Мақолалар

Саловати шариф айтишнинг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй, фарзанд!

Айниқса, жума куни кўп саловат айтиш керак. Ким жума куни юз марта саловат айтса, Аллоҳ унинг юзта тилак-истагини ўринлатади. Бу тилакларнинг ўттизи дунё, етмиши охират учундир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат этадилар:

«Ҳар кун юз марта саловати шариф келтирган киши маҳшар майдонининг чидаб бўлмас иссиғидан қутилади. Ўша даҳшатли кунда арш соясида мен билан бирга бўлади!».

Ким бир марта саловати шариф айтса, Аллоҳ ўша саловати шариф ҳурматига бир фаришта яратади, у қиёматгача ўша киши учун Аллоҳдан мағфират тилайди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат этадилар:

«Ким менга кунда уч марта саловат айтса, унинг ўша кун қилган гуноҳлари кечирилади!».

Эй, фарзанд!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўп эсламоқ, у зотга кўп саловати шарифлар айтмоқ зарур. Саловати шарифлар айтмоққа давом этган киши хўрланмайди ва қашшоқлик кўрмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат этадилар:

«Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барокат бўлмайди ва қайда бўлса хўрланади. Булар:

1. Менинг номимни эшитганда саловати шариф айтмаган.

2. Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган, рўза тутмаган, таровеҳ намозини ўқимаган.

3. Ота-онаси тирик бўла туриб, уларни хурсанд қилмаган.

 

"Эй фарзанд!" китобидан

Read 2668 times

Мақолалар

Top