Коронавирус офати жаҳон иқтисодиётига катта зарба бериб, миллиардлаб зарар келтирган бўлса, айни кунда бўлаётган воқеалар ҳам кишини жиддий ташвишга солади. Бу фожиалар ортидан дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи кун тартибига чиқмоқда.
Халқаро экспертлар фикрига кўра, пандемия оқибатида очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони икки баробар ошиб, 1 миллиард миллионга етди. Бир қатор мамлакатларда, хусусан, Сурия, Афғонистон, Ироқ, Ливия, Яман, Судан, Эфиопия, Нигерия каби давлатларда озиқ-овқат, нон етишмовчилиги кузатиляпти. Оқибатда аҳоли егулик излаб аянчли ишларга ҳам қўл урмоқда.
Шукрки, юртимизда давлатимизнинг ғамхўрлиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли қорнимиз тўқ, устимиз бут. Тинч-хотиржам, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам истаган егуликни тановул қиляпмиз. Аммо бундай шароитларнинг қадрига етиб, шукрона айтиш ўрнига исрофгарчиликка ҳам йўл қўяётганимиз ачинарлидир.
Яқинда пойтахтимиз бўйича мингта чиқинди шохобчасининг ҳар биридан кунига ўртача 3 килограммдан, умумий ҳисобда 2 тоннага яқин нон чиқиндига чиқариб ташланаётгани ҳақидаги маълумотга кўзим тушди. Агар биргина шаҳримизда вазият шундай бўлса, мамлакатимиз бўйича бу рақамнинг салмоғи янада ошиши тайин.
Аслида, қорнимиз бир бурда нонга тўяди. Лекин дастурхонда нон бўлаклари бўлса-да, бирор киши келиб ўтирса, яна янгисини синдириш одат тусига кирган. Хуллас, есак-емасак, синдираверамиз. Овқатлангач эса, баъзан ортган нонлар ташлаб юборилади. Ресторан, ошхона, тўйхоналардан ортган қоп-қоп нон бўлакларини кўриб, юрагингиз увишади. Чиқинди шохобчаларида ҳам ахлат ва пўчоққа аралаш ташланаётган нон қолдиқларини кўриб таажжубланасиз, “Бунинг уволи тегмасмикин?” дея ўйга толасиз.
Атрофимизга назар ташласак, нафақат ёшлар, балки катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётганлар, уни исроф қилаётганларни учратамиз. Афсус, бундай кишилар бугун кимлардир бир бурда нонга, ҳатто ушоққа зор эканини англамайди. Улар нонни қадрламаётганининг сабаби дастурхони тўкинлиги, “Доим шундай ҳаёт кечираман” деган ишонч ҳаддан зиёдалигидир. Бу эса тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас.
Бугунги тўйлар ва турли маросимларда исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани, нон қадрини ҳис қилмай қўйганимиз, ачинарлиси, фарзандларимиз ҳам айнан шу йўлдан кетаётгани оғриқлидир. Бу қанчалик фаровон, дастурхонимиз тўкин бўлгани сари маънавий қашшоқлашиб бораётганимиздан далолат эмасми?
Узоққа бормайлик, мустақилликнинг илк йилларида нон қадри қанчалар баланд бўлгани, одамлар соатлаб, кунлаб нонга, унга навбатда тургани, қишлоқларда аҳоли бошоқ тергани чиққанлари ҳали кўз ўнгимизда турибди. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам ота-боболаримиз бир бурда нонга қанчалар зор бўлишган. Оталаримиз, оналаримиз бизни ҳозирги фараҳли кунларга етказиш учун оч-наҳор тер тўкиб, меҳнат қилганлар. Бугунги омон-омон тўкинлик замони аждодларимизнинг орзуси эмасмиди?! Уларнинг дуолари, ниятлари амалга ошиб, фаровон ҳаёт кечиряпмиз. Бунга шукр қилиш ўрнига исрофгарчиликка йўл қўйишимиз қанчалар тўғри?!
Зеро, муқаддас динимизда исроф қаттиқ қораланади. Аллоҳ таоло Ўз каломида: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деган (Аъроф сураси, 31-оят). Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларнинг қадрига етмаслик катта гуноҳдир. Шу боис жонимиз соғ, ейишга бир бурда нонимиз борми, шукрона айтайлик. Чунки бугунги таҳликали замонда дунёда миллионлаб кишилар тинчликнинг, ноннинг нақадар қадрли неъмат эканини ўз кўзлари билан, жонлари билан ҳис этишмоқда.
Ҳадиси қудсийда бундай дейилади: “Эй Одам фарзанди! Ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин. Шунда Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади”.
Дарҳақиқат, ҳозир дунёда миллион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Худо дастурхонимизни тўкин қилди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукр қилиш ўрнига нима учун бу неъматларни исроф қилишимиз керак?!
Ёшлигимизда, “Нон ушоғини боссанг, кўр бўласан”, дея таъкидлашарди. Бу гапларни ота-онамиздан ташқари маҳалладагилар ҳам айтишарди. Кўчада ушоқни кўрсак, олиб, чангини пуфлаб, кўзга суртиб, четга қўярдик. Ҳозир кўплаб хонадонларда дастурхондан бир бўлак нон пастга тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча, пўчоққа ёки ахлат челакка ташланмоқда. Нонга шу зайлда муносабатда бўлсак, Худо кўрсатмасин, эртага афсусланиб қолмайлик. Ахир, “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган-ку!
Шундай экан, қаттиқ меҳнат эвазига етиштирилаётган ноннинг ва бошқа нозу неъматларнинг қадрига етиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик сизу бизнинг асосий вазифамиз бўлиши зарур.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари
"Ҳидоят" журнали 2022 йил 4-сонидан олинди