Мақолалар

Мустақиллик – бебаҳо  неъмат!

Мустақиллик, хурлик, бировларга қарам бўлмаслик Аллох таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган қадри-шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъматдир.

Даҳрийликка асосланган собиқ тузум пайтида барча диний ва миллий қадриятлардан узилган халқимиз Истиқлолдан кейин имон-эътиқод сари юз тутди. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий бир ҳол эди. Давлатимиз ана шу нозик туйғуни чуқур ҳис этиб, мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини юксалтиришга катта аҳамият берди.

Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Мўмин мусулмонларнинг эмин – эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун ҳамма шароитлар яратилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди.

Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларида уч кун дам олиш белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди.

Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу буюк неъматларнинг шукронасини қилиб, қадрига етиб яшаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишимиз лозим. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор:

“…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброхим сураси 7-оят).

Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди» (Имом Ахмад ва Термизий ривояти), – деб марҳамат қилганлар.

Инсон қаерда дунёга келса, ўша ер унинг учун Ватандир. Киндик қони тўкилган жой унга ҳамма нарсадан қимматли. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларида Маккаи мукаррамани эслаб: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари она-Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: «Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она-Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини».

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиш билан ўлчанади.

Барчамиз учун табаррук бўлган уч сўз бор: Имон, Ватан ва Истиқлол. Бу сўзларнинг мазмун моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб турибмиз.

 

Чуст тумани «БУЛОҚЛИ» жоме масжиди

имом хатиби Абдураҳмонов Лутфиддин

Read 1540 times

Мақолалар

Top