Мақолалар

Хурсандчилик байрами

Ҳайит кунлари бутун диёримизни илоҳий бир файз қамраб олади. Одатда ушбу кунда ҳамма бир-бирини улуғ айём билан муборакбод этади. Бу улуғ байрам кунлари кўнгиллар равшан, кайфиятимиз чоғ, нигоҳларимиз қибла, яъни муқаддас Каъбага қараган.

Яратганнинг фазлу карамидан умидвор ҳолда, ҳайит намозини адо этгандан сўнг қурбонлик амалини бажаришга киришамиз. Қурбонлик қилиш берилган неъматларнинг шукронасини адо этиш ва нафсоний иллатлардан покланиш ҳамда банданинг Яратувчиси амрига итоати ва тақвосини намоён этади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратдаги офатлардан озод этади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳайит хурсандчилик байрами. Унда ота-она ва аҳли оила, фарзандлар ширин сўз ва ҳадялар билан қувонтириш, шунингдек, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиб ҳолидан хабар олиш, совғалар улашиш каби қалбларга сурур бағишлаш динимизда мақталган амаллардан. Зеро, ҳайит куни динимизда рухсат этилган, кўнгилни кўтарадиган барча ишларни қилиш лозим.

Баъзи жойларда ҳайит кунлари исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимлар ўтказиш ёмон анъанага айланиб қолган. Яқинлари вафот этган ва никоҳ тўйлари ўтган оилаларда “янги ҳайит”, “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъатдан бошқа нарса эмас. Булар шариатимизда йўқ. Ҳайит кунидаги исрофгарчилик, хурсандчилик байрамини аза ва йиғи-сиғига айлантириш мусулмонларга муносиб эмас. Унга кетадиган маблағ ва неъматларни муҳтож, фақир-мискин, етим-есир, бева-бечораларга тарқатиш жуда катта хайрли иш саналади!

Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шоду-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бири билан дийдорлашув байрамидир. Уни шариат талабларига мувофиқ, ҳушкайфиятда ўтказиш мақталган амаллардан.
Ҳайит байрами кунида бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар ҳам бир-бирига қучоқ очса, ўзаро узр сўрасалар мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Одилжон Нарзуллаев,
Янгийўл туманидаги “Имом Султон”
жоме масжиди имом-хатиби

Read 1464 times

Мақолалар

Top