Мақолалар

Бойлик нафснинг беҳожатлигидадир

Аввало, инсон қарздор бўлиб қолмаслик учун ҳаракат қилиши лозим. Мўмин банда ҳаётини яхшилаб режалаштириши, иқтисодий ва молиявий ишларни аниқ олиб бориб, бировдан қарз олиб кун кўриш даражасига тушиб қолмаслиги лозим.

Бу борада кўриладиган барча чоралар билан бирга, банда Аллоҳ таолонинг Ўзидан қарздор бўлиб қолишдан паноҳ сўраб дуода бўлиб туриши лозим.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳумма, инни аъуузу бика минал-касали вал-мағроми ва аъуузу бика мин фитнатил-масийҳид-дажжаал! Ва аъуузу бика мин ъазаабин-наар», деб дуо қилаётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Сендан дангасаликдан, қарздорликдан паноҳ сўрайман. Сендан Масийҳи Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман. Сендан дўзахнинг азобидан паноҳ сўрайман».

Бу ҳадиси шарифда келган дуони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан кейин ўқир эдилар. Энди у зот алайҳиссалом Аллоҳ таолодан паноҳ сўраётган нарсалар ила танишиб олайлик:

1. Дангасалик.

2. Қарздорлик.

3. Масийҳи Дажжол фитнаси.

4. Дўзах азоби.

Дангасалик ҳам дўзахдан ёки қарздан қўрққандек қўрқиладиган нарса экан. Ўзи одатда қарздорликка ҳам асосан дангасалик сабаб бўлади. Демак, ундан паноҳ сўраб юриш, унга мутлақо яқин йўламаслик керак экан.

Қарз ҳам шундай. Аллоҳ таоло ҳеч кимни бунга мубтало қилмасин.

Дажжолнинг фитнаси ва дўзахнинг азобидан ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан паноҳ сўраб юриш лозим экан.

Ҳозирги кўпгина қарздорларга ўхшаб ҳою ҳавас учун, керагидан кўп мол топиш учун ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар учун қарздор бўлиб қолишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Борига сабр ва шукр қилиш, ўзидан кетмаслик мусулмон кишига хос фазилатлардан ҳисобланади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳатто ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот: «Ҳузуримда нима яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмайман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилади. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилади. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

Икки шайх ва Термизийнинг ривоятида: «Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур», дейилган. Бошқа бир ривоятда эса: «Аллоҳим! Оли Муҳаммаднинг ризқини қут – егулик нарса қилгин», дейилган. Яна бир ривоятда эса: «Бойлик молнинг кўплигида эмас, бойлик нафснинг беҳожатлигидадир», дейилган.

Киши молиявий фаолиятида бошқаларнинг қилганига қараб эмас, ўзининг билимига ва имконига қараб иш тутиши лозим. «Фалончи пистон ишни қилиб, бунча пул топган эмиш, мен ҳам шуни қиламан», деб қарзга кириб қолмаслик керак. Ҳозирги қарздорларнинг аксарияти шу қабилда иш тутганлардир.

Мабодо қарз олишга мажбур бўлиб қолганда ҳам, уни олишдан аввал минг бор ўйлаб кўриш керак, ўша қарзни узишга имкони борми, йўқми. Кўпчилик қарзга пул топсам бўлди, ишим юришиб кетади, деган фикрда бўлади. Аслида эса пул топганнинг ҳаммаси ҳам бойиб кетавермайди. Агар шундай бўлганида, бугун қарздорлар бу қадар кўпайиб кетмасди.

Қарздор бўлиб қолганлар қарзларини узиш бирламчи вазифаларидан бири эканини бир зум ҳам эсдан чиқармасликлари, қарзнинг узилмай қолиши ҳам бу дунёнинг, ҳам охиратнинг шармандалиги эканини унутмасликлари лозим. Агар банданинг нияти содиқ бўлса, қарзини узишга сидқидилдан уринса, Аллоҳ таоло унга ёрдам бериши ҳақдир.

“Қарз ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Read 1483 times

Мақолалар

Top