Мақолалар

Дину юрт ривожига муносиб ҳисса қўшган Муфтий Бобохоновлар сулоласи

Бугунги диний соҳадаги улкан ютуқлар, минглаб масжидларнинг фаолият юритаётганию, миллионлаб юртдошларимизнинг эмин-эркин ибодат қилишларини кўрган киши бу кунларга етказгани учун Аллоҳга беҳад шукроналар айтади. Чунки бундай ҳурлик замони неча минглаб ота-боболаримизнинг орзуси, уларнинг меҳнатларию заҳматлари, фидойиликлари, бетиним дуоларининг ижобатидир.

Диний соҳа ҳақида сўз кетганда, аввало диний идора асосчилари, марҳум муфтийлар – Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсиддинхон Бобохоновлар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Уларнинг  диний идора, мадрасалар, олий маъҳад ва масжидлар ташкил топишида жуда катта хизмат қилганларини элу юрт яхши билади.

Шуни алоҳида қайд этишш керакки, Муфтий Бобохоновлар фаолияти шўролар давлатида қалтис бир даврга тўғри келди. Шундай замонлар ҳақида ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб хабар берганлар: “Ҳали одамларга шундай бир замон ҳам келадики, унда динида сабр қилувчи киши ҳудди чўғни чангаллаб турган одамга ўхшайди”, деган мазмундаги ҳадисларида диний фаолият кўрсатиш ўта қийин бўлган вақтларда динни ҳудди чўғни ушлагандек тутиб, кейинги авлодлар учун кўприк вазифасини бажарган, мана шундай уламоларни назарда тутган бўлсалар, ажаб эмас.

Муфтий Бобохоновлар минтақамиздаги бешта республика мусулмонларининг муфтийси бўлиб, бу муҳими ва масъулиятли вазифани ҳам аъло даражада бажарганлар. Собиқ иттифоқ даврида диний уламолар тақиб учраб, турли тазйиқларга қолган дамларда ҳам у зотлар ёпилган масжидларни очиш, бузилиб ётганларни таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг ҳаж сафарларига рухсат олишга эришганлар.     

Муфтий Бобохоновларнинг улкан хизматларидан бири Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкентда  Ислом олий маъҳадининг очилиши бу соҳадаги муҳим қадамлар эди. Бу илму фан ўчоқлари нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон, балки  Россиянинг Европа қисми ва Сибир, Кавказорти, Шимолий Кавказ диний муассасалари учун ҳам кадрлар тайёрладилар. Мазкур ўқув юртларини битириб чиққанлар орасида таниқли дин арбобларининг борлиги фикримизни тасдиқлайди.

Зиёуддинхон ибн Эшон ва Шамсиддинхон Бобохоновлар ўзларининг онгли ҳаёти давомида исломни умуминсоний тинчлик ва дўстлик дини сифатида – барча замонлар ва халқлар учун тарғиб қилдилар. 

Муфтий Бобохоновлар халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга ҳам эътибор бердилар. Бунда улар, биринчидан, турли мусулмон мамлакатларида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, ўша даврларнинг долзарб масалалари юзасидан маъруза қилган бўлсалар, иккинчидан, кўплаб дин ва давлат арбоблари билан алоқа ўрнатдилар.

Муфтий Бобохоновлар иштироки билан ўша даврларда араб мамлакатлари ва ислом дини тарқалган 80 та давлат билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб, диний алоқалар кенгайгани ҳам ҳақиқат. Маълумки, Зиёвуддинхон қори ака малакатимизнинг дипломатик алоқаларини кенгайтириш ва ривожлантириш ишига билвосита,  Шамсуддинхон ҳазратлари эса Миср Араб Республикасида, Саудия Арабистони Подшоҳлигида ва Бахрайн, Жазоир, Йордания давлатларидаги Ўзбекистоннинг фавқуллода ва мухтор элчиси бўлиб бевосита ҳисса қўшдилар. Шу боис Муфтий Бобохоновлар номлари Саудия Арабистони, Марокаш, Иордания Қироллигида, Бангладеш, Ливия каби давлатларда ҳам машҳур шахслар қаторидадир.

Кейинги йилларда ҳукуматимиз кўмагида Муфтий Бобохоновлар сулоласи ҳақида ҳужжатли фильм, кўрсатув, китоб, оммабоп рисола ва туркум мақолалар чоп этилиб, уларнинг динимиз, юртимиз равнақи йўлида қилган ишларини кенг оммаган тарғиб қилинмоқда. Бу эса у зотларнинг ёрқин хотирасига ҳурмат-эҳтиром ва уларнинг хайрли амаллари доим эл ёдида эканлигининг бир белгисидир.  

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари 

Ҳомиджон Ишматбеков

 

Read 1427 times

Мақолалар

Top