Мақолалар

Ижтимоий тармоқларда муҳокама этилаётган имом ноиби чиқишига  РАСМИЙ МУНОСАБАТ

 

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Уч тепа тумани   “Азиз ота” жоме масжиди имом ноиби вазифасида ишлаб келган Воҳидов Мирсобитнинг ижтимоий тармоқлардаги ўзбошимчалик ила кескин чиқиши фуқароларнинг баҳс-мунозаларига сабаб бўлмоқда.

Воҳидов Мирсобитнинг ижтимоий тармоқ орқали имомлик мақоми ва амалдаги қонун-қоидаларга эътибор қилмай, гўёки Ислом дини самосуд қилишга чақириши тўғрисидаги қарашлари аслида динимиз таълимотига зид ва воқеликка нисбатан Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини ифода этмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фуқароларни амалдаги қонунларга зид равишда зўравонликка чақирувчи ҳар қандай чиқишларни қатъий қоралайди ҳамда уларни қонунчилик талабларига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлишга ва тўла риоя этишга чақиради.

Қайд этиш лозимки, диний идоранинг аввал қабул қилинган ва ижрога йўналтирилган ҳужжатларида масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар амалдаги қонунчилик, одоб-ахлоқ қоидалари, меҳнат мажбуриятларига амал қилиш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида диний асосда адоват қўзғатувчи ахборот тарқатмаслик, нохолис ва салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқиш қилмаслик талаблари қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2022 йил 13 сентябрь куни чиқарилган 01/А 128-сонли буйруқда ҳам диний соҳа вакилларининг масжидлар ва диний маросимларда, Интернет тармоғидаги чиқишларида ижтимоий беқарорликка, миллий ёки диний асосда низо келтириб чиқишига сабаб бўлиши мумкин бўлган маълумотларни тарқатмаслик алоҳида таъкидланган эди.

Афсуски, юқоридаги талабларга қарамай,  Воҳидов Мирсобит ўз чиқишида ҳуқуқий-меърий ҳужжатлар талабларини бузиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур йўналишдаги буйруқлари, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларидаги талабларга риоя этмади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан Воҳидов Мирсобитнинг ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакили мақомига зид чиқиши, шунингдек, диний идора ички меъёрий ҳужжатлари талабларини қўпол равишда бузгани ҳамда амалдаги қонунчиликка ҳурматсизликка йўл қўйгани кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2022 йил 19 сентябрь кунги буйруғи билан Воҳидов Мирсобит билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди ҳамда уни эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йил 30 ноябрдаги “Жамоат олдида ва ижтимоий тармоқларда чиқишларни тартибга солиш бўйича” 01А/ 198-сонли буйруғига барча имом-хатиб ва имом ноиблар томонидан қатъий амал қилиниши тўғрисида кўрсатма хати жойлардаги вакилликларга йўлланди. Буйруқнинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳудудларда диний соҳа ходимлари иштирокида такроран тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу имом ноиби чиқиши турлича талқин қилинаётганидан келиб чиқиб таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жамиятдаги тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлигини таъминлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли фаолиятига баъзида учраб турган бундай калтабин чиқишлар соя солмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бугун ахборот маконида диний йўналишида кузатилаётган мураккаб шароит ва турли хуружлар даврида барча имом-хатиблар, ноиблар ва тизим вакилларига аҳоли орасида маърифий Ислом ғояларини кенг тарғиб этиш, тинчлик-осойишталик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, миллатлар ва элатлар ўртасидаги бағрикенгликни, фуқаролар орасида ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш ҳамда амалдаги қонунчиликка қатъий риоя этишни фаолиятнинг устувор йўналишлари эканини яна бир бор эслатади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Read 2566 times
Tagged under

Мақолалар

Top