Мақолалар

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ: ТАНИҚЛИ ШАХСЛАРНИ НИҚОБ ҚИЛГАН ФИРИБГАРЛАР!

⚡️Ижтимоий тармоқларда таниқли шахслар, машҳур брендлар ёки “ҳалол” ёрлиғидан фойдаланган ҳолда пул мукофоти бериш ё ютуқли ўйин ўтказиш кабиларни ниқоб қилиб, фирибгарлик қилувчи веб-сайтлар ҳаволаси кўпайиб бормоқда.

❗️Мазкур маълумотлар ёлғон ва ҳақиқатга мутлақо мос келмайди. Фуқаролардан бу каби сохта ҳаволаларга кирмасликни сўраб, уларни виртуал фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирамиз. Шундай ҳавола ёки ботларга кирган кишиларнинг электрон манзилига асоссиз хабарлар юборилмоқда ёки шахсий маълумотлари ўғирланмоқда. Оқибатда, айрим инсонлар моддий-маънавий зарар кўрмоқда. Ўтган йилда 2700 нафар юртдошимиз онлайн алдовларнинг қурбонига айлангани аччиқ ҳақиқат.

?Афсуски, кун сайин шундай фириб ишлар, ўзгалар молини ноҳақ ейиш каби иллатлар жуда авж олмоқда. Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ таоло бундайларга инсоф берсин.

✅ Аввало, ҳар бир инсон ўзи бундай ёлғон-яшиқ, алдамчи рекламалардан эҳтиёт бўлиши керак.
? Расул алайҳиссалом: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деганлар. Демак, мўмин киши эҳтиёткор ва фатонатли бўлади. Шунингдек, у фаҳмли бўлиб, осон алданмайди, заковатли бўлади.

? Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртдошларимиздан шундай “фейк-ёлғон” хабарларга алданмаслик, шубҳали веб-сайтлар ҳаволаларига кирмаслик, шахсий ва муҳим маълумотларни бегона шахсларга бермасликни сўрайди.

#ЭҲТИЁТ_БЎЛИНГ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Read 1518 times

Мақолалар

Top