Мақолалар

Умрага борувчиларга тавсия

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда умра зиёратига бориш йил давомида ҳеч қандай чекловларсиз йўлга қўйилган. Маҳаллалардаги умра учун йиллаб кутиладиган навбатлар ҳам секин-аста барҳам топмоқда. Ҳатто диёримизнинг айрим жойларида “Бормаганнинг бир армони, борганнинг минг армони бор”, дея муқаддас диёрга бориб келган ҳожилар яна бориш ҳаракатида юришибди. Бу жуда яхши. Аммо...

Шу ўринда масаланинг бошқа томонига эътиборингизни қаратмоқчиман. Албатта, умра ибодатини адо этиш учун кишидан жисмоний куч-қувват талаб этади.
Юртимиздан мазкур зиёратга бораётганларнинг аксарияти эса ёши улуғ кишилардир. Шу боис улар сафар чоғида яна ҳам машаққатга дуч келишади, қийинчиликларни танасида ҳис қилишади. Бироқ улар ҳақида юртга қайтгач, фарзандларига айтаверишмайди, гапирса ҳам юмшатиб айтишади.

Сафарга чиққан киши бежиз мусофир, дейилмайди. Бундай кишига рамазон рўзасини кейин тутиб бериш, намозини қаср қилиб ўқиш каби енгилликлар берилган. Чунки мусофирчиликда ўзига хос қийинчиликлар бўлади, бошқа об-ҳаво ва шароит кишига бир қанча мушкулликлар туғдиради.

Таъкидлаш жоиз, умра сафарига борган киши, аввало, ҳужжат ва пулларини эҳтиёт қилиб юриши лозим. У-бу нарса сотиб олиш учун сўмни бошқа валютага алмаштириши керак. Муқаддас жойларга боргандан сўнг ибодат масканларига адашмасдан бориб келиши зарур. Шу каби кўзга кўринган қийинчиликлар бор. Бундан ташқари, ёшлар учун кичик, аммо катталар учун мушкул бўлган ишлар бисёр.

Тўғри, эллик нафар зиёратчига бир нафар гуруҳбоши тайинланади. Бироқ у нима бўлганда ҳам бир киши-да. У бутун гуруҳга масъул, уларга йўл-йўриқ кўрсатади, амалларни бажариш тартибини, дуоларни ўргатади, муборак жойлар тарихини сўзлаб беради. Керак бўлса, ўзи билан бирга бирор кишини аравада ё қўлтиғидан суяб олиб юриши мумкин. Бундан оғринмайди. Чунки бу унинг вазифаси. Лекин ҳаммага ёрдам беришга жисмонан имконияти етмайди. У бирор тадбир қўллаб, ёши улуғ одамларни гуруҳдаги ёшроқ зиёратчиларга бириктириб қўйиши мумкин. Аммо ёш зиёратчилар ҳам баъзи гуруҳда узоғи билан беш ё ўн нафардан ортмайди. Қолаверса, аксарият ёш зиёратчилар ота-онаси ё аҳли аёли билан боради. Уларнинг хизмати ҳам етарли бўлади. Биз зиёратчи ёшлар бу ишларни кўнгилли равишда қиляптими ё оғринибми, бу жиҳатига тўхталмадик.

Хуллас, муборак зиёрат давомида ҳар ким ўзини эплашга ҳаракат қилиши лозим. Бўлмаса, у ўзининг ё бошқаларнинг ибодатига путур етказиши мумкин.
Бундан ташқари, ёши улуғ кишиларимизнинг аксари қийинчилик даврларида яшашган ва ҳар бир нарсани тежаб ишлатиш ўрганишган. Бу муборак сафар давомида ҳам кўзга ташланади. Масалан, баъзи кексалар ўзининг юки оғир бўлса ҳам, уни ўзи кўтаришга ҳаракат қилади ёки ён-атрофидаги ёшлардан илтимос қилишади. Лекин у ёшларнинг ҳам юки оғир ўзиникини зўрға эплаётган бўлиши мумкин. Ваҳолангки, у ерда пулга хизмат кўрсатувчи ҳаммоллар ҳам бор. Уларга пул бериб ишлатишга оғринишади. Юк кўтарганда ўзига бирор нарса бўлиши, гуруҳдан қолиб кетиши ё доим ёшларга илтимос қилса улар ҳам оғриниши ё уларга ҳам қийинчилик туғдириши мумкинлигини ўйлашмайди. Шу боис ёши улуғларимизга бу борада керакли ўринларда пул сарфлайверинг, дея қаттиқ тайинлаб, қўшимча пул бериб қўйишимиз керак.

Хулоса ўрнида агар ёши улуғ ота-онангиз ё бошқа яқинларингизни умра ё ҳаж ибодатига жўнатмоқчи бўлсангиз, ўзингиз ҳам бирга боришга ҳаракат қилинг. Шунда уларга янада кўп яхшилик қилган бўласиз.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

Read 3421 times

Мақолалар

Top