Мақолалар

“Қирғизбой” масжиди ҳақида биласизми?

Ўзбекистон масжидлари туркумидан

 

Тарихи

Андижон вилояти Булоқбоши туманида жойлашган “Қирғизбой” масжиди тарихий маскан бўлиб, 1904-1912 йилларда қуриб битказилган. Масжиднинг бир асрдан зиёд давом этган фаолияти даврида янги хонақоҳлар қурилиб, саҳни анча кенгайтирилган, қўшимча бинолар қурилган.

Масжидни қурилишида фаол бўлган Қирғизалибой ҳозирги “Ғиштхона” қабристони атрофидаги Қашқар маҳалласида истиқомат қилган. Булоқбоши қишлоғининг бадавлат кишиларидан бўлган Йўлдошбой ҳожининг ўғли бўлган.

1904 йилда Булоқбоши қишлоғида яшовчи фуқаролар, аҳли илмлар ўзаро машварат қилишиб, “Ғиштхона” қабристони ёнида қишлоқ аҳолиси учун масжид қуришга қарор қилишади. Йиғилиш қатнашчилари масжид қурилишига уддабурон, тадбиркор, ишбилармон Қирғизалибойни иш юритувчи, ташкилот раҳбари сифатида сайлайдилар.

Номланиши

Қишлоқ аҳолисининг астойдил ҳаракатлари ва ҳар томонлама кўрсатилган беминнат ёрдамларнинг самараси ўлароқ 1912 йилга келиб янги масжид биноси ишга тушган. Маҳалла аҳолиси билан маслаҳатлашилган ҳолда янги масжид биносига шу масжид қурилишида энг кўп хизмат қилган Қирғизалибойнинг номи берилишини ҳамма бир овоздан маъқуллаган. Янги қуриб битказилган масжид Қирғизалибой шарафига “Қирғизбой” деб номланган.

Мустабид даврида

Бироқ, ҳали унча кўп фаолият юритмаган масжид шўролар даврининг қатағон йилларида бошқа мадраса ва масжидларда ҳам  кузатилгани каби аҳволи аянчли тусга кирган. Минг афсуски, бу даврда кўпгина мадраса ва масжидлар бузиб ташланган ёки қаровсиз аҳволга тушиб қолган эди.

Қишлоқ совети раҳбарлари “Қирғизбой” масжидини бузиб ташлаш мақсадида юқори ташкилотларга масжид намоз ўқиш учун яроқсиз ҳолда, деб ёлғон шикоят хатлари ёзишган. Юқоридан келган вакиллар масжид аҳволини ўрганиб, шикоятлар асоссиз эканлигини исботлаб беришган. Қишлоқ аҳолиси номидан бир гуруҳ аҳли илм домлалар масжидни бузмоқчи бўлган колхоз раҳбарларига масжидни бузмасдан, омборхона сифатида ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкинлигини маслаҳат беришган. Шундан кейин “Қирғизбой” масжидининг бир қисми омборхона ва гаражга айлантирилган.

Қайта очилиши

1945 йилларда Мулла Умрзоқ домла бир гуруҳ кишилар билан масжидни очиб беришни сўраб ёзилган талабнома билан Андижон қозиси мулла Нўъмонжон ҳожи ҳузурига боришган. Бу талабномани ҳал қилиш мақсадида мулла Нўъмонжон ҳожи мулла Умрзоқ домла билан Тошкентга бориб, муфтий Эшон Бобохон ҳазратларига халқ номидан ёзилган талабномани топширади. Муфтий ҳазратлари талабномани атрофлича ўрганиб чиқиб, Булоқбоши қишлоғидаги “Қирғизбой” масжидини қайта очишга рухсат берган. Шундай қилиб, 1946 йилда “Қирғизбой” масжиди қайта очилди.

Қўшимча бинолар қурилиши

Намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида 1958-1959 йилларда масжид ёнига қўшимча хонақоҳ қурилган. 1979 йилда дарвозахона ҳамда кутубхона биноси қурилиб, ишга туширилган. 2004 йилда эса хонақоҳ олдига қўшимча айвон ва болохоналар қурилган.

Булоқбоши қишлоғида аҳоли зич яшайди. Жума намози кунлари, айниқса, Рамазон ва Қурбон ҳайити байрам кунлари намозхонлар масжид биносига сиғмай, масжидга қўшни уйларда, ҳатто кўчаларда намоз ўқишига тўғри келар эди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, масжидга қўшни бўлган икки хонадон эгалари билан маслаҳатлашилиб, уларнинг розилиги билан масжид ҳовлисига қўшиб олинди ҳамда хонадон эгаларига томорқа олиниб, ҳар бир хўжаликка 3-4 хонадан иборат яшаш учун уй-жой ва қўшимча бинолар ҳашар йўли билан қуриб берилган.

Масжид янги биноси қурилиши

Шундан сўнг янги масжид биноси қурилиши учун керакли бўлган барча ҳужжатлар, лойиҳа-смета тайёрланди. Ниҳоят 2013 йил 7 июн куни масжиднинг тарихий биноси сақланиб қолган ҳолда, янги масжид биносининг қурилиши бошланди. Кўпчиликнинг меҳнати билан қурилиш ишлари 2014 йил март ойида якунига етди.

Очилиш маросими

Очилиш маросимида ўша пайтда вилоят бош имом-хатиби бўлган Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари иштирок этиб, Булоқбоши халқини янги масжид биноси очилиши билан табрикладилар. Ўша йилнинг 24 мартида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам “Қирғизбой” масжидига ташриф буюриб, туман аҳолисини янги масжиднинг фойдаланишга топширилгани билан табриклаб, дуо қилдилар.

Қўшимча бинолар қурилиши

Шунингдек, 2014 йилнинг куз ойларида янги бинонинг ён томонига ва 2015 йилнинг ёз ойларида янги масжид биносининг олд қисмига 28х20 ўлчамдаги очиқ айвонлар қуриб битказилди. 2021 йилда барча қулайликларга эга, замонавий 70 ўринли таҳоратхона ишга туширилди. Шунингдек, иккита янги дарвоза қурилди ҳамда бурғулаш усули билан артезиан қудуғи қазилиб, сув чиқарилди. 

“Қирғизбой” масжидининг дастлабки қурилган ҳонақоси ҳозирги кунда маданий мерослар рўйхатига киритилган. Масжид ҳозирги кунда бир вақтнинг ўзида 2000 нафар намозхонни ўз ичига сиғдира олади. Масжидда иккита минора бўлиб, ҳар бирининг баландлиги 8 метрни ташкил қилади.

Масжид манзили: Уч кўча МФЙ Пешқадам кўчаси, 10-уй. Локация манзили: 40.624112, 72.505862

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими

Read 2360 times

Мақолалар

Top