг биринчи қиладиган ишимиз қурбонлик сўйишдир», дейдилар. Қуръони каримнинг энг кичик «Кавсар» сурасида: «Биз сизга, эй Расулуллоҳ, Кавсарни ато этдик. Шундай экан, Роббингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг», дейилади. Муфассирлар ушбу оятлар тафсирида, намоздан мурод – Қурбон ҳайити намози, қурбонликдан мурод қурбонлик сўйиш эканини айтишади. Бундан кўринадики, қурбонлик қилишлик мусулмон, оқил, солиҳ, муқим ва закот беришга қурби етган инсонга вожиб бўлади.

Қурбонлик қилишнинг тарихи кўпчиликка яхши маълум. Шундай бўлса-да, яна бир карра эътироф этиб ўтишимиз ўринли бўлса керак.

Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом пайғамбарларнинг оталари саналади. Чунки Иброҳим алайҳиссаломдан қолган пайғамбарлар тарқалган. Сора онамиздан туғилган фарзандлари Исҳоқ алайҳиссаломдан минг-минглаб пайғамбарлар, Ҳожар онамиздан туғилган катта ўғиллари Исмоил алайҳиссаломдан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом дунёга келганлар.

Иброҳим алайҳиссалом ёлғон арафа куни, яъни Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни бир туш кўради. Унда катта ўғли Исмоил алйҳиссаломни бўғизлаб қурбонлик келтираётган бўлади. Шунда Иброҳим алайҳиссалом бу тушни шайтоний бўлса керак деб, эътибор қилмайди. Лекин уч марта кўрганидан кейин бу Аллоҳ томонидан буйруқ экани аниқ бўлади ва ўғлининг олдига бориб: «Эй ўғлим, сизни тушимда қурбонлик қилаётган эканман», дейди. Шунда ўғли: «Эй отажон, сиз Аллоҳнинг айтганини қилинг, мени сабр қилгувчилардан топасиз, иншааллоҳ», дея жавоб қайтаради.

Шу билан Иброҳим алайҳиссалом ўғлини етаклаб Мино водийсида кетаётганларида, Исмоил алайҳиссаломнинг ортидан уч марта шайтон чиқиб: «Отанг сени сўйишга олиб кетяпти», деб васваса қилади. Лекин Исмоил алайҳиссалом унинг шайтон эканини билиб, тош отади. Ҳаж ибодатини адо этишда Мино водийсида тош отиш шундан қолган.

Иброҳим алайҳиссалом ўғлини қурбонлик қилишликка ётқизганида ўғли: «Эй отажон,  мени бўғизлаётган пайтингизда юзимни ерга қаратиб қурбонлик қилинг. Мен сизга ёмон назар билан қараб қўймайин», дейди. Шу боис, қурбонлик қилишда қурбонлик ҳайвонининг қулоғини бир қўл билан ушлаб, унинг кўзи тўсилиб, сўнгра сўйиш қурбонлик қилиш одоби ҳисобланади.

Иброҳим алайҳиссалом тиғни тортган вақтларида мўъжиза юз бериб, тиғ Исмоил алайҳиссалом бўйинларни кесмайди. Шунда Аллоҳ томонидан: «Эй Иброҳим, сизнинг тушингиз вожиб бўлди, сиз ва ўғлингиз имтиҳондан ўтдингиз, сизга жаннатдан бир қўй ато этдик, ўшани қурбонлик қиласиз», деган нидо келган ва шу пайтгача шундай бўлиб қолган.

Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Демак, Аллоҳ таоло туя, қўй, эчкиларни сўйишни диннинг шиорларидан қилди. Бу амалларни бажаришда Аллоҳ таолонинг азамати ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.Ундан ташқари, бу жониворларни сўйишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойда масалан, ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойда эса савобдир. Қурбонликдаги ихлос, хоссатан Аллоҳ таоло учун ва ундан савоб олиш мақсади билан қилишдир.

- Қандай ҳайвонлардан қурбонлик қилинади?

- Қўй, эчки, қора мол, қўтос ва туя каби ҳайвонлардан қурбонлик қилинади. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда қўй бир киши учун, қора мол ва туя бир нафардан етти нафаргача кишининг номидан сўйилса ҳам бўлади.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг ёшлари ҳам китобларимизда баён қилинган. Қўй – 1 ёшли, қора мол – 2 ёшли ва туя – 3 ёшли бўлиши керак. Эчки-қўйларни бир киши, қорамол ва туяни бир неча киши қўшилиб, қурбонлик қилиши мумкин.

Қурбонликда ният муҳим. Алоҳида уқтириш керакки, қурбонлик қилаётганлар қурбонлик ниятини қилиши керак. Масалан, дейлик, 5-6 киши қорамол қурбонлик қилишга ният қилди, аммо уларнинг бири: «Ўзи уйга гўшт олишим керак эди, арзонга тушади», деб оддий гўштли бўлиш ниятини қилди. Бу ҳолда бошқаларнинг қурбонлиги ҳам қабул бўлмайди, соқит бўлмайди.

Юқорида айтиб ўтилган жонлиқларнинг энг чиройлиси ва соғломи қурбонлик қилинади. Инсонга доимо мана шундай чиройли ва сифатли нарсалар ёқади. Энди Аллоҳ учун, ибодат учун ҳам, албатта ҳар томонлама мукаммалининг ҳаракатини қилиш керак. Бунинг сабаби нимада? Бунинг сабаби – холислик ва унинг гўшти тақдим қилинадиган мискин ва камбағал инсонларнинг кўнглини тўлдириш. Оладиган одам ҳам шу гўштнинг тозалигига ва сифатлигига ишонади ва кўнгли хотиржам бўлади.

Ҳусайн ибн Алидан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир киши қурбонлик қилаётганидан дили хурсанд бўлса ва шу қурбонлигидан савобни ният қилса, ушбу қурбонлиги ўз соҳиби учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Табароний Кабир). 

Шунингдек, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонлик куни одамнинг ҳеч бир амали Аллоҳ таолонинг наздида қурбонлигидан зиёда савобли бўлолмайди. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохлари, гўштлари ва туклари билан қўшилиб келади ва у нарсаларнинг барчаси эвазига соҳибига савоб етади. Қурбонлик қони ерга тушмасдан олдин ўша банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос бир даражага кўтарилади. Қурбонлик вақтида қалбингиз хурсанд ҳолда қилинглар, кўп харажат қилганингиз учун қалбингиз оғримасин”, дедилар (Ибни Можа, Термизий ривояти).

- Демак, мўмин инсон бу улуғ кунлар ва кечаларни ғанимат билиб, тоат-ибодат, солиҳ амаллар ва савобли ишларни ҳамда дуо, истиғфор ва зикрларни кўпайтириши, шукроналик билан яшаши лозим. Шундай эмасми?

- Албатта. Имом Бухорий ва Имом Муслимдан келтирилган ҳадиси-шарифда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Аллоҳнинг наздида Зулҳижжанинг аввалги 10 кунида қилинган солиҳ амалларга бериладиган савобли амалларни топмадим”, дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи ҳамми?”, дедик. “Ҳа, магар у моли ва жони билан чиқса-ю, ундан ҳеч нарсаси қайтмаса, мустасно”, деган эканлар.

Шу ўринда айтиб ўтишни истардимки, куни кеча Қорақалпоғистон республикасида бўлиб ўтган нохушликлар барчамизни хавотирга солди. Айрим фуқароларнинг ёт ғоя ва кучлар таъсирига тушиб, эл тинчлигига раҳна солиши нафақат қорақалпоқ, балки бутун халқимизни ташвишлантирди. Шукрки, қисқа вақт ичида вазият барқарорлашди.

Менинг ишончим комилки, дини, мақсади, орзу-ўйлари бир бўлган қорақалпоқ ва ўзбек эли бирон-бир мақсадга ур-сур қилиш, қон тўкиш билан эришишни истамайди. Бу эллар доим тинчлик истайди. Бу талотўплардан кимлардир манфаатдор бўлгани кундек равшан бўлди. Ҳукуматимиз томонидан фуқаролар ва халқ тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зарур чоралар кўрилмоқда.

Мана шундай улуғ кунларда бу каби кўнгилсизликлар юз бермаслиги керак, аксинча, барчамиз ҳамжиҳатликда, аҳилликда ва бирдамликда қутлуғ айёмларни биргаликда нишонлашимиз лозим. Бугунги осуда, тинч ва фаровон кунларга шукроналар келтирсак, ўзимизни эзгу ишларга чоғласак, Яратган барча пок ният-мақсадларимизга етказади, иншааллоҳ.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизга яқинлашиб келаётган Қурбон Ҳайити муборак бўлсин. Аллоҳ таоло мана шундай кунларда савобларни кўпроқ қилиб, номаю амалларимизни савобларга тўлдиришда Ўзи ҳиммат берсин. Юртимиз тинчлиги бардавом бўлсин, хонадонларимизга файзу барака ато этсин!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

Read 1519 times

Мақолалар

Top