Мақолалар

Ҳадисда акс этган мўъжизанинг илмий тасдиғи

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. У зот: “Қалбинг юмшоқ бўлишини истасанг мискинларни таомлантир ва етимнинг бошини сила”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилади. У зот: “Қалбинг юмшоқ, ҳожатларинг раво бўлишини ёқтирасанми? (Ундай бўлса) Етимга раҳм қил, унинг бошини сила, таомингдан таомлантир! (Шунда сенинг) Қалбинг юмшоқ, ҳожатларинг раво бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).                                                                         

Етимнинг бошини силаш ҳақидаги бу набавий кўрсатманинг мўъжизалиги қаерда?

Юқоридаги икки ҳадисда айтилишича, бу ишда икки кишига фойда бор экан:

  1. Боши силанаётган гўдакка;
  2. Силовчи инсонга.
  3. Боши силанаётган етим гўдакда биологик илмий мўъжиза содир бўлади. Қандай қилиб дейсизми? Маълумки, бош атрофдаги кишилар билан алоқа қилиш аъзоси ҳисобланади. Унда асаб тизими жойлашган. Бундан ўн тўрт аср муқаддам, ҳали илм-фан ривожланмаган, инсонни бошқарувчи асаб тизими нима эканлиги ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган бир даврда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни ўз ҳадислари орқали баён қилиб қўйган эканлар! Силовчи шахс қўлини етимнинг боши устига қўяр экан, унинг зеҳнида ўрнашган ёмон фикрлар кетади. Бу амалиёт такрор бажарилганида эса етимнинг хотири жам бўлиб, ором олади, танаси яйрайди. Мана шу амалиёт чоғида ҳар икки томонда айни вақтда ажиб бир ҳолат содир бўлади. Яъни жамиятнинг заиф ва меҳрга муҳтож қатлами билан бақувват ва меҳрибон қатлами ўртасида кучли боғланиш юзага чиқади.
  4. Силовчида юзага келадиган самаралар. Етимнинг бошини силаган киши қалб қаттиқлигидек, руҳий касалликдан халос бўлади. Илм тараққий этиб, тиббиёт чўққига кўтарилган бўлса-да, тиббиёт қалб касалликларини даволовчи дори ишлаб чиқара олмади ҳали. Лекин, тибнинг қўли етмаган касалликларни НАБАВИЙ ТИБ бундан қанча асрлар олдин уларнинг даволаш йўлини ҳам, дорисини ҳам кашф қилиб қўйган. Субҳаналлоҳ! Мана шу мўъжиза бўлмай нима? Қаранг, руҳий хасталиклар ичида энг ёмони – қалб касалликларини даволаш йўли жуда осон экан. Бунга пул ҳам, дори ҳам кетмайди. Бироз ҳаракат бўлса бас. Етимлар бошини силовчи инсон “бир ўқ билан икки қуённи урар” экан. Бири уларга бўлган раҳм – шафқати туфайли беҳисоб ажрларга эга бўлса, иккинчиси қалб хасталикларидан халос бўлади. Қалб ва руҳ хасталиклари табибларининг фикрига кўра, ким ёмон ахлоқларга гирифтор бўлган бўлса, унинг давоси ўша ёмон хулқнинг зиддини қилиш билан амалга ошади. Масалан: ман-манлик камтарлик билан, бахиллик саховат билан, қалби қаттиқлик юмшоқлик ва меҳрибонлик билан даволанади…

Хулоса шуки, кимнинг қалби қотган бўлса етимнинг бошини силасин. Кимнинг ҳожати бўлса етимнинг ҳолидан хабар олсин, таомлантирсин, меҳр кўрсатсин! 

Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

Read 8674 times

Мақолалар

Top