Мақолалар

Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени танимайсизми?

Бир мўмин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳеч эҳтибор бермадилар. Шунда у: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мендан хафамисиз?” деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ”, дедилар.

“Нега менга қарамаяпсиз?” деб сўради ҳалиги одам.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чунки сени танимайман!” деб жавоб бердилар.

“Нега танимайсиз? Мен сизнинг умматингизман. Ҳолбуки, олимларнинг айтишича, сиз ҳар бир умматингизни она ўз фарзандини танигандан ҳам яхшироқ танир экансиз”, деди у.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уламолар тўғри айтишган. Лекин мен сенда менинг гўзал ахлоқимдан бирон аломат кўрмаяпман ва сенинг менга ҳеч салавоту саломинг келмади. Менинг умматимдан бирини танишим ахлоқимнинг унда қай даражада борлигига ҳам боғлиқ”, дедилар.

Одам уйғонганда тушини ўйлади ва шу онданоқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларини ўз ҳаётига татбиқ этишга киришди. Бир муддат ўтгач, такроран Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрди. Пайғамбаримиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энди танидим”, дедилар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2037 times

Мақолалар

Top