Мақолалар

Ҳижрий 1444-йил муборак!

Ислом тақвими ўн икки ойдан иборат. Аммо биз бу ойларнинг баъзилари ҳақидагина маълумот биламиз, холос. Аксарият одамлар Рамазон ойида рўза тутишни, Зулҳижжада эса қурбонлик қилишни билади. Лекин муҳаррам ойи гўёки унчалик машҳур эмасдек. Ваҳоланки, ҳадиси шарифларда бу ой – Аллоҳ таолонинг ойи деб аталади, бошқа ҳеч бир ойга бундай шараф берилмаган.

Муҳаррам ойи мусулмонлар учун ҳам диний, ҳам тарихий аҳамиятга эга. Бу ой Аллоҳ таоло томонидан нафақат муқаддас деб белгилаб қўйилган, балки Ислом тақвимининг биринчи ойи бўлиб, мусулмонлар бу ойда Мадинага ҳижрат қилганлар.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Ё Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз", деб сўради. Шунда у зот алайҳиссалом: "Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қилади", деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).

Муҳаррам қандай ой?

Муҳаррам ойи Ислом тақвимининг биринчи ойи бўлиб, янги йил бошланишини англатади. Муҳаррам ойи уруш ҳаром қилинган тўрт ойдан бири саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” деб марҳамат қилган (Тавба сураси, 36-оят).

Муҳаррам ойининг асосий саналари:

  • 1-Муҳаррам: Исломий янги йил.
  • 9-Муҳаррам: Ашуро куни учун қўшимча тавсия этилган рўза тутиш куни.
  • 10-Муҳаррам: Ашуро куни.
  • 11-Муҳаррам: Агар 9 кунни ўтказиб юборганлар учун қўшимча тавсия этилган рўза тутиш куни.

Муҳаррам ойи қачон кириб келади?

Муҳаррам ойининг биринчи куни 2022 йилда 30 июлдан бошланади.

Муҳаррамнинг аҳамияти нимада?

Муҳаррам кўплаб диний ва тарихий сабабларга кўра йилнинг энг муҳим вақтларидан биридир:

  1. Бу уруш ҳаром қилинган ой бўлиб, йил ойлари орасидаги аҳамияти юқорилиги учун Аллоҳ таолонинг ойи деб аталади.
  2. Бу мусулмонларнинг Мадинага ҳижрат қилганларини ва Ислом янги йилининг бошланишини англатади.
  3. Бу ойда мусулмонлар катта ажрга эга бўладиган рўза тутишга даъват этилган Ашуро куни бор.

Ашуро кунининг рўзаси

Муҳаррам ойининг 10 куни – Ашуро куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни рўза тутишга даъват этганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Муҳаррам ойининг 9 куни рўза тутиш

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: "Ё Аллоҳнинг Расули, ахир, бу – яҳудийлар ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку?", дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар келаси йили бўлса, албатта, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз", дедилар (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.

 

Ашуро куни аҳли-аёлга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.

Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.

Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 5811 times

Мақолалар

Top