Мақолалар

Буюк олим - Абу Вақт Сижзий раҳимаҳуллоҳ

Ҳофиз Заҳабий “Сияр аъломин нубало” китобида Имом Абул Вақт Сижзий ҳақида қуйидагиларни келтиради: “У зот Шайх, Имом, Зоҳид, Сўфий, шайхулислом, барча ўлкалардаги олимларнинг суянчиғи, Абул Вақт Абдулаввал ибн шайхул муҳаддис Абу Абдуллоҳ Ийсо ибн Шуъайб ибн Иброҳим Сижзий Ҳиравий Молинийдир. Олим 458/1066 йили туғилган. 465/1073 йили етти ёшиданоқ илм ўргана бошлаган.  У Бушанж шаҳрида Жамолул Ислом[1] Абулҳасан Абдураҳмон ибн Муҳаммад Довудийдан Бухорийнинг “Саҳиҳ”, Доримийнинг “Сунан” ва Абд ибн Ҳумайднинг “Мунтахаб муснад” китобидан дарс олган. Ўз замонидаги жуда кўп катта муҳаддислардан ҳадис эшитган. Хуросон, Асбаҳон, Кирмон, Ҳамадон, ва Бағдодда ҳадисдан дарс берган. У кишининг дарсларига кўплаб талабалар келар эди. Унинг номи машҳур бўлиб, довруғи бутун оламга етганди. Ўз даврида Расулуллоҳга ҳадис борасида санади энг яқин киши эди. Ундан Ибн Асокир, Самъоний, Ибн Жавзий, Суфён ибн Иброҳим ибн Манда, Абу Зарр Суҳайл ибн Муҳаммад Бушанжий ва ҳисобсиз олимлар ҳадис эшитгалар. Хусусан, Юсуф ибн Аҳмад Шерозий Кирмон шаҳрига унинг ҳузурига ҳадис эшитиш учун боргани тарих китобларида келади.

Закиййиддин Бирзолий айтди: “Абул Вақт Ироқ ва Хуросонни айланиб чиқган. Ҳирот, Молин, Бушанж, Кирмон, Язд, Асбаҳон, Карж, Форс, ва Ҳамадонда ҳадисдан дарс берган. У ўзи билан дарс айтадиган китобларини олиб юрар эди. Унинг ҳузурида ҳофиз[2]лар ва ҳатто вазирлар ҳам ўтириб ҳадис эшитишарди. У зотдан дарс эшитган талабалар беҳисоб эди”.

Шогирди Самъоний айтади: “У зот шайх, солиҳ инсон, хулқ-атвори гўзал, хушфел, камтарин ва хушмуомала инсон эди. У Бушанжда Имом Абдуллоҳ Ансорий билан учрашиш бахтига муяссар бўлиб, бир муддат унинг хизматида бўлган. Ироқ, Хузистон ва Басрага сафар қилган. Менга айтиб беришича, Бағдодда Бистомий карвонсаройида яшаган экан. Мен ундан Ҳирот ва Молинда ҳадис эшитдим. У ўқиб чарчамайдиган, ҳадис ривоят қилишни яхши кўрадиган одам эди. “Саҳиҳ”, Абд ибн Ҳумайднинг муснади ва Сунани Доримийдан бир неча бор тўлиқ дарс берган”.

Шогирди Ибн Жавзий айтади: “У таълим беришда сабрли эди. Салафлар каби солиҳ инсон, кўп зикр қиладиган, кўп таҳажжуд ўқийдиган, кўп йиғлайдиган зот эди. Ҳажга боришни қасд қилиб, керакли нарсаларини тайёрлаб қўйган эди. Лекин вафот этиб қолди”.

Шогирди Юсуф ибн Аҳмад Шерозий “Арбаъиинул булдон” китобида шундай дейди: “Мен бутун дунёни илм учун кезиб чиққан ва замонамиз муҳаддиси бўлган устозимиз Абул Вақтнинг ҳузурига йўлга чиққанимда Аллоҳ Кирмон шаҳрида у зотни кўришни насиб қилди. Салом бердим, қўлларини ўпдим ва олдиларида ўтирдим. У киши мендан:

  • Бу шаҳарга нима учун келдинг? – дедилар.
  • Аввало Аллоҳ, ундан сўнг умидим сиздан. Мен сиздан ривоят қилинган ҳадисларни бошқалардан  ёзиб олган эдим. Эди сизни кўриб  нафасингиз баракасини топиб,  Расулуллоҳга бошқаларнинг санадидан кўра яқинроқ бўлган санадингиздан мен ҳам баҳараман бўлиш эди. Шу мақсадларда оёғим билан ҳузурингизга юриб келдим, - деб жавоб бердим. Устозим:
  • Аллоҳ сени ҳам, бизни ҳам Ўзининг розилини топишга муваффақ қилсин. Мақсадимиз ва саъй ҳаракатимизни Ўзи учун бўлишини насиб қилсин. Агар сен мени яхшироқ таниганингда, салом бермасдинг ва олдимда ўтирмасдинг ҳам, - деб узоқ йиғладилар ва йиғилари билан атрофдагиларни ҳам йиғлатдилар. Кейин: - Эй Аллоҳим! Ўзинг гўзал яширишинг ила бизларнинг гуноҳларимизни яшир ва шунинг билан бирга бизларни ўзинг рози бўладиган амаллар узра қилиб қўй! – деб дуо қилдилар. Кейин:
  • Эй болагинам! Мени биласан, мен ҳам отам билан бирга Ҳиротдан Бушанжга Довудийдан “Саҳиҳ” китобини эшитиш учун пиёда сафар қилганман. Ўшанда ўн ёшдан кичкина эдим. Отам қўлимга икки тошни ушлатиб қўярдилар-да: “Кўтар буларни!” дердилар. Қўрққанимдан маҳкам ушлаб кетардим. Отам эса, мени кузатиб кетардилар. Қийналиб чарчаб қолганимни кўрсалар: “Биттасини ташла”, дердилар. Биттасини ташлаганимдан кейин сал енгилроқ бўлиб қолардим. Сўнг, отам мени чарчаганимни пайқагунларича юрардим. Менга: “Чарчадингми?” десалар. Қўрққанимдан: “Йўқ”, дердим. У киши: “Бўлмаса нимага секинлашиб қолдинг?” дердилар. Бир муддат олдиларида тез юриб, кейин яна чарчаб қолардим. Қўлимдан иккинчи тошни ҳам олиб, улоқтириб юборар эдилар. Чарчагунимча ўзим юрардим. Сўнг отам мени кўтариб олардилар. Йўлда деҳқонлар ва бошқа инсонлар: “Эй, Шайх Ийсо, бу болани бизларга беринг. Биз уни ва сизни Бушанжгача уловимизга миндириб олиб бориб қўямиз”, дердилар. Отам эса: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини эшитиш учун уловда боришдан Аллоҳ сақласин! Биз пиёда юрамиз. Агар у чарчаб қолса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини улуғлаб ва савоб умидида уни ўзим елкамга миндириб оламан”, дердилар. Отамнинг бу гўзал ниятларини самараси ўлароқ, бу китобни ва бошқа китобларни устоздан эшитиб жуда кўп фойдалар олдим. Ўртоқларимдан бирортаси мен етган даражага етолмади, мана бугун турли шаҳарлардан инсонлар тўда-тўда бўлиб, мени олдимга илм учун келишяпти.

Кейин у зот биродарим Абдулбоқий ибн Абдулжаббор Ҳиравийга мени ҳалво билан сийла, деб ишора қилдилар. Мен:

  • Ҳазратим! Мен учун “Абул Жаҳмнинг китоби”ни сизга ўқиб, уни сиздан ўтказиб олиш мен учун ҳалво ейишдан кўра яхшироқ, - дедим. У зот табассум қилдиларда:
  • Агар ичга таом кирса кейин калом чиқади, - дедилар. Бизга бир товоқда ҳалво келтирилди. Ҳалвони еб бўлгач, китобимни чиқардим ва у китобнинг устоздаги асл нусхасини олиб чиқишларини илтимос қилдим, олиб чиқдилар. Ўша китобни ўқиб, устоздан ўтказдим ва бундан бениҳоят хурсанд бўлдим.

Сўнгра, Аллоҳ таоло Саҳиҳи Бухорий ва бошқа китобларни бир неча марта эшитишни менга насиб қилди. 553/1158 йил зулқаъданинг олтинчи куни сешанба кечаси, Бағдодда вафот этгунича унинг хизматида бўлдим. Уни Шунизийя қабристонига дафн қилдик. Зеро, у зот менга: “Мени Шунизийядаги марҳум устозларимнинг оёқ томонларига дафн қиласан”, деб васият қилгандилар.

Устозимнинг вафот этиш онлари яқинлашганда, бағримга босдим. У кишининг тиллари зикрдан тўхтамас эди. Шу пайт Муҳаммад ибн Қосим Сўфий кириб қолди. Ўзини унга отиб: Ҳазратим! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни охирги калимаси “Лаа илаҳа илла Аллоҳ” бўлса, жаннатга киради” деганлар деб еғлай кетди. Унга кўзларини кўтариб: “Кошки қавмим билсалар эди, Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини” оятини ўқиди. Муҳаммад ибн Қосим ва ўша ерда турганларга бу ҳол қаттиқ таъсир қилди. У ҳамон ўқир эди, ҳатто сурани ниҳоясига етказди. Кейин: “Аллоҳ! Аллоҳ! Аллоҳ!”, деб, жойнамоз устида ўтирган ҳолда вафот этди. Аллоҳ у зотни Ўз раҳматига олсин!

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

катта ўқитувчиси  Фахриддин Маманосиров

 

 

[1] “Жамолул-ислом” бу кишига берилган лақаб бўлиб, “Ислом чиройи”, деган маънони билдиради.

 

Read 7129 times
Tagged under

Мақолалар

Top