Мақолалар

Қандли диабетни ўлчаш учун қўлга ёпиштириладиган махсус мослама ҳақида фатво

 Яқинда Иордания фатво ташкилоти[1] (Доиратул ифто Ал-Урдунийя) томонидан қандли диабетни ўлчашда фойданиладиган замонавий электрон мосламага оид фатвоси эълон қилинди[2]. Унда таъкидланишича, мазкур фатво ташкилотига қуйидагича савол келиб тушган: 

 

Савол: Баъзи қандли диабет билан оғриган беморлар қондаги қанд миқдорини билиш учун махсус мосламани қўлларига ёпиштириб оладилар. Ушбу мосламанинг шакли худди инсон терисига ўхшаган юпқа нарса бўлиб, қондаги қанд миқдорини тез ўлчаш имконини беради. Шу мосламани қўлга ёпиштириб олинган ҳолда таҳорат ва ғуслнинг ҳукми қандай бўлади?”. 

Ушбу саволга Иордания фатво ташкилоти уламолари шундай жавоб беришган:

 

“Жавоб: Aллоҳга ҳамдлар бўлсин, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Шариатнинг умумий қоидасига кўра, таҳорат аъзолари (юз, қўл, бош ва оёқ)га сувни етказиш фарз амал саналади. Aллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ

“Эй, имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювингиз)!” (Моида сураси, 6-оят).

Агар жароҳат устига бирор нарса боғланса ёки синган жойга тахтакач қўйилса, унинг устидан масҳ тортиш мумкин бўлади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, боши ёрилган бир киши эҳтилом бўлиб қолиб, ғусл қилади, жароҳатидан сув кириб, вафот этади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бунинг хабари етганда, У Зот: “Жароҳатига бирор латтани сиқиб (ёки боғлаб) олиб, таяммум қилиши, жароҳат устига масҳ тортиб, қолган аъзоларини ювиши кифоя эди”, дейдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Беморнинг қонидаги қанд миқдорини ўлчайдиган, қўлга ёпиштириб олинадиган, терига ўхшаш жиҳознинг ҳукмига келсак, агар беморнинг ҳолати – қонидаги қанд миқдори кескин пасайиб, тўсатдан ҳушидан кетишга олиб келадиган, бемор ҳаётига хавф туғдирадиган ўткир кўринишда бўлса, мазкур мослама жабира ҳукмида бўлади. Ундан  фойдаланиш зарурат бобидан ҳисобланади. Зеро, жонни сақлаш бешта зарурат[3]дан бири бўлиб, уни муҳофазаси шаръан вожиб саналади. Уламолар:

"مَا لَا يَتِمُّ الوَاجِبُ إلَّا بِهِ فَهُوَ وَاجِبٌ"

“Вожиб амал нима нарса билан мукаммал бўлса, ўша нарса ҳам вожибдир”, дея таъкидлаганлар. Қондаги қанд миқдоридан тезкор хабардор бўлиб туриш – беморга тўғри ташхис қўйиш ва даволаш имконини беради. Шунинг учун ғусл ёки таҳорат пайтида жиҳоз устидан масҳ тортиш  жоиз бўлади.

Уламолар ўлимга олиб келмайдиган хасталик ҳолатларида ҳам жабийра ёки бинт боғлашга рухсат берганлар. Балки моликий мазҳаби фуқаҳолари бош оғриғини йўқотиш учун бирор нарса ёзилган қоғозни бошга қўйиб, устидан масҳ тортишни жоиз дейишган.

Имом Дардирнинг “Шарҳул-Кабир” китоби (1-жуз, 163-бети)да келтирилишича: “Aгар ярани ювишдан қўрқса, масҳ тортади, агар масҳ тортишга қодир бўлмаса, устидаги боғлами ёки тахтакачига масҳ тортади. Синган тирноқ устига, гарчи боғлам ҳалол нарса бўлмаса ҳам, зарурат юзасидан унинг устига масҳ тортса бўлади. Бош оғриғи ва шунга ўхшаш ҳолатларда чаккага ёпиштирилган қоғозга масҳ тортилса бўлади” (Иқтибос тугади).

Қондаги қанд миқдорини кўтарилиб-тушишини даволашда тезкор ташхис лозим бўлмаган ҳолатларда мазкур мосламани терига ёпиштириб олиб, унинг устига масҳ тортишда шаръий узр йўқ. Шунинг учун таҳорат ёки ғусл пайтида уни олиб ташлаш керак бўлади. Валлоҳу аълам”.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази бош мутахассиси

Абдулатиф Турсунов

тайёрлади

 

[1] Иордания фатво ташкилоти (Доиратул ифто Ал-Урдунийя) 1921 йилда Иордания Ҳошимийлар Қироллигида ташкил этилган бўлиб, илк кундан бошлаб фатволар чиқаришда Усмонийлар даврида амалда бўлган ҳанафий мазҳабини асос қилиб олинган. Кейинчалик, фуқаролар ҳаётида янги масалаларнинг пайдо бўлиши ва масалаларнинг кўплиги сабабли айрим ҳолларда бошқа фиқҳ мазҳабларнинг манбаларидан фойдаланишга ҳам қарор қилинган. Шунга кўра, ушбу фатво ташкилоти орқали тўрт мазҳаб уламоларининг мўътабар манбаларига суянган ҳолда фатво эълон қилиб келинади (тарж.дан).

[2] Манба: https://www.aliftaa.jo/Question2.aspx?QuestionId=3635#.Yx7pyXZByUm

[3] “Бешта зарурат”дан мурод – беш муҳим нарса – дин, жон, ақл, насл ва молни асраш, муҳофаза қилиш тушунилади. Ушбу бешта нарсанинг муҳофазаси Ислом шариатининг мақсади (“Мақосидуш-шариа”) ҳисобланади (тарж.дан).

Read 1937 times

Мақолалар

Top