Мақолалар

Энг яхши кун

Азиз диндошим! Агар сизга 2022 йилнинг энг яхши куни 8 июль куни десам ишонасизми? Агар, бу гапни ўзим ўйлаб топганим йўқ, бу сўз айтилганига 1400 йилдан ошди. Айнан шу кун дуолар қабул бўладиган, ушбу кунда рўза тутган кишининг нафақат ўтган гуноҳлари, балки ҳали қилмаган, келаси йилдаги гуноҳлари ҳам кечирилади. Бу сўзни айтган киши оддий одам эмас, балки энг ростгўй инсон, оламларга раҳмат зот, инсониятга хушхабар берувчи суюкли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

Cизни кўп куттирмайман. Гапларимга биз севган зот Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини хужжат қиламан. У зот алайҳиссалом айтганлар: “Қуёш чиққан ва ботган кунларнинг энг яхшиси – жума кунидир”. дедилар” (Ибн Хузайма ривояти).

Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло бирон кун Арафа куничалик кўп бандани дўзахдан озод этмайди. У яқинлашиб, сўнг дўзахдан озод қилган бандалари билан фаришталар олдида фахрланади ва: «Улар нима исташади?» деб сўрайди” (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом: “Арафа кунининг рўзаси ўтган ва келгуси йиллар (гуноҳи)га каффорат бўлади, деб умид қиламан ”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

2022 йил 8 июль ҳам жума, ҳам арафа куни эканини эътиборга олсак, энг яхши кун, гуноҳлар кечириладиган ва дўзахдан озод қилинадиган муборак бир кундир. Демакки, ушбу кунга берилган фазилатлардан унумли фойдаланиб, Ҳақ таолонинг розилигига эришиб қолайлик. Ушбу кунни зикр ва дуолар билан рўзадор ҳолда ўтказишга бел боғлайлик!

Арафа куни муборак бўлсин, азиз диндошим!

Ёрбек Исломов,
Олмазор туманидаги
“Мевазор” жоме масжиди имом ноиби

Read 1738 times

Мақолалар

Top