Мақолалар

Покиза қалб ила зикр этайлик

Бандаларига зикру дуо, тасбеҳ ва таҳлил, ҳамду сано эшикларини очиб қўйган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига зикр, дуо, истиғфор ва тавбада намуна бўлган пайғамбаримиз  ва ҳабибимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту дурудлар бўлсин!

Фазилатли Рамазон ойида тутаётган рўзамизни, қилаётган ибодатларимизни Раббимиз ўз даргоҳида ҳусни мақбул айласин!

Ҳар бир мўмин-мусулмон банда бу ойдан унумли фойдаланиб қолишга интилади. Кўпроқ вақтини ибодат, зикр ва истиғфор билан ўтказади. Мақсад – бу ойнинг барокатидан  фойдаланиб қолиш. 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини масжидда жамоат билан ўқиб бўлгач, жойларида ўтириб Аллоҳни зикр қилиш  ва ибодат билан машғул бўлишни яхши кўрганлар.

Имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бир ҳадисда  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким бомдод намозини жамоат билан масжидда ўқиб, кейин қуёш чиққунча ўтириб, Аллоҳни зикр қилса ва кароҳият вақти чиққанидан сўнг туриб икки ракат намоз ўқиса, тўла ҳаж ва умранинг савобига эга бўлади,  деб уч марта айтдилар дейилган.

 Айниқса, рамазон ойида бу амалнинг фазилати бисёр бўлади.

Ҳадиси шарифда қуёш чиққандан сўнг 15-20 дақиқа ўтгандан сўнг туриб икки ракат намоз ўқиш тавсия қилиняпти. Бир ҳадиси қудсийда  Парвардигоримиз; “Эй одам фарзанди! Сен менга куннинг аввалида икки ракат намозни (кафил) қил, мен сенга куннинг оҳиригача ҳолингни чиройли бўлишига кафил бўлай!деб айтади.

Уламоларимиз ушбу ҳадисда ишроқ намозини ўқишга тарғиб бор деганлар. Баъзи ҳадиси шарифларда ишроқ намозини ўқиш инсон ризқининг мўл бўлишига  сабаб бўлиши айтилган.   

Шунингдек, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади:

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан мушрик қабилалар устига ислом қўшинини юбордилар. Қўшин  қисқа муддатда зафар билан қайтди.  Бундан ҳамма жуда хурсанд бўлди. Чунки кўплаб мол-мулк қўлга киритилган эди. Шунда бир саҳоба: “Қандай яхши! Қисқа вақтда  бундай катта ўлжага эга бўлдик!”  деди.  Пайғамбаримиз: “Мен сизларга бундан ҳам яхшироқ нарсанинг хабарини берайинми?”  дедилар.

Саҳобалар: “Беринг,  ё Расулуллоҳ!” дейишди.

 Шунда, у зот: “Ким бомдод намозини жамоат билан масжидда ўқиб, кейин зикруллоҳ билан машғул бўлса, қуёш чиққандан сўнг туриб икки ракат намоз ўқиса, тўла ҳаж ва умранинг савобига эга бўлади”,  дедилар”.

Бу гўзал тавсияга амал қилган  уламолар, авлиёи киромлар дунё ва охиратда буюк мақомларга эришдилар. Зикрнинг Аллоҳ наздида мақбул бўлиши учун инсоннинг қалби пок бўлиши даркор. Агар инсон Аллоҳга осий бўлиб, гуноҳ ишларни қилишдан тўхтамас экан, тилида чиройли калималарни  такрор-такрор айтиб зикр билан машғул бўлса ҳам зокирлик мақомига ета олмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг тилига Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири ўрнашади. Сўнгра бу муборак исм аста-секин унинг ҳалқумига, кўксига ва қалбига етиб боради. Қалбида  беҳуда гапларга, сўкинишларга, жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардандир

Абдурасул АБДУЛЛАЕВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси, “Кулол-Қўрғон” масжиди имом-хатиби                          

 

Read 6540 times

Мақолалар

Top