Мақолалар

Арафот дуолари

Арафотда ўқиладиган дуо. Арафот майдонида ўқиладиган энг афзал дуо – тавҳид дуосидир. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг Арафот майдонида қилган энг кўп дуолари:

Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду биядиҳил хойру ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр, дир.

Маъноси: Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк ҳам, барча мақтовлар ҳам Унга хосдир. Барча яхшиликлар Унинг қўлидадир. У ҳар бир нарсага қодирдир. 

Арафотда қилинган дуо мақбул ва афзалдир. Шу боис, бу майдонда дуони имкон қадар кўпайтириш лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда қуйидаги дуони кўп ўқиганлар: “Аллоҳумма, ижъал фии қолбий нурон, ва фий содрий нурон, ва фий самъий нурон, ва фий басорий нурон. Аллоҳумма, ишроҳ лий содрий ва йассир лий амрий ва аъуузу бика мин васваасис-содри ва шатаатил-амри ва фитнатил-қобри. Аллоҳумма, инний аъуузу бика мин шарри маа йалижу фил-лайли ва шарри маа йалижу фин-наҳаари ва шарри маа таҳуббу биҳир рийаааҳу ва шарри бавоиқид даҳр”

Маъноси: Аллоҳим! Қалбимни, кўксимни, қулоқларимни ва кўзларимни нурга тўлдир. Аллоҳим! Қалбимни очгин, ҳар ишимни осон қилгин. Аллоҳим! Сендан кўксимдаги васвасалардан, ишларимнинг парокандалигидан, қабр фитнасидан паноҳ сўрайман. Аллоҳим, тунда ва кундузи бўладиган нарсаларнинг ёмонлигидан, устидан шамол эсган нарсаларнинг ёмонлигидан, замона ҳалокатининг ёмонлигидан Ўзингдан паноҳ сўрайман. 

Арафотда пешин вақти кирганда пешин билан аср намозини жам қилиб ўқилади. Ушбу икки намоздан кейин нафл намоз ўқиш макруҳдир, шунинг учун намоздан фориғ бўлгач, зикр, тиловат, дуо ва бошқа турли ибодатлар билан машғул бўлиб, ушбу дуо ўқилади: Лаббайкаллоҳумма, лаббайк! Иннал хойра хойрул аахиро. Аллоҳумма, лаа ъийша иллаа ъийшал-аахиро. Аллоҳумма, иҳдиний бил ҳудаа ва наққиний бит-туқоо вағфир лий фил-аахироти вал уулаа”.

Маъноси: Лаббай Аллоҳим, лаббай! Ҳақиқий яхшилик охират яхшилигидир. Ҳақиқий ҳаёт охират ҳаётидир. Аллоҳим! Ҳидоятинг билан мени ҳидоятга йўллагин, тақво билан поклагин, дунёю охиратда мағфират қилгин. 

Арафотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шом вақтида қуйидаги дуони ўқиганлар:

“Аллоҳумма, лакал ҳамду каллазий тақулу ва хойрон миммаа нақулу. Аллоҳумма, лака солаатий ва нусукий ва маҳйаая ва мамаатий, ва илайка маабий, ва лака туроосий. Аллоҳумма, инний аъуузу бика мин ъазаабил-қобри ва васвасатис-содри ва шатаатил-амри”.

Маъноси: Аллоҳим! Сенга Ўзинг айтганингдек, биз айтгандан яхшироқ ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳим! Ўқиган намозларим, қурбонлигу ҳаж амалларим, ҳаётиму мамотим Сен учундир, қайтишим ҳам, меросим ҳам Сенгадир. Аллоҳим! қабр азобидан, кўксимдаги васвасалардан, ишларнинг парокандалигидан паноҳ беришингни сўрайман. 

Арафотдан қайтишда талбия (Лаббайкаллоҳумма, лаббайк! Лаббайка, лаа шарийка лака лаббайк! Иннал ҳамда ван-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак!) ва истиғфор (Астағфируллоҳ) айтилади ҳамда қуйидаги дуони ўқиш лозим:

“Аллоҳумма, илайка афазту ва мин ъазаабика ашфақту, ва илайка роғибту ва минка роҳибту, фақбал нусукий ва ъаззим ажрий варҳам тадорруъий вақбал тавбатий, вастажиб дуъааий ва аътиний суълий, йаа арҳамар рооҳимийн”.

Маъноси: Аллоҳим! Ҳузурингга келдим, азобингдан қўрқдим, Сен томон рағбат қилдим, ғазабингдан қўрқдим. Ҳаж амалларимни қабул айлагин. Ажримни улкан қилгин. Тавбамни қабул этгин. Тазарруъларимга раҳм қилгин. Дуоимни қабул, муродимни ҳосил қилгин, Ё меҳрибонлар меҳрибони!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2572 times

Мақолалар

Top