Осмонга қизил бўёқ чаплаётган қуёшнинг тоғ ортига шошаётгани мени ҳам тезроқ қўнимгоҳимга етиб олмоққа чорлади. Баланд, ҳашаматли бинолардан кўра кўча томон бўртиб чиққан қоялар азиз инсонларнинг муборак қадамлари етган жойлар эканиданми, машина ойнасидан ортга қарашга мажбур қилади.
Безовталигимни аллақачон пайқаган таксичи машинасини тезлатиб бошқаларни бирин-кетин ортда қолдира бошлади. Мадинаи мунаввара ҳавосидек мулойим одамлари ҳар бир ҳожининг кўнглига қараб муомала қилади, айниқса, уларнинг тилида гапириб қўйсангиз араб тупроғидек кулранг юзида ажиб табассум аломатлари пайдо бўлади:
– Ҳожи, қаерликсиз?
Араб тилида бурро тилимни дилимдан ўтаётган ҳисларга созлаб, хаёлимга келган жонажон юртим соғинчи мени гапиришга шоширди. Улуғ манзилларда юрибман-у, барибир, юрт туйғуси шу сўзни дона-дона қилиб айтмоққа ундагандир балки:
– Мен шундай жойданманки,... у ерда ҳадис илмининг султони туғилган...!
Не-не ҳожиларни кўрган бу араб таксичи учун Каломуллоҳдан сўнг иккинчи улуғ манбани тўплаган муборак зотнинг юртидан келган мен каби зиёратчиларни этагидан ўпса арзимайдими? Албатта арзийди-да!
Тоғ ортига яширинаётган қуёшнинг ортидан таъқиб қилгандек моҳир таксичи машина тезлигини ўзгартирди. Унинг хотиржамлигидан машҳур бобокалонимизни билмаса керак деган ўйда қасдма-қасдига оғзимни сўзга жуфтладим:
– Ўзлари қай юртдан бўладилар?
– ...
Биз тобора яқинлаб бораётган бинолар ичидан қўнимгоҳимизни танидим. Атрофда таралаётган оҳанг одамлар оқимини бир ўзанга солиб баланд минорали майдонга йўналтирганда, хотиржам араб таксичи саволимга жавоб бериб қолди:
– Мен шундай жойданманки, ... у ерда икки олам сарвари туғилган...
– ...!!!
Т. АЗИМОВ
Тошкент ислом институтининг “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси