Мақолалар

Нафснинг турлари (1-қисм)

Билингки, инсон нафси учга бўлинади: нафси мутмаинна, нафси лаввома ва нафси аммора.

Нафси мутмаинна – ором топган қалб, Аллоҳ таолонинг Робби эканига мустаҳкам ишонч ҳосил қилган, Аллоҳнинг ваъдаларига сидқидилдан ишонган, Унинг ҳар бир сўзи ҳақлигини тасдиқлайдиган, Роббининг берган ҳар бир синовига сабр билан чидаган қалб.

Бу иймон келтирган нафсдир, охиратда Аллоҳ уни шарманда қилмайди, унинг амаллари китоби ўнг қўлига топширилади ва унинг юзи оппоқ, ёруғ юзлардан бўлади. Бундай нафс яхши-ёмон, фойда-ю зарарнинг барчаси илоҳий тақдир эканига бўйсунади.

Аллоҳ таоло Ўзининг ваъдаларига қатъий ишонган ва Унинг розилигини яхши амаллар билан қозонишга интилган нафсга бундай ишора қилади:

﴿يَٰٓأَيَّتُهَا ٱلنَّفۡسُ ٱلۡمُطۡمَئِنَّةُ ٢٧ ٱرۡجِعِيٓ إِلَىٰ رَبِّكِ رَاضِيَةٗ مَّرۡضِيَّةٗ ٢٨﴾

"Эй, хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт!" (Фажр сураси, 27-28-оятлар).

Нафси лаввома – гуноҳкор нафс, яхши ва ёмон ишлари учун ўзини доимо танбеҳлайди, қувончда ҳам, қайғуда ҳам сабр қилмайди, ҳар доим ўзидан норози. У ўзини тинмай танбеҳ қилиб: “Нега мен бундай қилишим керак? Буни бошқача қилиш керак эди!" Бу нафснинг ўзи яхши ҳам, ёмон ҳам эмас. Шунчаки у ҳеч қачон ўз-ўзидан қониқмайди.

Танбеҳ қилувчи (маломатчи) нафс имкониятларни қўлдан бой бергани учун ўзидан жуда хафа бўлади ва ўз ҳаракатларидан ҳеч қачон қониқмайди. У яхши иш қилса: "Кўпроқ қилишим керак эди!" дейди. Гуноҳ иш қилганида эса: “Нега шундай қилдим?!" деб афсусланади.

Aллоҳ таоло бундай маломатчи нафс билан қасам ичиб:

﴿وَلَآ أُقۡسِمُ بِٱلنَّفۡسِ ٱللَّوَّامَةِ ٢﴾

"Ва маломатчи нафс билан қасам (қиёмат куни қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсиз)! (Қиёмат сураси, 2-оят).

Нафси аммора – ёмонликка буюрувчи нафсдир. Aллоҳ таоло Юсуф алайҳиссалом ҳақларидаги сурада бундай марҳамат қилади:

﴿۞وَمَآ أُبَرِّئُ نَفۡسِيٓۚ إِنَّ ٱلنَّفۡسَ لَأَمَّارَةُۢ بِٱلسُّوٓءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّيٓۚ إِنَّ رَبِّي غَفُورٞ رَّحِيمٞ ٥٣﴾

"Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи зотдир" (Юсуф сураси, 53-оят).

Қолаверса, Aллоҳ таоло бундай нафс ҳақида қуйидаги икки оятда бундай марҳамат қилади:

﴿وَأَمَّا مَنۡ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِۦ وَنَهَى ٱلنَّفۡسَ عَنِ ٱلۡهَوَىٰ ٤٠﴾

"Аммо, кимки Роббисининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса…" (Назиат сураси, 40-оят).

﴿أَفَرَأَيْتَ مَنِ اتَّخَذَ إِلَهَهُ هَوَاهُ وَأَضَلَّهُ اللَّهُ عَلَى عِلْمٍ وَخَتَمَ عَلَى سَمْعِهِ وَقَلْبِهِ وَجَعَلَ عَلَى بَصَرِهِ غِشَاوَةً ٢٣﴾

"(Эй, Муҳаммад!) Ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни (азалдан гумроҳ бўлишини) билган ҳолда адаштириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми?" (Жосия сураси, 23-оят).

Ҳавойи нафс кўзга кўринмайдиган маъбуд бўлиб, у қулоқни ёпиб, кўзни тўсиб қўяди. Ёмонликка буюрувчи нафс шайтондан кўра хавфлироқдир. Чунки шайтоннинг макри заифдир. Аллоҳ таоло Иблис ҳақида шундай дейди: “...магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди”, (Бақара сураси, 34-оят). Кибр эса нафсдан содир бўлади.

Aллоҳ таоло бу нафснинг ёмон ишларга мойиллигини, яхшиликлардан узоқлигини бошқа оятларда ҳам зикр қилган.

Aбу Ҳурайрадан Aбу Салама, Салама ибн Куҳайл, Шаъба ва Суфён, Aбу Осим, Aҳмад ибн Ҳусайн ибн Aбон, Aбдужаббор ибн Сирин ва Aли ибн Aмр розияллоҳу анҳу орқали етиб келган ҳадисда бундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам алайҳиссалом яратилган лой (бало) бахтсизлик, ҳаво ва шаҳват билан аралашган эди", дедилар.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿وَجَٰهِدُواْ فِي ٱللَّهِ حَقَّ جِهَادِهِۦۚ … ٧٨﴾

"Аллоҳ (тоати йўли)да ҳаққоний жидду жаҳд қилингиз!" (Ҳаж сураси, 78-оят).

Яъни, нафсингизни тийиб туринг, ўткинчи, бўш орзу ва истаклар сари югуриб кетишига йўл қўйманг!

Aбу Aбдураҳмон ас-Суламий бошқа бир асарида бундай дейди: “Одамлар шаҳидлик деганда фақатгина жанг майдонида ўлим топишни тушунадилар. Ҳолбуки, ҳақиқий шаҳидлик нафсга бўйсунмаслик ва унинг истагига қарши чиқишдир".

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Read 6678 times

Мақолалар

Top