Мақолалар

Нeъматлари тўкис юрт

ШУКРОНАЛИК

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳга шукрки, халқимиз тинч ва осуда юртда яшаб, давр-у даврон сурмоқда. Тантана-ю байрамларимиз шукуҳли ўтмоқда. Яқиндагина муборак Қурбон ҳайити айёмини кенг нишонлаган бўлсак, ҳеч қанча фурсат ўтмасдан, энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллик шодиёнасини катта тантана билан ўтказяпмиз.

Шундай фурсатда Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий отасидан ривоят қилган ҳадис ёдга тушади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Буни қарангки, ҳар куни миллионлаб юртдошларимиз мана шундай осудаликда, шукроналикда тонг оттиради. Демак, Аллоҳ таоло элимизга ўзининг неъматларини барокотли қилиб бермоқда. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг халқимизга берган раҳмати-ю марҳаматидандир. Бу кунларга фақат ва фақат шукроналар айтмоқ жоиз.

Таъкидлаш лозимки, ҳар йили мустақиллик шодиёналарини нишонлар эканмиз, бир бор ортга назар ташлаб. эришилган натижаларни сарҳисоб қиламиз. Бу борада агар диний соҳага эътибор қаратилса, Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида Президентимизнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари, ҳаётбахш ташаббуслари билан юртимизда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича катта ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз.

Бинобарин, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига қаратилган ислоҳотлар муқаддас ислом дини улуғлаган фазилатлар – бағрикенглик, саховат, силаи раҳм, мурувват, яхшилик каби солиҳ амалларга ҳамоҳанглиги билан ибратлидир.

Маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида Президентимиз томонидан бир қатор илғор ташаббуслар илгари сурилди.

Ушбу ташаббуслар замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори мужассам. Шу негизда мамлакатимизда муборак динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Бу заминнинг ҳар қарич тупроғида азиз-авлиёлар, улуғлар ётибди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Насафий каби буюк аждодларимизни бутун дунё билади, эъзозлайди. Бугун олиб борилаётган ислоҳотлар ана шу улуғ зотларнинг илмий-маърифий ва маданий меросига ҳурматни ифодалайди.

Ушбу заминда улғайиб, ўз илмий фаолиятлари ҳамда асарлари билан мусулмон олами ва умумбашарият тамаддунига ҳисса қўшган алломалар, мутафаккирлар меросини ўрганиш, уни келажак авлодларга етказиш, илмий ва маънавий мерос акс этган қўлёзмалар, осори-атиқалар воситасида ислом динининг тинчликпарварлик, инсонийлик ва бунёдкорлик моҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва бир қатор илмий марказлар ташкил қилинди.

Шу билан бирга, диний таълим йўналишига алоҳида эътибор қаратилиб, таълим муассасаларига қабул квоталари бир неча баравар оширилди. Янги учта диний таълим даргоҳи – Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий мадрасасига асос солинди. Яна бир муҳим жиҳат. Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Мазкур илм-фан масканларида буюк аждодларимизнинг бой мероси ўрганилиши ва тадқиқ этилиши баробарида, уларнинг давомчилари бўлган етук олимлар етишиб чиқади, инша Аллоҳ. Шулар қаторида турли ҳудудларда ҳадис, калом, ақида, тасаввуф, фиқҳ илмий мактабларининг фаолияти йўлга қўйилгани диний-маърифий соҳада янги тараққиёт босқичи бошланганидан даракдир.

Бундан ташқари, кейинги беш-олти йилда юртимиз бўйлаб қад ростлаётган кўркам ва шинам масжидлар ҳақида сўз юритмасликнинг иложи йўқ. Чунки бугун нафақат шаҳар марказлари-ю туманларда, балки олис ҳудудлардаги масжидлар ҳам замонавий қиёфага кириб, намозхонлар учун барча шарт-шароитга эга бўлиб бормоқда. Биргина Қорақалпоғистон Республикасининг олис ва чекка ҳудудларида 13 та янги масжид иш бошлаганининг ўзи ҳам фикримиз тасдиғидир. Сўнгги 5-6 йилда бундай масжидларнинг 70 таси янги очилди, 400 дан ортиғи қайта бунёд этилди, 500 таси эса таъмирланди. Пировардида, бундай обод масжидларимиз сони 2 минг 100 дан ошди. Янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда.

Бу ўзгаришлар қаторида диний идора қошида Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими ташкил этилиб, ўлкамизда илк бор 21 та “Қуръони карим ва тажвид” курси фаолият бошлаганини алоҳида тилга олмоқ даркор. Шу кунга қадар бу ўқув курсларида 30 минг нафар юртдошимиз таълим олиб, Қуръони карим қироатидан дастлабки сабоқларини тамомлади. Яна минглаб фуқаролар айни кунларда Қуръон курсларида таълимни давом эттирмоқда. Яна бир жиҳат, Қуръони каримнинг айрим сура ва жузларини мукаммал ўзлаштирган аҳли илмларга мазкур бўлим раҳбари Шайх Алижон қори томонидан ушбу қисмларга ижоза бериш амалиёти ҳам жорий қилинди. Шунингдек, масжидларда муаззинларнинг азон айтиш маҳоратларини яхшилаш бўйича ҳам алоҳида курслар очилгани кўплаб юртдошларимизнинг диний таълимнинг бошланғич сабоғини мукаммал олишига замин бўлди.

Мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш борасида сўз кетар экан, ҳаж ва умра ибодатларини ташкил этиш ҳақида алоҳида тўхталмоқ жоиз. Чунки кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва топшириғи асосида умра квотаси олиб ташланиб, биргина жорий йилнинг биринчи ярим йилида 40 минга яқин юртдошларимиз ушбу зиёратни адо қилиб, юртимизга қайтди. Ҳаж ибодатини бажариш квотаси ҳам бу йил олдинги йиллардагига нисбатан бир неча баробар оширилиб, 7 мингдан 12 минг нафарга етказилди. Бу борадаги ижобий ўзгаришлар яна давом этмоқда.

Таъкидлаш керакки, кейинги 5-6 йилда масжидларимиз чин маънода маърифат масканига айланиб бормоқда. Олдинлари ҳафтада бир марта – жума куни маълум мавзу асосида мавъиза қилишга рухсат берилар эди. Ҳозирда ҳар куни 5 маҳал намознинг исталган вақтида ваъз-насиҳат қилиш имкони бор. Бундан унумли фойдаланган имом-хатибларимиз вақтли намозларда жамоатга илмий суҳбатлар қилиб, аҳолининг диний-маърифий билимларини мустаҳкамлашга ва уларнинг барча саволларига жавоб беришга ҳаракат қилмоқда.

Шу билан бирга, аҳолининг кундалик ҳаётдаги шаръий масалалар бўйича мурожаатлари ҳам инобатга олиниб, идора қошида Фатво маркази фаолияти йўлга қўйилди. Эътиборли жиҳати, бу марказ шу вақтгача бир бўлим сифатида иш юритар эди. Аҳоли мурожаатларининг кўплигини инобатга олиб, бўлим алоҳида марказга айлантирилди. Айни дамда замонавий Фатво марказида аҳолининг саволларига тезда жавоб берадиган “Call-марказ” ва бир қатор интерфаол хизматлар фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, яқинда Президентимиз томонидан “Имом Бухорий” орденини таъсис этиш тўғрисидаги муҳим ва тарихий ҳужжат имзолангани халқимизни чексиз қувонтирди. Унга кўра, “Имом Бухорий” ордени икки даражадан иборат бўлиб, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени ҳамда “Имом Бухорий” орденидан иборат. Ушбу орденнинг тарихий аҳамияти шуки, шу вақтга қадар диний уламоларнинг узоқ йиллик самарали ва машаққатли меҳнатларини тақдирлайдиган бирор-бир хос орден ёки медал йўқ эди. Мазкур орденнинг таъсис этилиши давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Албатта, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси динимиз ривожи, халқимизнинг диний-маърифий билими юксалишига, уларни рози қилишга, мўмин-мусулмонлар талаб-истакларини қондириш ва ёшларимизни комил инсон этиб тарбиялашга қаратилгандир.

Умуман, ислом динининг асл моҳиятини, унинг тинчликпарварлик, инсонпарварлик ва эзгуликка асосланганини ҳар томонлама мукаммал намоён этиш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг ҳар бири муҳим аҳамиятга эга.

Бундай ўзгариш-у янгиликлардан қувониб, Аллоҳга беҳад шукроналар айтишимиз даркор. Зеро, Қуръони каримда: “Ва Роббингиз (сизга): “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман”, дея марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло, барчамизни кўп шукрона айтадиганлардан қилсин, мамлакатимизда дин ва эътиқод эркинлиги борасидаги эзгу ишларни янада бардавом этиб, бутун дунёда юртимизнинг мақоми ва нуфузини янада зиёда айласин.

 

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022-йил 6-сентябрь, 193-сон

Read 1235 times

Мақолалар

Top